Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона аудити – соҳа такомиллашувига хизмат қилади
262
Жорий йилнинг 5 июнь куни Президентимизнинг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди.

Фармонга кўра, божхона органлари зиммасига товарлар экспортидан кейин ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси ишини баҳолаш ҳамда уларнинг маҳсулотлар ва транспорт воситалари  чиқариб юборилганидан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга ошириш вазифаси юклатилди. Давлат божхона қўмитаси таркибида Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ташкил этилди.

Бугунги кунда божхона назоратининг янги шакли – божхона аудити жорий этилиши нечоғли ахамиятга эга, унинг фаолияти қандай самара келтиради, зиммадаги янги вазифани муваффақиятли бажариш учун кадрлар қандай касбий билим ва малакага эга бўлиши зарур?

Энг аввало, масала моҳияти янада тушунарли бўлиши учун божхона аудити қандай фаолият, унинг негизида қандай мақсадлар ётади, деган саволга ойдинлик киритиб олсак.

Божхона аудити деганда товарлар чиқариб юборилганидан кейин божхона тўловларидан кам ёки ортиқча тўланган суммани аниқлаш мақсадида қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган фаолият назарда тутилади. Ёппасига божхона назоратидан ўтказишга асосланган текширувлардан буткул воз кечган ҳолда, хавфни бошқариш тизими орқали танланган ташқи савдо субьектларини текширувдан ўтказиш механизми товарлар чиқаришга рухсат берилгандан сўнг амалга ошириладиган давлат молиявий назоратининг бир тури ҳисобланади.

Президентимиз Фармони билан божхона органлари зиммасига бир қатор янги ҳуқуқлар берилди. Ташкил этилган Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бошқармаси зиммасига қандай ваколатлар юклатилди?

Фармон асосида божхона органларига товар ва транспорт воситалари устидан улар сақланадиган ва сотиладиган жойларга чиққан ҳолда божхона аудитини амалга ошириш, олиб кириладиган ва олиб чиқиладиган товарлар ва транспорт воситалари ҳисоби, жумладан, бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи ҳужжатлари дастлабки ҳужжатлар киритилиши устидан текширув ўтказиш ҳуқуқлари берилди.

Қайтадан ташкил этилган бош бошқарма товарларни божхона режимларга жойлаштириш фактини юк декларацияси ва кирим ордерида кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларда қайд этилган ҳисоботлар билан таққослайди ва текширади. Товарларга нисбатан преференциялар тўғри қўлланилганлиги, божхона тўловлари тўлиқ ундирилгани, ҳуқуқий меъёрлар ва валютани тартибга солиш талабларининг бузилиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни таҳлил қилади.

Таҳлилларга кўра божхона аудити биринчи навбатда ташқи савдо обьектлари импорт-экспорт фаолиятига оид ҳисоботларнинг божхона декларацияларидаги маълумотларга номувофиқ келиши ҳолатларини аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган профилактик чора сифатида намоён бўлади.   

Президентимизнинг “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниши мамлакатимизда ҳалқаро иқтисодий интеграцияни таъминлаш, тадбиркорликни ҳар томонлама янада қўллаб-қувватлаш, уларга самарали фаолият кўрсатишлари учун қулай ишбилармонлик муҳити ва зарурий шарт-шароитларни таъминлаш билан бир қаторда тизим олдида турган, ҳал этилиши шарт бўлган устувор вазифалар ўз ифодасини топган.

Бу ўз  навбатида жаҳонда давом этаётган пандемия шароитида божхона назоратининг янги шакли – божхона аудитини жорий этиш обьектив зарурат ва ҳаётий эҳтиёж эканини кўрсатмоқда.  

Қабул қилинган ушбу фармон пировардида ташқи иқтисодий фаолият ва божхона расмийлаштирувининг том маънодаги очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

17.07.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг