Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Фармон тарғиботига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
295
Қарши шаҳрида жойлашган “Журналистлар уйи”да вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти ҳамда масъул ходимлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сонли Фармони мазмун-моҳияти, фармон ижроси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олишда божхона органлари ходимларига юклатилган вазифалар ҳамда уларнинг ижроси бўйича матбуот анжумани ташкил қилинди.
Фармон тарғиботига бағишланган матбуот анжумани  бўлиб ўтди

Матбуот анжуманида вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари барча карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда иштирок этишди.

Тадбир иштирокчиларига вилоят божхона бошқармаси Божхона назоратини ташкил этиш бўлими бошлиғи О.Қодиров мазкур Фармон божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш, божхона органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш, “қоғозсиз ва электрон божхона”нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган “рақамли божхона”ни шакллантириш, божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишни жадаллаштириш мақсадида қабул қилинганлиги бўйича ахборот берди.

Анжуманда таъкидланганидек, ушбу Фармон билан 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси ва мазкур концепцияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Мазкур Концепциянинг мақсади товар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиш учун максимал қулай шароитлар яратиш, божхона операцияларини амалга ошириш вақтини қисқартириш, амалга оширилаётган операцияларни автоматлаштириш ва илғор технологияларни, шунингдек халқаро меъёр ва стандартлар, хорижий давлатларнинг энг яхши тажрибаларига мувофиқ ишлашнинг янги усулларини жорий этиш ҳисобланади.

Бугунги кунда божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини оширишга, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига кенг имкониятлар очилишига, шу билан бир қаторда юртимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади десак муболаға бўлмайди.

Тадбирда иштирокчилар соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоблар олишди.

Матбуот анжумани сўнггида  иштирокчиларга, божхона соҳасига доир мурожаатлар ва саволлар мавжуд бўлган тақдирда, Давлат божхона қўмитасининг қисқа “11-08”  рақамли ишонч телефонига, шунингдек бошқарманинг “(75) 221-04-80” рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

1.07.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг