Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт салоҳияти тобора ортмоқда
329
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, инвестицион муҳитнинг яхшиланиб бораётгани ҳудудларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлаш билан бирга аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш имкониятини ҳам бермоқда.

Дарҳақиқат, бугун саноат соҳасига истиқболли лойиҳаларни татбиқ этмасдан туриб, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, маҳсулотлар турини кўпайтириш, уларнинг сифатини яхшилаш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш қийин. Шу боис кейинги йилларда вилоятнинг Жомбой туманида ҳам саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, тармоққа замонавий технологияларни кенг татбиқ этиш эвазига янги турдаги, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга катта аҳамият қаратилмоқда.

Аниқ рақамларга эътиборимизни қаратсак, Жомбой туманида жорий йилнинг январь-май ойларида фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари томонидан 722,5 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эришилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 67,9 фоизни ташкил этди. 163,8 миллиард сўмлик истеъмол товарлари ишлаб чиқарилиб, 2019 йилнинг январь-май ойига нисбатан 87,9 фоизга етди.

Йирик компаниялар иқтисодиёт локомотиви

Хусусан, Жомбой туманида олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижалари “B-MAX PLASTIC-GROUP” компанияси ва унинг таркибидаги корхоналар мисолида кўзга ташланади. Компания қошида  қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга мўлжалланган масъулияти чекланган жамият шаклидаги 5 та корхона фаолият олиб бормоқда.

Бугунги кунда корхонада мармар тошдан 20 турдаги маҳсулот тайёрланади. Бу ерга хорижий давлатлардан сўнгги русумдаги лаборатория жиҳозлари ҳамда тош майдалаш ускуналари келтирилган. Тайёрланган маҳсулотнинг асосий қисми ички бозорга чиқарилади. Шунингдек, яқин қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қилинади, 2020 йилнинг ўтган январь-июнь ойлари мобайнида корхона томонидан қиймати 26 457 АҚШ доллари бўлган маҳсулотлар экспорти амалга оширилган.

- Корхонамизнинг йирик учта цехида тайёрланаётган маҳсулотлар замонавий технологиялар ёрдамида тайёрланади, - дейди “B-MAX BUILDING MATERIALS” масъулияти чекланган жамияти директори Нодир Мавлонбердиев, - Цехларга Туркия, Германия давлатларининг замонавий, энергиятежамкор ускунлари ўрнатилганлиги маҳсулот сифатига ҳам ўзининг ижобий таъсирини ўтказмоқда. Қувонарлиси, ушбу технологияларни туман ёшлари бошқармоқда.

Бундан ташқари, ушбу маҳсулотлардан компания қошидаги бошқа корхоналарда хом ашё сифатида фойдаланади. Масалан, бу ерда тошдан олинган маҳсулотлардан бири бўёқ учун тайёр хом ашёдир. Бугунги шиддатли давр ҳар биримиздан изланишни, янгиликларга интилиб ишлашимизни тақозо этади. Албатта, тадбиркорлик суъбектларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, берилаётган имтиёз ва имкониятлар, енгилликлар уларни янги-янги манзиллар сари етакламоқда. Шулардан келиб чиққан ҳолда, корхона фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида лак-бўёқ ишлаб чиқариш қувватига ҳам асос солинган. “B-MAX PAINTS” корхонасида ана шу бўёқлар ишлаб чиқарилади. Бу ерда 60 нафарга яқин ёшлар меҳнат қилмоқда.

Кичик саноат зоналари иқтисодиёт ривожининг кафолати

Ҳудудларда бўш турган ва самарасиз фойдаланиб келинаётган бино ва иншоотлар ўрнида тадбиркорликни ривожлантириш, янги истиқболли лойиҳаларни ишга тушириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида саноат зоналарининг ташкил қилинаётгани ҳудудлар инфратузилмаси ва иқтисодиётини барқарорлаштиришга замин яратмоқда.

Шу мақсадда Жомбой туманидаги бўш турган бино ўрнида кичик саноат зонаси ташкил қилиниб, 5,3 гектар ер майдони “MAROQAND MEVA-SABZAVOT” масъулияти чекланган жамиятига “Интенсив боғдорчилик жиҳозлари ва мева-сабзавот маҳсулотлари сақлаш идишлари ишлаб чиқариш лойиҳаси”ни амалга ошириш учун  ажратиб берилди. Ушбу ҳудудда, жами 5,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар киритиш эвазига 8 та лойиҳани ишга тушириш ва унинг негизида 170 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

- Бугунги кунда ҳудудда 3 та лордда асбоб ускуналар ва хом ашё харид қилиш ҳамда қурилиш монтаж ишларига жами 4,7 миллион АҚШ долларилик инвестициялар киритилди, - дейди “MAROQAND MEVA-SABZAVOT” маъсулияти чекланган жамияти директори Шуҳрат Жалолов, - Бунинг натижасида 7 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилди. Улар негизида 146 та янги иш ўринлари ташкил қилинди.

Кичик саноат зонасида иш бошлаган янги цехда Туркия давлатидан бетон устунлар ишлаб чиқарилишида фойдаланиладиган сим ишлаб чиқариш, боғ атрофини ўраш учун темир панжаралар, бундан ташқари, қиймати 753 минг АҚШ доллари бўлган 4 та лойиҳа асосида интенсив боғдорчилик учун пластмасса жиҳозлар, томчилаб суғориш тизимларининг жиҳозлари, пластмасса идишлар ҳамда сим канатлари ишлаб чиқариш йўлга қуйилди. Натижада, қўшимча 42 та янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган яна бир лойиҳанинг ишга туширилиши эвазига моно ип ҳамда дулга қарши ҳимоя турлари ишлаб чиқарила бошланди. Бу билан 60 нафар хотин-қизлар доимий иш ўрнига эга бўлишди.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йилнинг ўтган январь-июнь ойлари мобайнида корхона томонидан қиймати 249 587, 01 АҚШ доллари бўлган маҳсулотлар экспорти амалга оширилган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, туманда хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб қилган ҳолда янги лойиҳаларни амалга ошириш, кичик саноат зоналари имкониятларидан самарали фойдаланиш, бунинг эвазига эса ички ва ташқи бозорни сифатли, арзон маҳсулотлар билан таъминлашга қаратилаётган эътибор ҳудуднинг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш имконини бермоқда.

Ўз ўрнида корхоналарнинг экспорт операцияларини амалга ошириш жараёнларини қисқа вақт мобайнида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш борасида божхона ходимлари томонидан 24 соат давомида яқиндан ёрдам кўрсатилмоқда.

 

24.07.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг