Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Буюкларга эҳтиром
1672
Буюкларга эҳтиром

Ўзбек муҳтож эмас ўтрикка, аммо

Жаҳон минбарида ўқий олур дарс.

Киминг бор, деганда бировдан асло

Буюк инсонларни олмагаймиз қарз.

Абдулла Орипов

 Заҳматкаш ва бардошли Она халқимиз учун синовли кечаётган шу кунларда коронавирусга қарши курашиш бўйича давлат рабарининг олиб бораётган халқчил сиёсати, республика махсус комиссиясининг қарорларига кўра юртимизда ўрнатилган карантин қоидалари орада бироз енгиллашгандек бўлганди.

Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан барпо этилган маънавият ва маданият ўчоғи - “Адиблар хиёбони”га ташриф буюрдим. Зиёратни ўтганлар ва тимсоли шу ажойиб гўшада мангу қўним топган халқимизнинг суюкли фарзандлари, адибу фузалолар ҳаққига тиловатдан бошладим. Бинобарин, алломаларни зиёрат қилиш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш бизга боболаримиздан мерос албатта. Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий бобомиз айтганларидек,

Бировким қилса олимларга таъзим,

Қилур гўё Пайғамбарга таъзим.

Ҳадис ўлмиш Набийдан бўйла ҳадис,

Ки олим келди Пайғамбарга ворис.

Ҳақиқатдан ҳам мен учун қадрдон бўлган мазкур боғ кутганимдан ҳам зиёда масканга айланган. Чунки, ҳаётимдаги олтин давр - талабалигимнинг асосий паллалари гўзал шаҳримизнинг Бешёғоч мавзеида ўтган. Боғдаги иқлим, ажойиб муҳит, экилган гуллар-у, ўрнатилган ҳайкаллар ва уларнинг салобатидан юракларим ҳапқириб кетди.Буларнинг барчаси оқибатли халқимизнинг ўз эрки, тили ва тақдири йўлида жон куйдирган, дунё тамаддуни, жаҳон маданияти ва илму фани, Она тили ривожига самарали ҳисса қўшиб, ўзбек -деган бой тарихга эга, камтар миллатни улуғлаган,Ватан ва Миллат тушунчаларини муқаддас тутган, ор-номусни баланд ушлаган фарзандларига кўрсатган эҳтироми сифатида гавдаланди. Зеро, улар уйғоқ юрак исёни, шу куннинг ҳаваси билан яшадилар, юрт жамоли, эрки учун жон фидо этишга тайёр эдилар.

Хабаримиз бор, “Адиблар хиёбони”нинг барпо қилиш режаси 2017 йилда давлатимиз раҳбарининг мазкур боққа ташрифи давомида белгиланган
ва хиёбоннинг меъморий-ғоявий лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Шу асосида
8 гектардан ортиқ майдонда яхлит зиёрат маскани яратилди. Навоийнинг муҳташам ҳайкали атрофи ғоявий-бадиий жиҳатдан бойитилиб, атрофига 20 дан зиёд атоқли шоир ва адибларнинг ҳайкаллари мантиқан ўйланган ҳолда жойлаштирилиб, яхлит хиёбон шакллантирилган.Хиёбонга туташ ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси биносининг барпо этилгани ҳам ўзаро уйғунлик ва ҳамоҳангликни таъминлаган. Бу ҳам ҳозирда ижод қилаётган адабиёт ва илм аҳлига руҳий қувват ва мадад бағишламоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсатидан асосий ўрин олган миллат тили, тақдири, ғурури ва ор-номусини юксалтириш орқали унинг нуфузини кўтариш, одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш кераклиги бекорга белгиланмаган.Шу боис, аждодлар меросини ўрганиш, буюк халқимизга ва маданиятимизга муносиб адабиёт яратиш, Она тилимизнинг амалий мавқеини янада юксалтириш учун ҳамма шароитлар яратилмоқда.

Хиёбон маҳобатини кўриб, ўзимда шу элнинг, шу юртнинг фарзанди эканлигимдан, шу жаннатмонанд заминда туғилганимдан, энг аҳамиятлиси буюк адибларимизнинг айримлари билан замондош бўлганимдан, баъзилари билан шахсан учрашиб, дуолари-ю, қўлбитикларини олганимдан ўзимда фахр ва ифтихор туйғусини ҳис қилдим.

Хиёбонда савлат тўкиб турган адибларимизнинг салобатли ҳайкалларига боқиб, уларнинг нафақат адабиётимиз, халқимиз тараққиёти, маданияти, урф-одатлари ва қадриятлари ривожига сермаҳсул ҳисса қўшганликлари, истиқлолимиз йўлида жон фидо қилганликлари ёки ўзларини шунга бағишлаганликлари билан бир қаторда, халқимизнинг ғурур-ифтихори, ор-номуси ҳисобланган Она тилимиз ривожига қўшган салмоқли улушларига ҳурмат ўрнида кўрдим.

Тил ва адабиёт ҳақида ўйлар

Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир

Исҳоқхон Ибрат

“Адиблар хиёбони”да зиёратида ўтказган қисқа вақтим, жудаям оз фурсат бўлсада мен учун ниҳоятда кенг таассуротлар қолдирди. Фикрларим, инсон учун энг олижаноб, жуда нафис қушлар ҳисобланмиш қалдирғочлар парвози мисоли қувончли ва беғуборликка шўнғиб, мени узоқларга етаклади.

Ҳар бир миллат бахту пешонасига саноқли улуғ фарзандлар туғиладики, улар Ҳақ берган теран ақл-идроки, ибратли ахлоқ-одоби, комиллиги, чексиз билим-салоҳияти, ғайрат-шижоти, мислсиз иродаси ва бошқа бетакрор хислатлари билан ўз халқининг ҳамда туғилиб ўсган заминининг фахру ифтихорига айланишини халқимизнинг мисолида тарих исботлаб қўйибди.

“Ўтмишда ўлкамизни босиб олган турли ёвуз кучлар бизни аввало ўз тилимиздан, тарихимиз ва маданиятимиздан, дину диёнатимиздан жудо қилишга қайта-қайта уриндилар. Улар эл-юртимиз бошига қандай азоб-уқубатлар, кулфат ва мусибатлар солгани тарихдан яхши маълум. Аммо жасур ва матонатли халқимиз ҳар қандай оғир синовларда ҳам ўз озодлиги ва истиқлоли учун мардона курашди. Бу йўлда беҳисоб қурбонлар берди. Ҳар қандай зулм ва зўравонликларга қарамасдан, ўз она тилини — миллий ғурурини сақлаб қолди. Нафақат сақлаб қолди, балки уни ҳар томонлама ривожлантириб, бугунги авлодларга безавол етказиб берди”.

Шавкат Мирзиёев

Ўйга толдим, хиёбонда ҳайкаллари ўрнатилган, тилимизни бизга безавол етказиб беришга ҳисса қўшган асл ўғлонлар - адибларимизнинг рўйхати кўз олдимга келди. Рўйхатни ўзбек адабиётининг асосчиси, шоирлар ва фасоҳат султони, она тилимиз заргари, маънавиятимиз юлдузи, маданиятимизнинг ёрқин тимсоли, ўзбек тилшунослигига доир биринчи қомусий асар муаллифи, атоқли давлат арбоби, тасаввуф илмининг билимдони ва назариётчиси Ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг бошқариб турганлиги асосли албатта. Чунки, Навоийнинг буюк зотлиги шундаки, унинг тафаккур дурдоналари бўлмиш боқий сатрлари замонлар оша яшаб келмоқда, унинг бой меросидан нафақат халқимиз, қолаверса дунё ҳамжамияти ўз маънавиятини юксакликка кўтариш, инсоний фазилатларни камол топтириш йўлида қудратли маърифий қурол сифатида фойдаланмоқда. Алишер Навоийнинг ҳайкаллари Антарктидадан ташқари барча қитъалардаги79 та давлатда ўрнатилган. Асарлари дунёнинг 219 та тилига таржима қилинган, унинг бой меросини ўрганишга қаратилган “Навоийшунослик” деб аталган махсус фан мавжуд. Асарлари минтақамиздаги барча республикаларнинг мактаб дастурига киритилган. Қўлёзмалари дунёнинг Россия, Буюк Британия, Туркия, Эрон, АҚШ, Япония, Корея Республикаси, Хитой каби давлатларидаги энг йирик кутубхоналарда сақланмоқда.Шунингдек, Ҳазрат Навоийни ўзига пиру устоз деб билмаган қалам ва илм аҳли бўлмаса керак. Абдулла Орипов таъбири билан айтганда:

Дунёда бирор ном қолдирмоқ учун
Юрт бузиш шарт эмас, деган гап-ку, рост.
Кимдир пеш қилганда найзанинг кучин,
Алишер қаламни кўрсатган, холос.

Кейинги эътиборга молик, ҳар қандай кишини ўзига маҳв этадиган яна бир жиҳат шу бўлдики, хиёбондаги ҳайкаллар орасида ўзбек адабиётини ижобий маънода “ларзага солиб” ижод қилган, адабиётда ўзларининг бетакрор ўрнини қолдирган, энг ҳақиқатгўй, энг халқпарварбетакрор сиймолар - Абдулла исмли халқимизнинг тўрт нафар даҳо адибларининг борлиги бўлди.

Исмнинг инсон тақдирини белгиловчи ва башорат қилувчи илоҳий неъматлиги орқали инсонга кимлигини, қайси миллатга мансублигини эслатиб турадиган миллий ифтихор дея оламиз. Исмда унинг келажаги, бахту иқболи яширинган бўлади. Улар исми жисмига мосликлари туфайли Амир Темурдек саркардаликка эришмаган бўлсаларда, ҳар қандай нарсага танқидий назар билан қараб, эски хурофот нарсаларга ғоятда душманлик билан ёндашиб, заминимизда руҳ мулкининг султонлари даражасига сазовор бўла олдилар.

Абдулла Қодирий ўзбек адабиётида биринчи тарихий роман - “Ўткан кунлар”ни ёзган бўлса, Абдулла Қаҳҳор миллий сўз санъатидаги илк замонавий роман - “Сароб”ни яратган. Абдулла Авлоний Туркистонда биринчилардан бўлиб мактабга география, кимё, геометрия, физика фанлари киритилишига таъсир кўрсатган, таълимни реал турмуш билан боғлашга интилган, дарс соатлари орасидаги танаффусни, синфдан синфга ўтишдаги имтиҳонни жорий этган. Миллатимиз тилининг ёрқин жонкуяри бўлган. Абдулла Орипов ХХ асрнинг иккинчи ярми ўзбек адабиётининг ёрқин намуналари: “Биринчи муҳаббатим”, “Ўзбекистон”, “Баҳор”, “Куз”, “Саратон”, “Муножотни тинглаб”, “Отелло”, “Сароб”, “Денгизга”, “Маломат тошлари”, “Олтин балиқча”, “Юзма-юз” ва бошқа қатор барҳаёт шеърлари қаторида мустақил Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мадҳиясини битиш шарафига муяссар бўлган.
Юрт мадҳиясини битиш ва адабиётнинг йўналишларида биринчи бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди, бу фақат Ҳақ ва халқ назаридаги ижодкорга хосдир.

Бу Абдуллаларнинг кенжаси Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Ориповнинг ҳаёт фалсафаси сифатида ёзган “Исм ҳақида” шеърида ўз аксини топган.

Улуғ отдошларим мақоми юксак,

Мен шогирд эрурман гарчанд аларга.

Ҳар нечук, бир гапни айтмоғим керак:

Осон бўлмаган ҳеч Абдуллаларга.

Шундай ажойиб битиклари билан танилган замондош шоиримиз, юртимиз ва элимизнинг фахру ифтихорига айланиб, китобхоннинг чуқур меҳрини қозонган Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповдир. У ўзбек замонавий шеъриятининг “Навоий”си сифатида тан олинган, ўзбек шеъриятининг орифона қисмини яратган, ноёб истеъдод эгаси, чуқур фалсафийликлик, миллий ғурур, исёнкор руҳ, диний-ахлоқий теранлик фазилатлари соҳиби, ўзбек халқининг миллий уйғониши, ҳурфикрлилиги ва мустақиллиги учун курашган шахс сифатида намоён бўлади. Бой ижоди, адабиётга қўшган ҳиссаси туфайли битта адиб эришадиган ҳар қандай мукофоту қаҳрамонликларга лойиқ деб топилган.Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, “WIPO Creativity Award” олтин медали, Италия юлдузи халқаро шарафли ордени, Ҳамза ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат мукофотлари, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан жаҳон маданияти хазинасига қўшган ҳиссаси учун олтин медални қўлга киритган.

Абдулла Қодирий ўзбек романчилигигига асос солган, юртимиз озодлиги ва мустақиллиги учун курашларда матонат кўрсатган, миллатни ҳурлик ва эркинликка чорлаган, бу йўлдаги бетакрор битиклари орқали истиқлол, Ватан равнақи, озодлигини қўмсаб, унга эриша олмай ёш жонини жонини фидо қилган. У ўзбек адабиётининг улкан намояндаси бўлиш билан бирга ўтган асрнинг 20-йиллардаги муҳим ижтимоий-маданий жараёнларнинг фаол иштирокчиси ҳамдир. Шу сабаб, машъум замон ўзгаришларига мослашмасдан, унга бўйин эгмасдан, ширин жондан ор-номусини устун қўйган. Мардликда ўрнак кўрсатиб, биронта ҳам ижодкору миллатдошига нисбатан қораловчи кўрсатма бермаганлиги боис суд қарорисиз отиб ўлдирилган. У ўзининг қисқа, аммо мазмундор ижодий фаолияти билан халқ эътирофини қозонган.

Абдулла Қодирий тил жонкуяри сифатида майдонга чиқиб, “Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”-дея ботирлик билан ўзбек романчилигига асос солган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Абдулла Қодирийнинг хизматлари ва у яратган бой меросга: “Битта нарсани ҳаммамиз билишимиз керак. Адабиётсиз иқтисодиёт ҳам, маънавият ҳам бўлмайди. Ўзини ҳурмат қилган инсон “Ўткан кунлар”ни бир эмас, бир неча марта ўқиган бўлади. Нега десангиз, уни ўқиган одам ҳеч қачон оилага хиёнат қилмайди, керак бўлса ватанга хиёнат қилмайди”- деган юксак баҳо берган.

Абдулла Авлоний – ўз даврнинг пешқадам зиёлиси, йирик маърифатпарвар, жадидлар таълимотининг фаол тарафдори, шоир, драматург, журналист, олим, давлат - жамоат арбоби, дипломат ва XIX аср охири XX аср бошидаги ўзбек миллий маданиятининг машҳур вакилларидан биридир. У умри давомида илм-маърифат тарқатиш, таълим-тарбия масалалари билан шуғулланди. Таълим тизимининг дунёвий йўналишини кучайтиршига алоҳида эътибор берди. Унинг Терминология қўмитасида ва бир неча нашриётларда хизмат қилганлиги ва Ўрта Осиё давлат университетининг “Тил билими” кафедраси профессори эканлиги ўзбек тилининг фидойиси бўлганлигидан далолатдир. Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур . Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур. Ҳайҳот! Биз туркистонлилар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун кундан-кун унутмак ва йўқотмақдадурмиз. Тилимизнинг ярмига арабий, форсий улангани камлик қилуб, бир четига рус тилини ҳам ёпишдурмакдадурмиз”-деган битиклари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ҳозирда ҳам ўз она тилини четга қўйиб, ўзга тилни ҳимоя қилаётганларга қамчи сифатида қўлланилаётгандек гўё.

Унинг ижоди ғоявий курашлар ғоят кескинлашган даврга тўғри келишига қарамасдан маърифат ва тараққиёт учун курашишини ўзига асосий мақсад қилган. Бу йўлда Ватанга, ўз халқига, унинг тилига, маданиятига муҳаббатни ва унинг учун курашмоқни энг яхши инсоний хулқ ҳисоблаган Айниқса тилнинг мавқеини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратган.

Унинг “Биринчи муаллим”, “Иккинчи муаллим”, “Тарих” номли дарсликлари, “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ”, “Гулистони мактаб”,“Адабиёт ёхуд миллий шеърлар” каби қўлланмалари мактабларда ўқитилган. “Тўй”, “Қурултой”, “Лайли ва Мажнун”, “Икки муҳаббат”, “Адвокатлик осонми?”, “Ўликлар”, “Пинак”, “Биз ва сиз”, “Бўрон”, “Португалия инқилоби” драматик асарлари, “Тулки ва қарға” масали, “Мардикорлар ашуласи”, “Ватан”, “Мактаб”, “Боғча”, “Ялқов шогирд тилидан”, “Тоғлардан бир манзара”, “Миллатга хитоб”, “Ишчилардан тортиқ”, “Кўклам келди”, “Товуш” достонлари, “Ҳасад балоси” ҳикояси ва қатор мақолалари бой мерос сифатида қолган.У ҳам бошқа адиб Абдуллалар сингари ўзи танлаган йўналиш бўйича биринчи бўлган. Абдулла Авлоний ижодида инсон ва тарбия, ахлоқий гўзаллик ва маънавий бойлик ҳақида куйлайди.

Абдулла Қаҳҳор ўзбек тилининг кўрки - нафосатини, ширадорлигини, миллий ўзига хослигини ўзидамужассамлантирган ўзбек ҳикоянавислиги мактабини яратган, адабиётга кириб келгани заҳотиёқ сўз заргарига айланган.  Асарларида “халқнинг тили учида” турган гаплар орқали умумбашарий муаммоларни кўтарган, ҳақиқатни ёзувчи адибдир. Танқидчиларнинг ҳам донишманд устози, танқидда ўзига ва бошқаларга нисбатан шафқатсиз, бировнинг фикри билан яшамаган, бировга қуллуқ қилмаган, юмор ва ҳикматга бой асарлари билан танилган, ўзбек китобхонига Пушкин, Горький, Толстой, Чехов каби кўплаб адибларни ўз она тилида фикрлаш орқали яқиндан таништирган моҳир таржимон ҳамдир.

Бундан ташқари, Абдулла Қаҳҳор туғма истеъдодларни сезиш қобилиятига эга бўлгани боис, ўзбек адабиётига Саид Аҳмад, Шуҳрат, Шукрулло, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов, Носир Фозилов, Озод Шарафиддинов, Шукур Холмирзаев, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари моҳир ижодкорлар ва адабиёт жонкуярларини кашф этиш, уларнинг етуклигини таъминлаш ва етказишга ўзининг самарали ҳиссасини қўшди.

Набижон Боқийнинг “Қатлнома” асарида баён қилинишича Абдулла Қаҳҳор мардлиги сабаб Абдулла Қодирийнинг “Айблов хулосаси”га имзо чекишдан бош тортган, керак бўлса ўлимга ҳам розилигини баён қилиб, ўша машъум замонларда махсус хизматлар тазйиқига учраган. Қодирийнинг 70 йиллиги муносабати билан ўтган тадбирда “Ўзбек элининг севикли адиби Абдулла Қодирий манфаатпараст, мартабапараст одамларнинг чақуви билан сафимиздан юлиб олинган эди” дея қўрқмасдан гапира олган.

Тилимизни қадрлаш - ҳар бир миллатдошимизнинг фарзандлик бурчимиз. Бу масъулият биздан-да кўпроқ тилшуносларга, ижод аҳлига, айниқса адибларнинг ҳам саноқлиларигагина насиб этгани сир эмас. Бундай жонкуяр тил фидойиларининг сафида мана шу тўрт нафар буюк адибларимиз Абдуллалар борлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Уларни сўзга бўлган меҳр, сўз олдидаги буюк масъулият бирлаштирган. Асарларидаги ҳар бир сўзнинг юраги уриб, томирларида қон оқиб, кўзи кўриб, қулоғи эшитишни таъминлаб, сўзга тирикликни ва тириклик руҳини бахш этган. Шу туфайли уларнинг асарларидаги ҳар бир сўз жилоланиб, товусдек товланиб туради. Оз сўз ишлатиб, кўп маъно чиқариш уларнинг бош мақсади бўлгани сабаб, улар яратган асарларни қайта-қайта ўқигинг келаверади. Бу зотларнинг таянадиган тоғи, ишонадиган боғи уни сўзлашга, ўйлаш ва дунёни англашга ўргатган она тилидир. Улар тилнинг руҳи - халқнинг руҳи эканлигини вужуди билан англаганлар.

Миллий тилнинг табиати ва гўзаллигини идрок қилган, уни кўкларга кўтарган, тилнинг нафосати, тил туйғуси ва гўзаллигини теран идрок эта олганлар. Туғма истеъдод ва заҳматли меҳнат орқали тилга жавобгарлик, сўзга жавобгарлик ҳиссини юракдан ҳис қилиб, сўзга жон бағишлаш, уни уйғотиш, ўлик сўзни тирилтиришни ўзларига бош мақсад қилганлар.

Она тилини мукаммал билганликлари, сўз қўллаш санъатининг юқори чўққиларини эгалалаганликлари орқали саёз фикрлар, бачкана ҳис-туйғулардан бутунлай холи беназир асарларидаги халқчил, оддий ва содда сўзлар орқали она тилимизнинг хотирасини мустаҳкамлаш ҳамда ўзбек тилини дунёдаги хотираси энг бой тиллардан бири сифатида мавқеини оширишга самарали ҳисса қўшганлар. Тилимизни пухта, аниқ, соф ва жанговар ўзбек бадиий тили, унитартибга солиш учун кескин курашганлар.

Уларнинг ҳаммаларини ҳам ҳақиқатпарварлик, мардлик, бир сўзлик, соф виждон, камтарлик, камсуқумлик, оддийлик, меҳмоннавозлик, сахийлик, бағрикенглик каби юксак инсоний фазилатлар безаб турган. Асарларининг маънавий-ижтимоий ҳаётимиздаги беқиёс ўрни исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Шу туфайли уларнинг бизга қолдирган бадиий мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бу ҳақиқатнинг ўтмишга, ҳозир ва келажакка баб-баравар дахлдорлиги, қайралган,содда бўлсада ўткир сўзлардан иборатлиги уларнинг боқий ва барҳаётлигини таъминламоқда. Шак-шубҳасиз, уларнинг асарлари китобхонлар онгу тафаккурини бойитишда маънавий куч-қудратга эга бебаҳо мерос бўлиб турибди.

Улар ўзларининг баркамол санъат намунаси бўлган асарларини мукаммал ёзиш учун ўз Ватанини жон дилидан яхши кўрган, ўз халқини ҳар томонлама баркамол кўришни истаган меҳнаткаш адиб сифатида намоён бўлганлар. Умрибоқий битиклари орқали ўзбек тилининг латофати, жозибаси, таъсир кучи ва, чексиз имкониятларини юзага чиқаришга беқиёс ҳисса қўшганлар.

Бугун жонажон Ўзбекистонимиз“Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя асосида ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилмоқда. Барча соҳалар билан бирга адабиётда ва давлат тилининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уни давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда юксалишини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар қилиш зарур.

Бу устувор вазифани амалга оширишда адабиётҳал қилувчи омил бўлиши керак. Шу сабабдан юқорида номлари зикр этилган адибларимизнинг пухта, аниқ, соф ва жанговар бадиий тил, халқимизнинг тил бойлигидаги шоир Шавкат Раҳмон таъбирича кескин ва ўткир сўзлар билан ифодаланган асарларини пухта ўрганиб чиқиш, доимо мутолаақилиш бағоят муҳим.

Сўзларни қайрайлик, тағин қайрайлик,

Токи кескир бўлсин бамисоли олмос.

Ўткир сўз қолмаса шоирларидан,

Ўткир сўз қолмаса... ҳеч нарса қолмас.

                                                 Шавкат Раҳмон

Бу адибларнинг бой илмий меросидан божхона ходимларининг илмий-тадқиқот ишларида ҳам кенг фойдаланиш белгиланди.Уларнинг ижоди ва таваллуд айёмларига бағишланган давра суҳбатлари ва ижодий кечалар уюштирилиб, Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтидаги “Маданий-маърифий тадбирлар” рукнида ва бошқа ОАВларда ёритилиши таъминланмоқда.

Шундай тадбирлардан бири “Ёшлар куни” муносабати билан божхона хизмати офицер ва курсантларининг ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда “Адабиёт - тарбия қуроли” масофавий танлови ташкил этилди.Танловда иштирок этган божхоначи офицер ва курсантларининг ижод намуналарини ўз ичига олган “Қалб гавҳари” номли китоби нашр эттирилди.

Турли давр адиблари бой меросини ўрганишлар асосида адабиётимизнинг назарий муаммоларига, тил масалаларига бағишланган адабий-танқидий мақолалар, илмийизланишлар орқали фан, таълим, маданиятимизнинг равнақ топиш йўлини, ўзбек адабиётининг бой, сермазмун адабиёт бўлиб гуллаб-яшнашига ҳисса қўшиш даркор. Бунинг учун давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка эътибор, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз ва ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз ҳам фарз, ҳам қарз.

Бунга эришиш учун аввало жамиятимизда машҳур ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов ҳавас қилгандек, “кўп тилни биладиган, бироқ она тилида тафаккур қиладиган, она тилида туш кўрадиган, она тилида йиғлайдиган, ўлими олдидан онасини она тилида йўқлайдиган, ўзбек тилида равон ўқийдиган, равон ёзадиган ва теран фикрлайдиган” китобхонлар армияси ва ёш авлодларни тарбиялаб етиштиришимиз зарур.

Бугунги кунда божхона идоралари шахсий таркиби ўртасида ва унинг олий таълим маскани - Божхона институтида маънавий-маърифий тадбирлар орқали ўзбек адабиёти дурдоналари қатори, номлари зикр этилган адибларимизнинг бой илмий адабий меросини ўрганиш ҳамда асарлардаги лисоний хазина ёрдамида шахсий таркибнинг сўз бойлигини ошириб боришга кенг аҳамият берилмоқда. Пировардида адабиётимизнинг келажаги - катта ўзбек адабиётини яратувчи ва янада бойитувчи бой талантли ва кенг истеъдодли меҳнатсевар ижодкор ёшларни кашф қилиш мақсад қилинган. Шу мақсадларни кўзлаб Давлат божхона қўмитасида ижодкор божхоначилар кенгаши ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Ҳабибулла Ғаниевич Азизов

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси

раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини

ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига

риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

16.07.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг