Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Долзарб мавзудаги матбуот анжумани бўлиб ўтди
1109
Давлат божхона қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек соҳадаги турли янгиликлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Долзарб мавзудаги матбуот анжумани бўлиб ўтди

Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига мазкур фармон мазмун-моҳияти юзасидан Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Бахтиёр Раҳимов ахборот берди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 5 июнда имзоланган «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-6005-сонли фармони асосида божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, “рақамли божхона”ни шакллантириш, божхона ишида халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ишлари изчиллик билан давом эттирилади.

Ушбу Фармон билан умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни жорий этиш ҳамда янги илғор инновацион услубларни қўллаган ҳолда божхонани соддалаштирилган шаффоф тизимга айлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди ҳамда янги таркибий тузилмалар ташкил этилди.

 Мазкур Фармон соҳада ислоҳотларнинг янги бир даврини бошлаб бергани, шубҳасиз.

Зеро, Фармонга биноан эндиликда 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси ва мазкур концепцияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Концепцияда 2020 – 2023 йилларда ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тартиб-тамойиллар ҳамда божхона органлари фаолиятини ислоҳ этишнинг 7 та қуйидаги асосий йўналишлари белгилаб олинди:

  • божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;
  • божхона органлари фаолияти ва инфраструктура объектларини ривожлантириш;
  • рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари шаффофлиги ҳамда фаолияти самарадорлигини таъминлаш;
  • божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштириш, ТИФни тарифли ва нотариф тартибга солишни соддалаштириш;
  • контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш;
  • божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакаси ва салоҳиятини янада ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
  • халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш.

Шунингдек, Фармон билан:

- 2020 йил 1 августдан, темир йўл транспорти ташкилотлари божхона органларига ўзларининг ахборот тизимларини божхона органларининг ахборот тизимларига интеграциялаш орқали божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида тақдим этишлари;

- 2020 йил 1 сентябрдан, “Ягона дарча” божхона ахборот тизими чегара божхона постларида жорий этилиши белгиланди.

Шу билан бирга, 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб:

  • божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунга қисқартирилиши;
  • Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизими автомобиль чегара божхона постларида жорий этилиши;
  • божхона назоратининг муқобил турларини қўллашни кенгайтириш орқали товарларни кузатиб бориш ҳолатларини қисқартириш;
  • транспорт воситаларини вақтинчалик олиб киришда ташувчига реал вақт режимида электрон шаклда вақтинчалик олиб кириш муддати тугашидан олдин вақтинчалик олиб кириш муддатини узайтириш ва тегишли йиғимни тўлашни амалга ошириш имконияти тақдим этилиши;
  • “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида маҳсулотни чиқариш меъёрини идентификациялаш ва баҳолаш услубияти тадбиркорлик субъектининг ўзи томонидан ишлаб чиқилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–5953-сон Фармони билан тасдиқланган Давлат дастури ижроси бўйича Давлат божхона қўмитаси тузилмасида божхона аудити ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш бўйича алоҳида таркибий тузилмалар ташкил этилди.

Мазкур тузилмаларни ташкил этиш орқали божхона органларининг “Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали “кўк йўлак”ка йўналтирилган ҳамда шартли равишда эркин муомалага чиқарилган товарлар устидан самарали назоратни амалга ошириш, шунингдек, чегара ўтказиш пунктларидаги давлат назорати функцияларини соддалаштириш, самарадорлигини ошириш мақсадида давлат назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришга эришилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тузилмасида умумий штат бирликлари доирасида:

  • Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси этиб;
  • Божхона экспертизаси ва ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш бошқармаси Ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси бошқармаси этиб қайта ташкил этилди ва қўшимча вазифалар юкланди.

Эндиликда Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси таркибида Божхона аудити бошқармаси ва Вазиятлар Маркази ҳамда Халқаро ҳамкорлик бошқармаси қошида Интеграция жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича янги тузилма ташкил этилади.

Божхона аудити – товарлар чиқариб юборилгандан сўнг божхона назоратини ўтказиш тартиботларини амалга оширишни назарда тутса, Вазиятлар Маркази - божхона идораларидаги умумий вазиятни ўрганиш ва тирбандликларнинг вужудга келишининг олдини олишга йўналтирилган.

Шу билан бирга, Давлат божхона қўмитаси Ахборот коммуникация технологиялари бошқармаси томонидан “Хавфни бошқариш” ААТ ёрдамида хавфи юқори бўлган товар ва транспорт воситалари ёки ТИФ иштирокчилари доирасида эркин муомалага чиқарилган товарлар доирасида божхона назоратидан кейинги текширувни амалга ошириш учун “Божхона аудити” автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш мақсад қилинган.

Маълумот учун, Товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назорати шакли бўлмиш божхона аудити, АҚШ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларида божхона назоратининг асосий шакли ҳисобланади. Шунингдек, у Япония, Жанубий Корея ва Хитойда ҳам кенг фойдаланилади.

Халқаро амалиётда, божхона назоратининг ушбу шаклидан фойдаланиш қуйидаги афзалликларни бермоқда:

  1. Товарлар чиқариб юборилганидан кейин, хавф принциплари доирасида уларни комплекс текшириш имкониятининг мавжудлиги, товарларни божхона чегарасига кириб келиши ва божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнидаги назорат тадбирларини қисқартиришга олиб келади.
  2. Мазкур назорат шакли бевосита декларацияда кўрсатиб ўтилган товарнинг қиймати, келиб чиқиш мамлакати ҳамда ТИФ ТН кодини тўғри белгиланганлигини аниқлашга қаратилганлиги сабабли, бу каби номувофиқликлар товарларни божхона омборларида қолиб кетишини олдини олади. Аудит доирасида улар тасдиқланса, камомад ундириб олинади.
  3. Ушбу назорат шакли божхона органи томонидан ёппасига текширувдан қочиб, аниқ бир товар гуруҳини ўрганишга йўналтиради.
  4. Тадбиркорлик субъектларига нотўғри декларациялаш ҳолатлари юзасидан ихтиёрий мурожаат қилинганида, жавобгарликни озод қилиш даражасигача олиб келади.

Шу билан бирга, Божхона кўриги далолатномасини мобиль илова орқали расмийлаштиришни амалга ошириш тизими жорий этилади.

Анжуманда, юкни етказиб бериш назорат китобчасини транзит божхона юк декларацияси билан алмаштириш амалиёти ҳамда “Е-TRANZIT” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилиши хусусида ҳам сўз борди.

Соҳада амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар товарлар  назоратини чегарада эмас, балки юклар кириб келишидан олдин ёки мамлакат ичкарисида эркин муомалага чиқарилгандан кейин амалга ошириш тизимини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига кенг қулайликлар яратади.

13.06.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг