Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Гиёҳвандлик – аср вабоси
1714
26 июнь - Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни. Айни кунларда юртимиз бўйлаб кенг равишда “Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги” ўтказилмоқда. Ойлик доирасида ўтказиладиган тарғибот-ташвиқот тадбирлари яна бир карра кенг жамоатчилик эътиборини ушбу глобал муаммога қаратиш, унинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга хизмат қилади.
Гиёҳвандлик – аср вабоси

Ўзбекистон Республикаси гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги ўз мажбуриятларини тўлақонли бажаришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўз ортидан бошқа қора иллатларни ҳам етаклаб юрадиган гиёҳвандлик балосига қарши курашишда юртимизда мустаҳкам ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз 1995 йил февраль ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1961 йилдаги “Наркотик моддалар тўғрисида”ги Ягона Конвенцияси, 1971 йилдаги “Психотроп моддалар тўғрисида”ги ҳамда 1988 йилдаги “Гиёҳвандлик воситалар ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияларига аъзо бўлган.

Бундан ташқари, 1999 йилда  Ўзбекистон Республикасининг «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинган бўлиб, мазкур қонунга мувофиқ гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга зид равишда муомалада бўлишнинг ҳар қандай кўринишларига қарши жиноий жавобгарлик белгиланган.

Мамлакатимизда гиёҳванд моддалар савдоси ва истеъмолига қарши кескин чоралар кўрилаётган бўлса-да, бугун гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши энг хатарли ва долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Гиёҳфурушлар янги усул ва найрангларни қўллаб, заҳри қотилни сотиш ҳаракатларини давом эттиришмоқда. Улар манфур мақсадларини амалга ошириш йўлида ҳали дунёқараши шаклланмаган, ўзгалар таъсирига тушиб қолишга мойил ёшлар умрига зомин бўлишмоқда.

Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликда божхона органлари томонидан ҳам трансмиллий наркогуруҳларнинг қонунга зид фаолиятини аниқлаш ва чек қўйиш, контрабанда каналларини ёпиш, гиёҳванд ўсимликлар майдонларини йўқ қилиш ва гиёҳвандлик иллати ёйилишининг олдини олиш бўйича махсус комплекс операциялар мунтазам равишда амалга оширилмоқда.

Жумладан,Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Қуйичирчиқ туманида ўтказилган тезкор тадбир фуқаро Х.А.нинг дала ҳовлисида соф оғирлиги салкам 7,2 кг. марихуана, 167 дона илдизсиз ҳолдаги “каннабис” ўсимлиги, шунингдек, оғирлиги  салкам 2,48 гр. бўлган “ёғ аралашмали марихуна” борлиги аниқланди.

Яна бир тезкор тадбир давомида Келес шаҳри марказий стадиони яқинида турган “Матиз” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси фуқаро Х.Ш. тезкор гуруҳ ходимлари яқинлашаётгани пайқаб қолиб, автомашинасидаги 39 480 дона “Трамадол ланнахер 50 мг.” дори воситаси жойлаштирилган қутини ерга улоқтириб, қочишга уринган вақтида қўлга олинди. 

Шунингдек, қўшни давлат фуқароси Ф.М. намуна сифатида олиб келган марихуана гиёҳвандлик воситасини фуқаро А.Х.га  бераётган вақтида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан  қўлга олинди. Тезкор тадбир давомида фуқаро А.Х.нинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, ушбу шахс ўз яшаш уйида 655,44 грамм марихуана ва 1 туп наша ўсимлигини сақлаб келаётганлиги аниқланди.

Яна бир ҳолатда,“Бошпочтампт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан фуқаро У.Р. номига хориждан юборилган почта жўнатмаси белгиланган тартибда назоратдан ўтказилганида, декларацияда кўрсатилган “CD 3” ва “Books” товарлари ўрнига 414,76 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди.

Мазкур божхона пости ходимлари томонидан фуқаролар С.И. ва А.А. номига юборилган почта жўнатмаларида ҳам таркибида психотроп моддаси мавжуд бўлган 130 дона "Acamol” номли ва  "Xanagis" , 670 дона "Бротизолам Тева" ва  "Бондормин " номли дори воситалари борлиги маълум бўлди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш керак-ки, гиёҳвандлик фақатгина унинг домига тушиб қолган шахснинг фожеаси эмас, балки жамият равнақига ҳам­да юрт тараққиётига болта урувчи офатдир. Шундай экан, ушбу мудҳиш иллатга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг, балки ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимизга айланиши шарт.

Наргиза Юнусова Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати ходими

Ёқубжон Ўктамов Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори

 

23.06.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг