Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Ҳалоллик вакцинаси” У қандай эмланади?
427
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномада “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”, деб таъкидлади.

Бу Ватани­миз тараққиётини жадаллик билан олға суриш учун коррупция илдизларига болта уриш, ҳар бир одам ўз олдига ҳалолликни бош вазифа қилиб қўйиши лозимлигини, ҳалол бўлмаган одамларни мажозий маънода, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш зарурлигини англатади. Хўш, “ҳалоллик вакцинаси” нима ва у қандай эмланади?

Назаримизда, “ҳалоллик вакцинаси” инсон қалбига игна билан эмас, иймон нури орқали ўтиб, унинг виждонини поклайди. Ҳар қандай инсонга қондан ва она сути орқали “ҳалоллик вакцинаси” сингиб боради. Де­мак, инсон ҳалол бўлиши учун унинг иймони бутун бўлиши лозим. Ҳар бир одам ўз ишини ҳалол бажарса, у “ҳаллоллик вакцинаси” билан эмланган бўлади. Ана шундай иммунитетни шакллантириш вазифаси аввало ота-оналар, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари, шунингдек, халқимизнинг зиёли, маънавиятли қисми зимма­сига юкланади.

Иймонли одам ҳаром луқма, бировнинг ҳақини ейишдан, ҳаром ишлар қилишдан тийи­лади, чунки унинг виждони поклиги бунга йўл қўймайди. Ва албатта, у ота-онаси, қариндош-уруғлари, халқи ва Ватани учун фидойилик билан ҳалол меҳнат қилади, ҳалол луқма то­пиб, фарзандларига едиради.

Минг афсуски, яқин вақтгача “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмаган одамлар порахўрликка, таниш-билишчиликка берилиб ке­тиши натижасида коррупция ҳолатларига йўл қўйишди. Бу ҳолат, барча соҳаларда бўлгани каби, таълим муассасаларига кириб кели­ши кечирилмас ва ачинарли ҳолат саналади. Олий таълим муассасаларида таниш-билиш­чилик, тоға-жиянчилик асосида ўқишни бити­риб, диплом олган мутахассис, яна шу асосда ишга жойлашиб ҳам оларди. Илмни пухта эгал­ламаган  “мутахассис”дан нимани ҳам кутиш мумкин. Бундайлар ишлайдиган соҳа оқсайди, ривожланиш бўлмайди, охир-оқибатда жами­ятни ботқоқликка қараб тортади.

Шу сабабли Президентимиз тавсияси асо­сида мактабларда “Тарбия” фанини ўқитиш йўлга қўйилмоқда. Бизнингча, тарбия фани­нинг асосини иймон ташкил этиши керак. Фар­зандларимиз иймон нима, нима ҳалолу, нима ҳаром эканлигини яхши билишмайди? Чунки, бундай илмлар мактабларда ўқитилмайди. 5-синфдан бошлаб, ўқувчиларга тарбиянинг бир қисми бўлган ҳалол ва ҳаромнинг, са­воб ва гуноҳнинг моҳиятини ҳаётий мисол­лар орқали сингдириб боришимиз керакка ўхшайди. Биз айрим ҳолларда, болаларимиз бирор ножўя иш қиладиган бўлса, “бундай қилма, ёмон бўлади”, деймиз-у, нега ёмон бўлишининг моҳиятини тушунтирмаймиз ёки тушунтира олмаймиз. Шу сабабли, “Тарбия” фани ўқитувчиларининг ўзларини ҳам қайта тайёрловдан ўтказиш, уларнинг ҳам диний, ҳам ҳуқуқий дунёқарашларини шакллантириш, иймонларини мустаҳкамлаш лозим. Аввало, бу фанни ким, қайси мутахассислик эгаси ўқитиши мақсадга мувофиқлигини аниқлаш керак.

Бизнинг таълим тизимиз бошқа давлатлардан энг асосий фарқларидан бири бу албатта таълим ва тарбиянинг ёнма ён юриши ҳисобланади. Буни муҳимлигини бобомиз Абдулла Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”– дея таъкидлаган.

Тарбия бир кунлик эмас, балки бир умрлик жараёндир. Аслида биз улкан миллий ва диний қадриятларга, миллий урф-одатларга эга бўлган буюк халқмиз. Миллатимизда азал-азалдан иймон, эътиқод, виждон, диёнат, ор- номус, шарм-ҳаё, уят, инсоф, орият, андиша, ғурур, ифтихор, шижоат, сабр-тоқатлилик, бағрикенглик, меҳмондўстлик ва ҳалоллик каби инсонийлик хислатлари шакллантирилган. Бу хислатларнинг барчаси бизнинг миллий қадриятларимиз ва маънавиятимиз саналади. Шу сабабли, биз уларни сақлашимиз, ривож­лантиришимиз ва фарзандларимиз қалбига доимий сингдириб боришимиз зарур.

Коррупцияни ҳозирги кунгача ҳеч қандай жазо, ҳеч қандай хавф олдини ололмаган. Бунинг ягона йўли – “ҳалоллик вакцинаси”. Яъни, ҳалоллик инсоннинг онгу шуурида бўлиши лозим. Уни эса пайдо қилиш керак бўлади. Йилнинг номида “маърифат” сўзи иштирок этаётгани ҳам шундан. Очкўзликни, ебтўймасликни фақат маърифат билан енгиш мумкин-да. Миллатнинг юзлаб йиллар давомида йиққан билими, тажрибаси, маънавий қадриятлари, албатта, “ҳалоллик вакцинаси”ни пайдо қилиш учун етарли бўлади.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, биз фуқароларимизга ёшлик чоғидан тортиб то улғайгунча ҳалоллик борасидаги тарбияни уларнинг онгига сингдира олишимиз керак. Шундагина биз юртбошимиз таъкидлаган даража эришcак ажабмас.

Мирзаакрам Қодиров

Божхона институти Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультети

“Тил ва психологик тайёргарликни ривожлантириш”

маркази ўқитувчиси

 

15.06.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг