Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Журналистлар учун навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди
420
Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат божхона қўмитаси томонидан “Божхона аудитини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Журналистлар учун навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди

Унда Давлат божхона қўмитасининг бир қатор соҳавий бошқармалари бошлиқлари иштирок этиб, мавзу юзасидан журналистларга батафсил ахборот беришди.

Хусусан, бугунги кунда божхона органларини ислоҳ этиш, самарадорлигини ошириш ва хизмат фаолиятига илғор, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан,  товар ва транспорт воситаларини “ялпи” божхона назоратидан ўтказиш тартибидан воз кечиб, уларни танлов асосида хавфларни бошқариш тизими орқали божхона назоратидан ўтказиш йўлга қўйилди;

божхона расмийлаштируви ва товарларни чиқариб юбориш вақти бир неча мартага қисқартирилди;

ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилди;

чегара божхона постларини жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш, замонавий назорат техникалари ва инспекцион-кўрик мажмуалари билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Мазкур ислоҳотларнинг давоми сифатида Божхона ва ташқи иқтисодий фаолият тизимини ислоҳ қилиш бўйича бугунги кунда Жаҳон банки халқаро экспертлари билан ҳамкорликда Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона аудитини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, лойиҳанинг дастлабки намунаси жамоатчилик фикрини ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг таклифларини олиш мақсадида жорий йилнинг 29 август куни муҳокама учун жамоатчилик порталига жойлаштирилган эди. 13 сентябр куни лойиҳа муҳокамаси учун белгиланган муддат якунланди, лойиҳага фуқаролар томонидан қатор фикрлар ва таклифлар билдирилди.

Маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, мазкур қарор лойиҳасининг ишлаб чиқишнинг зарурияти аввало ташқи савдо жараёнларини соддалаштириш ва товарларни божхона назоратидан ўтказилишини тезлаштиришга қаратилган.

Бугунги кунда ТИФ божхона постларида божхона юк декларациялари хавфни бошқариш тизимидаги йўлаклар (“яшил” йўлак – 24,9%, “сариқ” йўлак – 40,8 %,“қизил” йўлак – 34,3%) орқали расмийлаштирилмоқда.

Божхона аудити жорий этилиши “қизил” йўлакка йўналтирилаётган божхона юк декларациялари сонининг камайишига, “яшил” ва “сариқ” йўлакларга йўналтирилаётган тақдирда эса уларнинг сонини ошишига олиб келади.

Бу эса ўз навбатида тадбиркорлик субъектларининг божхонадаги сарфлаётган вақти ва молиявий харажатларининг тежалишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, Жаҳон божхона ташкилоти томонидан божхона процедураларини енгиллаштириш ҳамда тезлаштириш мақсадида Божхона тартиботларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенция (Киото, 1973 йил 18 май, 1999 йил 26 июндаги ўзгартиришлар билан) ишлаб чиқилган. Мазкур конвенция қоидалари ташқи савдо фаолиятини рағбатлантиришга ва бошқа томондан тақдим этилган имтиёзлар давлатларнинг манфаатларига зарар етказмаслигига йўналтирилган.

Киото конвенцияси қоидалари божхона процедураларини тартибга солишда асос ҳисобланадиган стандартлардан ташкил топган.

Ўзбекистон Республикасида ҳам мазкур Киото конвенциясига қўшилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Божхона тартиботларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Киото, 1973 йил 18 май, 1999 йил 26 июндаги ўзгартиришлар билан) қўшилиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилган ва жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилган эди. Лойиҳа юзасидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан ижобий фикрлар билдирилган.

Киото конвенциясининг 6.6-стандартига мувофиқ, божхона органлари товарлар чиқариб юборилгандан сўнг божхона назоратини аудит усулини қўллаган ҳолда ўтказиш зарурлиги белгилаб қўйилган. (https://www.carecprogram.org/uploads/Kyoto-Convention-Ch6-Customs-Control-ru.pdf)

Асосан юқоридаги конвенцияга мувофиқ тарзда ривожланган хорижий давлатлар (Америка Қўшма Штатлари, Канада, Япония, Хитой, Жанубий Корея,  Европа иттифоқи ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари) божхона аудити тизимини 1990 йилдан бошлаб амалиётга жорий этишган.

Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда товарлар чиқариб юборилгандан кейинги божхона назорати жами ўтказилган божхона назоратининг 90% ташкил этмоқда. Мисол учун, Жанубий Кореяда 88% божхона назорати, юк чиқариб юборилгандан сўнг амалга оширилади.

Халқаро ташкилотларнинг тавсияларида ҳам божхона аудитининг жорий этилиши товарларни божхона назоратидан ўтказилишининг тезлашишига ва сарфланадиган харажатларнинг камайишига олиб келиши маълум қилинган.

Жумладан, Жаҳон божхона ташкилоти ва 2018 йилда ўтказилган БМТнинг савдо ва тараққиёт бўйича конференциясида божхона аудитининг жорий қилиниши товарларнинг 80-90 фоизгача миқдорини тезликда эркин муомалага чиқариб юборишга олиб келинганлиги маълум қилинган. Шунингдек БМТнинг тавсиясида божхона аудити натижасида товарларни суғурта қилиш, омборларда сақлаш ва бошқа харажатларининг камайишига олиб келишини ҳамда товарларни божхона назоратидан ўтказишнинг самарали шакли эканлиги қайд этилган.

Лойиҳа халқаро стандартлардан келиб чиқиб қуйидаги меъёрлар:

божхона аудити субъекти божхона органларининг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали хавф кўрсаткичларидан келиб чиқиб танлаб олиниши;

божхона аудити ўтказилишидан аввал тадбиркорлик субъектларига огоҳлантириш юборилиши;

божхона аудитининг мақсадидан келиб чиқиб тадбиркорлик субъекти ўз ташаббуси билан аудит текширувини ўтказиши, аниқланган камчиликларни мустақил бартараф этиши;

божхона аудити натижасида ҳуқуқбузарлик ҳолатини расмийлаштирмаслик;

божхона аудити натижаларидан келиб чиқиб ҳалол ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини рағбатлантириш каби тамойиллар асосида ишлаб чиқилган.

Божхона аудити ДБҚ раҳбариятининг розилиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили билан келишилган ҳолда амалга оширилиши белгиланмоқда.

Лойиҳа тегишли вазирлик ва идораларнинг таклифлари, шунингдек жамоатчилик фикри асосида қайта такомиллаштирилиши мумкин. Шу билан бирга халқаро талабларга жавоб берадиган тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлашга ва миллий манфаатларга мос бўлиши ҳам асосий мақсад ҳисобланади.

16.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг