Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Андижонда эришилган натижалар юзасидан брифинг бўлиб ўтди
446
Ҳозирда бутун дунёда пандемия сабабли ижтимоий-иқтисодий ҳаёт тарзида бир қанча ўзгаришлар рўй бермоқда. Айниқса, жаҳон иқтисодиётида салбий кўрсаткичлар кузатилмоқда.

Бу эса республикамизнинг иқтисодий барқарорлигига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Шунга қарамай иқтисодий барқарорликни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига амалий кўмак бериш, шунингдек пандемия сабабли келиб чиқаётган салбий таъсирларни олдини олиш ва юмшатиш мақсадида мамлакатимизда бир қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу ислоҳотлар эса ўз навбатида, божхона органлари тизимида ҳам давом этмоқда. Жумладан, пандемия шароитида божхона ходимлари томонидан экспорт-импорт операциялари тезкорлик билан соддалаштирилган тартибда амалга оширилиб келинмоқда. Республикамиз чегара божхона постлари орқали товарлар ҳаракати узлуксиз давом этмоқда.

Бу борада кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида Андижон вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Эркинжон Райхонов иштирокида брифинг ташкил этилди. Унда жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида вилоят доирасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтилди.

Жумладан, ташқи савдо айланмаси  1 582,6 млн. АҚШ долларни ташкил этган. Жумладан, 488,4 млн. АҚШ долларини ташкил этувчи товарлар 30 та давлатга экспорт қилинган бўлиб, асосий ҳамкор давлатлар Қирғизистон, Хитой, Россия, АҚШ, Озарбайжон, Туркия, МДҲ давлатлари ҳамда 20 дан ортиқ Европа давлатлари ҳисобига тўғри келмоқда.

Экспорт қилинган асосий товарлар сирасига саноат товарлари, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари, ноозиқ-овқат хомашё, ёқилғидан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар, кимёвий воситалар ҳайвонлар ва ўсимликлар мойлари (ёғлари), ёғлар ва мумлар, ичимликлар ва тамаки, минерал ёқилғи, ёғлаш мойлари ва шунга ўхшаш материаллар ҳисобига тўғри келмоқда.

Божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида яратилган  қулайликлар тадбиркорлар томонидан, айниқса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини четга экспорт қилувчи экспортёрлар томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда.

Аниқ рақамларга мурожаат қилинганда, жорий  йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан 42,5 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. Мазкур мева-сабзавот маҳсулотлари 20 дан ортиқ давлатларга экспорт қилинган.

Пандемия даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга иқтисодий кўмак бериш мақсадида, божхона бошқармаси томонидан 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида жами 1 677,89 млрд. сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.

Барчамизга маълумки, пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг тўлов қобилияти бирмунча сустлашди. Шу мақсадда уларга тижорат банклари томонидан кредит таътиллари бериш тартиби жорий этилган эди. Ушбу тажриба божхона тўловларини тўлаш борасида ҳам амалиётга тадбиқ этилди.

Яъни, Президентимизнинг 2020 йил 18 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5996-сон Фармонига асосан, тадбиркорларга товарлар (ишлар, хизматлар) импортида қўшилган қиймат солиғини 120 кунгача кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилди.

Бундан ташқари, республика ҳудудида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар тақчиллигининг олдини олиш, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти  ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июлдаги 449-сонли қарорига мувофиқ бир қатор тиббий воситаларга имтиёзлар берилди ва уларнинг божхона расмийлаштируви тартиби соддалаштирилди.

Хусусан, қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 октябрга қадар:

– 84 турдаги тиббий буюмлар ва тиббий техникалар Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказмасдан ва мажбурий сертификациялаштирилмасдан импорт қилинишига;

– 46 турдаги дори воситалари импорт қилинганда ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганда уларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан ҳамда 5 кунлик муддатда сертификатлаштириш асосида божхона расмийлаштирувини амалга ошириш (импорт қилинганда)  ва реализация қилишга рухсат берилди.

Шунингдек, мазкур қарор билан дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларнинг Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқилиши 2020 йил 1 октябрга қадар вақтинчалик тўхтатилди.

Бунда, айрим дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни экспорт қилишга рухсат Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Агентликнинг кўшма хулосаси асосида рухсат берилиши белгиланди.

Шу билан бирга, аҳоли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, бозорларда маҳсулотлар нархини мутаносиблигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик  субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5978-сон Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда 2020 йил 31 декабрга қадар божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланадиган товарлар рўйхати тасдиқланди. Ушбу товарлар рўйхатидан 20 турдаги маҳсулотлар ўрин олиб, улар парранда гўшти, балиқ, шакар, пиёз ва бошқа гигиеник воситалардан иборат.

Бу каби енгилликлар ҳамда қулайликлар давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сонли Фармони қабул қилинди.

Ушбу фармон билан 2020 йил 1 августдан,

темир йўл транспорти ташкилотлари божхона органларига ўзларининг ахборот тизимларини божхона органларининг ахборот тизимларига интеграциялаш орқали божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида тақдим этишлари;

2020 йил 1 сентябрдан, “Ягона дарча” божхона ахборот тизими чегара божхона постларида жорий этилиши;

2020 йил 1 ноябрдан бошлаб, божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунга қисқартирилиши белгилаб берилди.

Шунингдек, Фармон билан божхона аудити ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш бўйича алоҳида таркибий тузилмалар ташкил этилди.

Мазкур тузилмаларни ташкил этиш орқали божхона органлари томонидан шартли равишда эркин муомалага чиқарилган товарлар устидан самарали назоратни амалга ошириш, шунингдек, чегара ўтказиш пунктларидаги давлат назорати функцияларини соддалаштириш, самарадорлигини оширишга эришилади.

Фармон ижросини таъминлаш орқали қуйидаги ютуқларга эришилади:

асосий чегара ўтказиш пунктларини кенгайтириш ва модернизациялаш орқали божхона постларининг ўтказувчанлик имкониятини 3 баробарга ошириш;

“Ягона дарча” божхона ахборот тизимининг такомиллаштирилиши натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни экспортда 5 баробарга, импортда 2 баробарга қисқартириш;

Рақамли технологиялар ва ахборот тизимларини божхона органлари фаолиятига кенг жорий этиш асосида инсон омилисиз маълумотларни олиш ҳамда божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини халқаро норма ва стандартларга мувофиқ соддалаштириш;

Мамлакатимизнинг туризм ва инвестиция жозибадорлигини  янада оширишга имкон яратади.

Шунингдек, брифинг якунида Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ҳамда вилоят божхона бошқармасининг (74)-228-48-44 рақамли ишонч телфонлари куну-тун ишлаётганлиги, божхона органларига тегишли бўлган ҳар қандай масала юзасидан мурожаатлар юзасидан мазкур рақамларга қўнғироқ қилиш мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.

8.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг