Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради
1103
Давлат божхона қўмитаси жорий йилнинг 8 октябрь куни Kun.uz янгиликлар сайтида эълон қилинган “Божхоначиларга суд қарорлари мажбурий эмасми? Тадбиркор 1 йилдан бери сарсон” сарлавҳали материал юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Мақолада келтирилишича, фуқаролар И.Исаков ва М.Жумабаевлар номига 2019 йилнинг 30 сентябрь куни четдан олиб кирилган юк машинаси шатаги ва ярим тиркамага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 29 мартдаги ПФ-5388-сон Фармонида назарда тутилган божхона имтиёзлари (мазкур имтиёзлар 2019 йил 1 октябргача амал қилиши белгиланган) қўлланилмаганлиги сабабли судга даъво аризаси киритилган.

Хўш, мазкур транспорт воситаларига нисбатан божхона имтиёзлари нима учун қўлланилмаган?

Мақолада келтирилганидек, фуқаролар И.Исаков ва М.Жумабаевлар номига келтирилган юк машинаси шатаги ва ярим тиркама 2019 йил 30 сентябрь куни тунги соат 22:14 да Ўзбекистон Республикасига Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “С.Наджимов” чегара-божхона пости орқали кириб келган ва соат 23:39 да транспорт воситаси бўйича дастлабки божхона декларацияси электрон шаклда тўлдирилиб, божхона органларига тақдим этилган ва автоматик равишда рўйхатга олинган.

Мазкур транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви амалга оширилиши белгиланган Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Водий” ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) божхона пости ходимлари эса 2019 йил 2 октябрь куни мазкур дастлабки божхона декларациялари бекор қилиш бўйича далолатнома тузишади.

Далолатномани тузишга сабаб бўлган энг муҳим омиллардан бири –қонун ҳужжатларига мувофиқ дастлабки божхона декларацияси товарлар божхона ҳудудига амалда етиб келгунига қадар тақдим қилиниши лозим эди. Юк эгалари эса транспорт воситалари Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига кириб келиб бўлганидан сўнг дастлабки божхона декларациясини тақдим қилишган.

Табиийки, қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда юборилган ва мазкур ҳолатда ушбу дастлабки божхона декларациясини расмийлаштириш учун ҳуқуқий асос мавжуд эмаслиги сабабли декларация расмийлаштирилмайди ва бекор қилинади.

Изоҳ: Мазкур норма Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 262-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 30 январда 2418-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Товарлар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига амалда олиб келиниши пайтигача божхона органларига дастлабки божхона декларациясини тақдим этиш тартиби тўғрисида”ги Низомда келтириб ўтилган.

Фуқаролар И.Исаков ва М.Жумабаевларнинг даъвоси юзасидан Фарғона шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 12 майдаги ҳал қилув қарори ва Фарғона вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг
2020 йил 16 июндаги қарорида рўйхатга олинган дастлабки декларацияни бекор қилиш ҳаракатлари қонунга хилоф деб топилади ва рўйхатга олинган дастлабки декларацияни қайта расмийлаштириш мажбурияти юклатилади.

Ўз ўрнида “Водий” ТИФ божхона пости томонидан суднинг мазкур қарори ижроси таъминланади. Яъни, муқаддам бекор қилинган дастлабки божхона декларациялари ахборот тизимида қайта тикланиб, “рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган” мақомига қайтарилади.

Суд қарорига асосан юклатилган мажбуриятнинг иккинчи қисмини ижросини таъминлаш имконияти йўқ. Чунки расмийлаштирилмаган божхона декларациясини қайта расмийлаштириб бўлмайди. 

Изоҳ: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 июлдаги “Товарларни божхонада электрон шаклда декларациялаш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” 605-сон қарорига мувофиқ электрон равишда тақдим этилган божхона декларацияси божхона органлари ахборот тизимларида автоматик тарзда рўйхатга олинади. Рўйхатга олинган декларация текширилиб, хато камчиликлар аниқланмаган тақдирда божхона органи ходими божхона расмийлаштирувини қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширади. Шундан сўнг божхона декларацияси расмийлаштирилган ҳисобланади. Суд қарорида эса божхона органлари томонидан расмийлаштирилмаган дастлабки декларацияни қайта расмийлаштириш мажбурияти нотўғри юклатилган.

Қайта тикланган дастлабки божхона декларациялари эса белгиланган талабларга зид равишда юборилган бўлиб, бу ҳақида 2020 йилнинг 8 сентябрь куни ахборот тизимидаги “ТИФ иштирокчиси билан алоқа” дастури орқали декларация тақдим этган шахсларга хабарнома юборилади. Хабарномада дастлабки божхона декларацияси талабларга зид равишда юборилганлиги боис 3 иш кунида янги божхона юк декларацияси тақдим этилиши лозимлиги, акс ҳолда тақдим қилинган дастлабки декларациялар бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантирилади.

Фуқаролар И.Исаков ва М.Жумабаевлар 2020 йил 10 сентябрь куни янги божхона юк декларациясини тақдим қилиш ўрнига қайта тикланган дастлабки божхона декларациялари учун тўлиқ божхона юк декларациясини электрон равишда тақдим қилишади. Аммо, дастлабки божхона декларациясининг ўзи қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда, яъни товарлар амалда Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига кириб келгандан сўнг тақдим этилганлиги туфайли расмийлаштирилмаганлиги сабабли улар учун тўлиқ божхона юк декларациясининг тақдим этилиши мумкин эмас эди.

Шунингдек, дастлабки  божхона декларацияси (ПР-40) дастурда рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БЮД” мақомида эканлиги, боз устига Божхона Кодекси ҳамда Низомда белгиланган талабларга зид равишда юборилганлиги сабабли қайта расмийлаштиришнинг ҳуқуқий асоси мавжуд эмас.

Шу тариқа юк эгалари транспорт воситаларига нисбатан янги божхона юк декларациясини 3 иш куни давомида тақдим этишмаганлиги туфайли “Водий” ТИФ божхона пости ходимлари 2020 йилнинг 12 сентябрь куни юк эгалари томонидан 2019 йилнинг 30 сентябрида тақдим қилинган дастлабки божхона декларацияларини қайта бекор қилиш юзасидан яна далолатнома тузишади.

Фуқаролар И.Исаков ва М.Жумабаевлар томонидан эса мазкур ҳолатга эътироз билдирилиб, ушбу транспорт воситасини Фарғона шаҳар маъмурий судининг қарорига асосан имтиёзли равишда расмийлаштириб беришни талаб қилганликлари сабабли биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига ойдинлик киритиш мақсадида вилоят божхона бошқармаси томонидан Фарғона шаҳар маъмурий судига ҳал қилув қарорининг қарор қисмига тўлиқ тушунтиришлар бериш юзасидан мурожаат қилинди.

Фарғона шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 19 сентябрдаги “Суднинг ҳал қилув қарорига тушунтириш бериш тўғрисида”ги ажримида ушбу транспорт воситасини божхона органлари томонидан имтиёзли тартибда декларациялаш лозимлиги тушунтирилган ва 20 кун муддатда белгиланган тартибда шикоят ва протест киритилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Фарғона вилоят божхона бошқармаси суднинг ушбу ажрими устидан 2020 йилнинг 3 октябрь куни вилоят маъмурий судига хусусий тартибда апелляция шикоятини киритди.

Ҳозирда апелляция шикояти суд томонидан кўриб чиқилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.

9.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг