Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қашқадарёда тадбиркорларга божхона тўловларидан 680 млрд сўмлик имтиёзлар қўлланилди
285
Мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва қулай ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини жадал ривожлантириш, шунингдек, унинг самарадорлигини ошириш мақсадида божхона, солиқ ва бошқа тўловлар бўйича қўшимча имтиёз ҳамда преференциялар тақдим этилмоқда.
Қашқадарёда тадбиркорларга божхона тўловларидан 680 млрд сўмлик имтиёзлар қўлланилди

Мазкур имтиёзлар асосан инвестицион лойиҳалар, маҳаллийлаштириш дастури, маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқаришни модернизациялаш, қайта таъмирлаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган дастурлар доирасида, республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларга нисбатан қўлланилмоқда.

Қайд этиш жоизки, божхона тўловларидан қўлланилаётган имтиёзларнинг биринчи тури божхона тўловларидан озод қилиш бўлса, кейингиси божхона тўловларини тўлаш муддатини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳисобланади.

Божхона тўловларидан озод қилиш тартиблари Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексининг 296-300-моддалари билан тартибга солинади. Имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга амалда бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан қўлланилади. Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг четдан келтирилган товарлари учун 680 миллиард 550 миллион сўмлик божхона имтиёзлари қўлланилди.

Имтиёзлар ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан импорт асосида олиб келинган асбоб-ускуналар, хомашё ва бутловчи буюмларга, янгидан қурилиб, ишга туширилаётган ҳамда фаолият кўрсатаётган корхоналарни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида қўлланилди.

Имтиёзнинг иккинчи тури ҳисобланган кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби Божхона кодексининг 329-333 моддалари билан тартибга солинади. Бунда божхона органининг қарорига асосан божхона тўловларининг тўланиши таъминланган, яъни кафолатланган тақдирда тўловчига тўловларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши мумкин. Божхона тўловларини тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб икки ойдан ошмаслиги лозим. Божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаган шахсларга божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилмайди. Мазкур йўналишда бошқарма томонидан ҳам ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига енгилликлар тақдим этилди. Яъни, жорий йилнинг ўтган даврида 14 миллиард 969 миллион сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти яратилди.

Умуман олганда, яратилаётган бу каби имконият ва имтиёзлар, қонунчилик базасини янада кучайтириш ва такомиллаштириш тадбиркорликнинг жадал ривожланишига хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

27.07.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг