Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради
628
Давлат божхона қўмитаси 2020 йилнинг 6 октябрь куни Human.uz сайтида эълон қилинган “Тадбиркор божхонадан нега норози” сарлавҳали материал юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Давлат божхона қўмитаси оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради

Фарғона вилояти, Қувасой шаҳрида рўйхатдан ўтган “WELLEX AGRO” МЧЖ томонидан Қирғизистон Республикасидан фактура қиймати 605,2 минг АҚШ долларига тенг, нетто вазни 1100,34 тонна бўлган олма маҳсулотлари олиб келинган.

Ушбу олмалар Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Марғилон” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида жорий йилнинг март ойида “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилган.

“WELLEX AGRO” МЧЖ вакиллари томонидан тақдим этилган божхона юк декларациясининг 34-графасида товарларнинг келиб чиқиш мамлакати номаълум деб кўрсатилганлиги сабабли божхона расмийлаштируви пайтида Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 366-моддаси талабига кўра, товарларга импорт божхона божининг икки баравар ставкаси қўлланилиб, 5 078 602 800,06 сўм божхона тўловлари ҳисобланган.

Мазкур жараёнда тадбиркорга қулайлик ва енгиллик тақдим этилган ҳолда Божхона кодексининг 329-моддасига мувофиқ, “Ўзагросуғурта” АЖнинг худудий филиаллари томонидан тақдим этилган суғурта полислари асосида божхона тўловларини 60 кун муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилган ва расмийлаштирилган.

Фарғона вилояти божхона бошқармасига “Wellex Agro” МЧЖ томонидан кейинчалик мурожаат қилиниб, ушбу мурожаат орқали расмийлаштирилган олма махсулотларига келиб чиқиш сертификатлари олинганлигини ҳамда шу асосида божхона божидан преференция қўлланилишини сўраган.

Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига импорт қилинган олма маҳсулотлари Давлат божхона қўмитаси томонидан таҳлил қилинганда ва Қирғизистон Республикасидан олиб келинган олма маҳсулотларининг божхона кўриги жараёнларида, ушбу маҳсулотлар эрон ҳарфларидаги ўрам ҳамда қадоқларга жойлаштирилганлиги, шунингдек, Давлат божхона қўмитасининг маълумотлар базасига асосан Ўзбекистон Республикаси орқали “Транзит” режимида Эрон Ислом Республикасидан Қирғизистон Республикасига автотранспорт воситаларида олиб ўтилган олма маҳсулотларини кейинчалик Қирғизистон Республикаси корхоналари томонидан қайта Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши ҳолатлари маълум бўлган.

Маълумот учун: Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидаги маълумотларига кўра, “WELLEX AGRO” МЧЖнинг Қирғизистондаги юк жўнатувчиси бўлган М.Баймуратовага Эрон давлатидан Ўзбекистон орқали транзит равишда Қирғизистон Республикасига олиб ўтилган жами  1 754,3 тонна олма маҳсулотларидан 1 328,1 тоннаси қайта Ўзбекистон Республикасига, яъни “WELLEX AGRO” МЧЖ номига экспорт қилинган. 

Ушбу маълумотларга асосан, Қирғизистон Республикаси тадбиркорлари томонидан Эрондан кириб келган олма маҳсулотларини ҳақиқий етиштирилган давлатини яширган ҳолда, божхона тўловларидан имтиёз олишга эришиш мақсадида ҳужжатларни қайта расмийлаштириш орқали (келиб чиқиш сертификатлари расмийлаштирилган ҳолда) Ўзбекистон Республикасига импорт қилиш ҳолатлари божхона органлари ходимларида шубҳа уйғотган.

Божхона кодексининг 364-моддасида товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат ёки ундаги маълумотларнинг, шу жумладан товар ишлаб чиқарилган мамлакат ҳақидаги маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа туғилса, сертификат ёки сўралган маълумотлар тақдим этилмагунига қадар товар муайян мамлакатда ишлаб чиқарилган деб ҳисобланмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Ушбу Кодекснинг 366-моддасига мувофиқ бундай ҳолатларда товарга нисбатан божхона божининг икки баравар оширилган ставкаси қўлланилиши белгилаб қўйилган.

Юқоридагиларга асосан, Божхона кодексининг 364 ва 366-моддалари асосида қўшимча аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар мавжудлиги сабабли, божхона органи томонидан ўз ваколати доирасида аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар юзасидан Қирғизистон Республикасига халқаро сўровномалар юборилган.

Лекин, шу кунга қадар ДБҚ томонидан сўралган маълумотларга Қирғизистон Республикаси томонидан тўлиқ жавоб берилмаган ҳамда сўралган ҳужжатлар тақдим этилмаган.

Шу билан бирга, айнан шунга ўхшаш ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 366-моддаси талабларидан келиб чиқиб, божхона расмийлаштирувини амалга оширилган корхоналарга нисбатан ҳисобланган жами 8,9 млрд.сўм божхона тўловлари белгиланган тартибда суд ҳукми асосида давлат бюджетига ундириб олинди.

Бугунги кунда, “WELLEX AGRO” МЧЖга нисбатан ҳисобланган божхона тўловларини давлат бюджетига ундириб олиш юзасидан божхона органлари томонидан назорат шикояти киритилган бўлиб, мазкур назорат шикояти Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ўрганиб чиқилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.

10.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг