Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Гиёҳвандликка қарши биргаликда курашамиз
1785
Бугун юртимизда катта ўзгаришлар, ислоҳотлар олиб борилаётган, ёшлар жамият ҳаётида тобора фаоллашиб, ўз ўрнига эга бўлиб бораётган бир вақтда афсуски, айрим иродаси суст ёшларимиз гиёҳвандлик балосига ружу қўяётганликлари барчамизни ташвишга солади.

Зеро, соғлиқни йўқотиш, айниқса, гиёҳвандликка мубтало бўлиш инсон ҳаётини тубдан издан чиқарибгина қолмай, балки инсоният генофондига ҳам улкан хавф туғдиради.

Аср вабоси деб аталаётган бу иллат нафақат инсон жисмини хароб қилади, худди шундай жамиятга ҳам мислсиз даражада зарар етказади, тинч-тотув яшаётган оилаларни бузади, болаларни етим қилади, муҳтожлик, қашшоқлик, жиноятчилик, касалликда яшашга мажбур қилади. Оқибати эса, кундек равшан...

Шунинг учун ҳам гиёҳвандликка қарши курашиш дунё миқёсидаги глобал муаммолардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам бу офатга қарши курашиш изчил йўлга қўйилган.

Бу борада таркибида наркотик моддалар мавжуд ўсимликларни экиш ҳолатларини аниқлаш, қўшни давлатлардан юртимиз ҳудудига айланма йўллар орқали гиёҳвандлик воситаларининг кириб келишига чек қўйиш мақсадида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳуқуқни  муҳофаза қилувчи бошқа органлар ҳамкорликда ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтказилаётган кенг қамровли тадбирлар давомида ўтган 2019-2020 йилнинг шу кунига қадар гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жами 14 та жиноят иши қўзғатилган ҳамда умумий миқдори 1691,11 граммни ташкил этган наркотик воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасидаги наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига оид маълумотлар таҳлили ҳозирги кунда республикамизда янги турдаги психофаол воситаларнинг кенг тарқалиши кузатилмоқда.

Энг ачинарлиси шундаки, наркотик моддалар ноқонуний айланишига ўсмир ёшларнинг жалб этилиши ҳолатлари давом этмоқда, наркотиклар билан боғлиқ жиноятга ёшларни жалб этиш ачинарлидир.

Ўз ўрнида гиёҳвандликка қарши курашиш борасида, вилоят божхона бошқармаси томонидан мунтазам равишда турли профилактик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, бошқа манфаатдор идоралар вакилларини жалб қилган ҳолда, олий ўқув юртлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида “Гиёҳвандлик аср вабоси”, “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” мавзусида тезкор-профилактик учрашувлари ўтказилиб борилган. Тадбирлар давомида ёшларга гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишлари ўтказилган.

Олиб борилаётган ушбу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – аҳоли, айниқса, ёшларимизни гиёҳвандликнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш, халқимизнинг соғлом турмушини таъминлашдир. Ушбу эзгу мақсадга ҳар бир Ватандошимиз ўз ҳиссасини қўшиши, гиёҳвандликка қарши биргаликда курашиш миллатимизнинг соғлом келажагини таъминлайди.

Жасурбек ФАЙЗУЛЛАЕВ,

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

бошлиғи ўринбосари

23.06.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг