Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Гиёҳвандлик - аср вабоси
160
Гиёҳвандликни ҳеч иккиланмасдан инсоният олдида турган энг катта муаммолардан бири дейиш мумкин. Афсуски унинг кўлами катта рақамларда ўз ифодасини топмоқда. Масалан БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармасининг ҳисоботларига кўра, дунё бўйлаб 35 миллионга яқин одам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ касалликлардан азият чекмоқда ва даволанишга муҳтож.
Гиёҳвандлик - аср вабоси

Биргина 2017 йилда эса гиёҳвандлик моддаларини инъекция шаклида қабул қилган 11 млн одамдан 1,4 млн нафари ОИВ билан 5,6 млн нафари гепатит С билан касалланган.

Ушбу рақамларнинг ўзиёқ гиёҳвандлик инсоният учун қай даражада хавфга айланганлигини англатади.

Шифокорларнинг фикрича, гиёҳванд моддалар инсоннинг юқори асаб тизимини қўзғатиб, ишдан чиқаради. Шундан кейин, беморнинг умри ҳам руҳий ҳам жисмоний жиҳатдан завол топиб боради.

Маълум бўлишича, наркотик моддалар истеъмолининг ҳам ўзига хос хусусиятлари бор ва бу қайсидир жиҳатдан алкоголизмга ҳам ўхшаш бўлади. Бироқ, хавфлилик нуқтаи-назаридан улар орасидаги фарқ катта. Шундай қилиб, гиёҳванд модда кишида қуйидаги сифатларни шакллантирар экан:

- биринчидан, гиёҳвандда заҳри қотилни топиш ва истеъмол қилиш учун кучли  истак бўлади ва вақт ўтган сари бу истак янада кучайиб боради;

- иккинчидан, гиёҳванд ҳар гал қабул миқдорини кўпайтириб боришга мажбур бўлади;

- учинчидан, кишида ҳаётга, оилага, ишга бўлган қизиқиш буткул йўқолиб, унинг фикр-у зикрини гиёҳванд моддаси эгаллайди. Бошқача қилиб айтганда у ўз асири ҳаётининг “мазмуни”га айланади.

Умуман олганда гиёҳвандликда ҳаммаси бир татиб кўришдан бошланади. Бироқ, унга боғланиб қолиш учун ўша бир марта татиб кўришнинг ўзи етарли бўлади. Шунинг учун ҳам, гиёҳвандликка қарши кураш давлат орган ёки ўша йўналишда фаолият олиб борувчи шахслар эмас балки бутун инсоният вазифасидир.

Бу борада жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор ишлар амалга оширилаётганлигини ҳам айтиб ўтиш лозим. Масалан,  БМТ Бош Ассамблеясининг  1987 йил 7 декабрда қабул   қилган резолюциясига  биноан 26 июнь Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни дея эълон қилинган.

Юртимизда ҳам наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш мақсадида бир қатор амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва улар прекурсорларининг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш марказини ташкил этиш тўғрисида битимни (Остона, 2006 йил 24 июль) ратификация қилиш ҳақида”ги, “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинган.

Бироқ, қонунлар амалда ўз ифодасини тўлақонли топиши учун юқорида таъкидланганидек барча бирдек курашиши, бу каби офатлар бутун инсоният келажагига хавф солишини чуқур англаш лозим.

Огоҳ бўлинг, зеро барча иллатлар бепарволик ва эътиборсизликдан бошланади.

26.06.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг