Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
IMEI кодларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ масалаларда кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида брифинг бўлиб ўтди
334
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида IMEI кодларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ масалаларда кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида брифинг бўлиб ўтди. Унда Давлат божхона қўмитасининг Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Рустам Қобулов ҳам иштирок этди.
 IMEI кодларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ масалаларда кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида брифинг бўлиб ўтди

Истеъмолчиларга сифатли мобил қурилмалардан фойдаланиш имкониятини яратиш, ички бозорни контрафакт маҳсулотларнинг олиб кирилиши ва сотилишидан ҳимоя қилиш ҳамда телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида 2018 йил 22 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 847-сон қарори қабул қилинди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан республикада мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари асосида рўйхатга олиш бўйича Тизим ишлаб чиқиш юзасидан ишлар амалга оширила бошланди.

Кейинчалик, мазкур қарорнинг мантиқий давоми сифатида 2019 йил 17 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг 778-сон қарори қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Мазкур Низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган мобил қурилмаларга IMEI (International Mobile Equipment Identifier, 15 та рақамдан иборат) ёки халқаро ўзига хос идентификация кодни Тизим оператори ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали рўйхатдан ўтказилиши жорий этилди.

Бугунги кунда четдан олиб келинган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш учун:

Биринчи ҳолатда, мобил қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиш учун тадбиркорлик субъекти (импортиёр) томонидан БЮД асосида олиб кириш:

Бу ҳолатда, мобил қурилмаларнинг IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш учун тадбиркор томонидан БЮД тақдим этилиши лозим.

Бугунги кунда божхона органлари томонидан расмийлаштирилган БЮДлар ҳисобини юритиш бўйича ДБҚ ЯААТ дастури “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика маркази” ДУКнинг дастурий таъминотлари билан онлайн равишда интеграция қилинганлиги сабабли, тадбиркор тақдим этган БЮДдаги маълумотларни автоматик равишда текшириш йўлга қўйилган.

Агар импорт қилувчи томонидан тақдим этилган маълумотлар БЮДда акс эттирилган маълумотга мос келмаса, қурилмаларнинг бутун тўплами рўйхатга олинмайди.

Маълумот учун, Тизим операторига товар бўйича маълумотлар БЮДнинг 31-графасида нима кўрсатилган бўлса ўша маълумотлар кўринади (IMEI кодни кўрсатиш мажбурий эмас).

Иккинчи ҳолатда, жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасини ўзлари кесиб ўтган ҳолда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган божхона чегараси орқали товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган нормаларидан ошмаган миқдорда олиб кирилган мобил қурилмаларнинг IMEI кодни рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасини кесиб ўтганлигини тасдиқлаши лозим.

Бунда ҳам жисмоний шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар (сана, усул ва бошқа) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан электрон ахборот алмашиш орқали мурожаат этилган сана ва жисмоний шахснинг шахсий идентфикацион рақами қайд этилган ҳолда автоматик текширилади.

Шунингдек, меъёридан ортган қисми бўйича Божхона кирим ордери орқали божхона тўловларини ҳам тўлаш мумкин бўлиб, мазкур маълумотлар ҳам Uz IMEI тизимига интеграция қилинган.

Учинчи ҳолатда, жисмоний шахслар номига халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали олиб кирилган мобил қурилмалар фақат Тизим операторига ўзи келиб мурожаат этиш орқали почта идентификаторининг штрих коди ва календарь штемпели бўлган конверт тақдим этилган ҳолда амалга оширилади.

Сўнги вақтларда мобил қурилмаларни Uz IMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар ижтимоий тармоқларда долзарб мавзуга айланди.

Гап шундаки, хориждан келган кўплаб фуқаролар ўзлари билан олиб келган мобил телефонларини рўйхатдан ўтказишмоқчи бўлганида, уларнинг номига аллақачон бошқа мобил қурилмалар Uz IMEI тизимидан рўйхатдан ўтганлиги кўплаб норозиликларга сабаб бўлаётган эди.

Ушбу муаммоли масала юзасидан бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар қаторида Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Давлат божхона қўмитасининг туну-кун ишлаб турадиган 11-08 қисқа рақамли ишонч телефони орқали мазкур масала юзасидан фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиши йўлга қўйилди.

Шунингдек, хабарингиз бор, қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш борасида олиб борилган тадбирлар натижасида рўйхатдан ўтмаган мобил қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ҳаракатланган фуқароларнинг номларига ноқонуний йўллар билан рўйхатга қўйиш, шахсларга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиб, сақлаб, улардан ғаразли ниятларда фойдаланиб келаётган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди.

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароси О.А. шериклари М.Б. ва Т.Р.лар билан тузган ўзаро жиноий режага кўра қўшни давлатларга ўтишиб, у ерда Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспорт маълумотларини телефон ёрдамида расмга тушириб, “Телеграм” ижтимоий тармоғи орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобил қурилмаларни Uz IMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келишган.

Биргина фуқаро Б.М.нинг уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганида, телефон хотирасида Ўзбекистон фуқароларининг 200 га яқин паспорт расмлари борлиги, у ушбу паспорт маълумотларни йиғиб, жиноий шериги О.А.га етказиб берганлиги учун ҳар бир паспортга 5 АҚШ доллардан ҳақ олганлиги маълум бўлди.

Мазкур холат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1412-моддасининг 2-қисми “а” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, мобил қурилмалар импорти 2019 йилнинг 1 январь – 15 сентябрь даврида 58 810 тани (4,6 млн. долл.) ташкил этган бўлса, жорий йилнинг шу даврида 451 039 та (29,8 млн. долл.) ташкил этди.

Давлат бюджетига 2019 йилнинг ушбу даврида 8,7 млрд, сўм, жорий йилда эса 72,6 млрд. сўм ундирилди, яъни ўтган йилган нисбатан 63,9 млрд. сўмга кўп.

Бир сўз билан айтганда, мазкур тизим тўлиқ амалиётга жорий этилгандан сўнг 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 15 сентябрга қадар 911 882 та (47,3 млн. долл.) импорт қилинган бўлиб, давлат бюджетига 100,1 млрд. сўм ундирилган.

Жорий йилда жами 4,9 млрд. (2019 й. 6,2 млрд.) сўмлик 7 484 та (2019 й. 7691 та) уяли алоқа воситаларининг ноқонуний олиб ўтиш ҳолатлари аниқланди.

24.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг