Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Термизда брифинг бўлиб ўтди
437
Божхона соҳасида амалга оширилаётган ишлар хусусида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бекзод Зокиров иштирокида брифинг ташкил этилди.
Термизда  брифинг бўлиб ўтди

Брифингда жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида вилоят ташқи савдо айланмаси 298,5 млн. АҚШ долларни, бунда экспорт – 147,7 млн., импорт – 150,6 млн. АҚШ долларни ташкил этиши хусусида маълумотлар берилди.

Шунингдек, товарлар 23 га яқин давлатларга экспорт қилинган бўлиб, асосий ҳамкор давлатлар Афғонистон, Покистон, Россия, Хитой ва Қирғизистон ҳисобига тўғри келмоқда.

Экспорт қилинган асосий товарлар:  мева-сабзавот маҳсулотлари, калава ип, пахта толаси, озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик маҳсулотлари ва дарахтлар, ўсимликлар ҳисобига тўғри келмоқда.

Товарларнинг импортига тўхталадиган бўлсак, жами 46 та давлатлардан импорт қилинганлигини кўришимиз мумкин. Бу товарларга асосан: металлар ва улардан тайёрланган буюмлар, технологик асбоб ускуналар, ҳайвонлар учун озуқалар,  табиий қазилмалар, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари тўғри келади.

Божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида яратилган  қулайликлар тадбиркорлар томонидан, айниқса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини четга экспорт қилувчи экспортёрлар томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда.

Аниқ рақамларга мурожаат қилинганда, жорий  йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан 150,7 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. Мазкур мева-сабзавот маҳсулотлари Афғонистон, Покистон, Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Украина, Беларусь, Тожикистон ва ўнлаб Европа давлатларига экспорт қилинган.

Пандемия даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш ҳамда уларга иқтисодий кўмак бериш мақсадида, вилоят божхона бошқармаси томонидан 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида жами 304,1  млрд. сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.

Барчамизга маълумки, пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг тўлов қобилияти бирмунча сустлашди. Шу мақсадда уларга тижорат банклари томонидан кредит таътиллари бериш тартиби жорий этилган эди. Ушбу тажриба божхона тўловларини тўлаш борасида ҳам амалиётга тадбиқ этилди.

Бундан ташқари, республика ҳудудида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар тақчиллигининг олдини олиш, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти  ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июлдаги 449-сонли қарорига мувофиқ бир қатор тиббий воситаларга имтиёзлар берилди ва уларнинг божхона расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди.

Хусусан, қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 октябрга қадар:

84 турдаги тиббий буюмлар ва тиббий техникалар Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказмасдан ва мажбурий сертификациялаштирилмасдан импорт қилинишига;

46 турдаги дори воситалари импорт қилинганда ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганда уларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан ҳамда 5 кунлик муддатда сертификатлаштириш асосида божхона расмийлаштирувини амалга ошириш (импорт қилинганда)  ва реализация қилишга рухсат берилди.

Бу каби енгилликлар ҳамда қулайликлар давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сонли Фармони қабул қилинди.

Ушбу фармон билан 2020 йил 1 сентябрдан, “Ягона дарча” божхона ахборот тизими чегара божхона постларида жорий этилди;

2020 йил 1 ноябрдан бошлаб, божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунга қисқартирилиши белгилаб берилди.

Фармон билан божхона аудити ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш бўйича алоҳида таркибий тузилмалар ташкил этилди.

Мазкур тузилмаларни ташкил этиш орқали божхона органлари томонидан шартли равишда эркин муомалага чиқарилган товарлар устидан самарали назоратни амалга ошириш, шунингдек, чегара ўтказиш пунктларидаги давлат назорати функцияларини соддалаштириш, самарадорлигини оширишга эришилади.

Ҳозирги кунда вилоят ҳудудида жойлашган халқаро мақомга эга “Айритом” ва “Сариосиё” чегара божхона постлари туну-кун тўхтовсиз ўз фаолиятини амалга оширмоқда.

Бошқарма бошлиғи ўринбосари Б.Зокиров брифинг якунида  фуқароларимизнинг божхона соҳасига тааллуқли бўлган ҳар қандай масала ва мурожаатлар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ҳамда вилоят божхона бошқармасининг 76-225-02-26 рақамли ишонч телфонларига куну-тун телефон қилишлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.

12.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг