Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қуритилган мевалар хорижга экспорт қилинмоқда
123
Бугунги кунда катта суръатлар билан ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини ошириш, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш мақсадида давлатимиз томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 7 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори бунга мисол бўла олади. Эндиликда қишлоқ хўжалиги, кийим-кечак ва трикотаж маҳсулотларини хорижга автомобиль ва ҳаво транспорти орқали экспорт қилинганда ҳам транспорт харажатларининг 50 фоизгача қисмини давлат бюджетидан қоплаш учун субсидия ажратилади.

Албатта, бугунги кун пандемия шароитида ўз фаолиятини давом эттирган экспортёр корхоналар республика иқтисодиётининг салмоқли ўсишига ўз ҳиссасини қўшаётганлиги энг катта ютуғимиздир.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан ана шундай экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида кечаю-кундуз хизмат йўлга қўйилган.

Барчамизга маълумки, республикамиз экспортёрлари томонидан турли хил маҳсулотларнинг экспорти йўлга қўйилган бўлиб буларнинг ичида қуритилган мева маҳсулотларининг бозори чаққон.

Ўзбекистоннинг қуруқ мева ва ёнғоқ маҳсулотларининг сифат хусусиятларини Осиё иқлими белгилайди.  Табиатимиз муъжизакор, ёзимиз иссиқ ва ёмғирсиз, зеро, иқлим қанча иссиқ бўлса мевалар ҳам шунча ширин бўлади. Яна бир ўзига хос ва энг асосий жиҳати – Ўзбекистон қуруқ меваларининг табиий усулда қуритилишидир, бу витамин ва микроэлементларни сақлаб қолиш имконини беради, натижада етиштирилаётган маҳсулотларнинг сифати ташқи кўриниши ва таъмини сақлаб қолади.  

Ана шундай экспортёр корхоналардан бири Самарқанд туманида фаолият олиб бораётган “Samred trade” масъулияти чекланган жамияти меваларни қайта ишлашга ихтисослашган корхонасидир.

Корхона цехлари Туркия ва Бельгиянинг илғор технологиялари асосида жиҳозланган бўлиб, соатига 4 тонна маҳсулотни қуритиш имконияти мавжуд.

Йилига 4 минг тоннагача қуритилган қароли, майиз ва туршак тайёрланмоқда. Маҳсулотларни Россия, Польша, Руминия, Латвия ва Беларусь давлатларига жўнатмоқдамиз. Ўтган йили 4 миллион АҚШ доллар миқдорида маҳсулот экспорт қилишга эришган бўлсак, бу йил бу кўрсаткични 4,5 миллион АҚШ долларига етказишни режалаштирганмиз. 2020 йил 1 май ҳолатига кўра 800 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулотларимизни экспорт қилишга эришдик, ҳозирги кунда корхонамизда 120 нафар ишчи меҳнат қилмоқда, – дейди жамият иш бошқарувчиси Сирожиддин Қурбонов.

Корхона томонидан шунингдек, истеъмолчиларга маҳсулотларни изчил етказиб бериш, халқаро савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва ташқи бозорда ўз ўрнини эгаллаш, хужалик юритишнинг замонавий илғор усулларидан фойдаланиш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, маҳсулот экспортини янада оширишга хизмат қилади деган умиддамиз.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар томонидан  жорий йилнинг 4 ойи давомида хорижий давлатларга 93,57 млн. АҚШ доллари қийматидаги товарлар экспорт қилинган бўлиб, вилоят божхоначилари томонидан  жами 3 457 та божхона юк декларациялари экспорт божхона режимига қисқа муддатларда расмийлаштирилиб берилди.

Бунда товарларнинг экспорт ва импорт расмийлаштирув жараёнларини тезлаштириш, чегарада ҳаракатланаётган юклар ҳакида олдиндан маълумот олиш, юклар чегарада туриб қолмаслигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумот тариқасида таъкидлаб ўтиш жоизки, тадбиркорларга янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Самарқанд” ТИФ божхона пости биноси Самарқанд тумани “Қайнама” ҚФЙ “Ўзбеккент” маҳалласидан ўтувчи Тошкент-Бухоро-Туркменабад йўналишидаги “М-37” автомагистрал йўлининг ёқасида жойлашган бугунги кун талабига жавоб берадиган ҳар томонлама замонавий бинога кўчирилди.

Бинода барча шароитлар яратилган бўлиб, барча хоналар оптик толали кабель ва интернет тармоғи билан таъминланган. Бундан ташқари, пост ҳудудида “очиқ” турдаги божхона омбори ҳам мавжуд.

Кўриб турганингиздек, дунёга кенг тарқалган пандемия карантин шароитида ҳам божхона ходимлари карантиннинг барча талабларига риоя қилган ҳолда фидокорона хизмат олиб бормоқдалар.

21.05.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг