Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар мобил қурилмаларни Uz IMEI тизимидан ноқонуний рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳни фош этишди
2521
Сўнги вақтларда мобил қурилмаларни Uz IMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар ижтимоий тармоқларда долзарб мавзуга айланди.
Божхоначилар мобил қурилмаларни Uz IMEI тизимидан ноқонуний рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳни фош этишди

Гап шундаки, хориждан келган кўплаб фуқаролар ўзлари билан олиб келган мобил телефонларини рўйхатдан ўтказишмоқчи бўлганида, уларнинг номига аллақачон бошқа мобил қурилмалар Uz IMEI тизимидан рўйхатдан ўтганлиги кўплаб норозиликларга сабаб бўлаётган эди.

Ушбу муаммоли масала юзасидан бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар қаторида Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳам бир қатор чоралар амалга оширилди.

Хусусан, Давлат божхона қўмитасининг 11-08 қисқа рақамли ишонч телефони орқали мазкур масала юзасидан фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиши йўлга қўйилди.

Шунингдек, қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш борасида олиб борилган тадбирлар натижасида рўйхатдан ўтмаган мобил қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ҳаракатланган фуқароларнинг номларига ноқонуний йўллар билан рўйхатга қўйиш, шахсларга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиб, сақлаб, улардан ғаразли ниятларда фойдаланиб келаётган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароси О.А. шериклари М.Б. ва Т.Р.лар билан тузган ўзаро жиноий режага кўра қўшни давлатларга ўтишиб, у ерда Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспорт маълумотларини телефон ёрдамида расмга тушириб, “Телеграм” ижтимоий тармоғи орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобил қурилмаларни Uz IMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келишган.

Биргина фуқаро Б.М.нинг уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганида, телефон хотирасида Ўзбекистон фуқароларининг 200 га яқин паспорт расмлари борлиги, у ушбу паспорт маълумотларни йиғиб, жиноий шериги О.А.га етказиб берганлиги учун ҳар бир паспортга 5 АҚШ доллардан ҳақ олганлиги маълум бўлди.

Мазкур холат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1412-моддасининг 2-қисми “а” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш ёки тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

9.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг