Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради
1010
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” ПФ-6005-сон Фармони билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да божхона органларига банклардан банк мижози бўлган ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) иштирокчисига тегишли маълумотларни олиш ҳуқуқини берувчи Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонунининг 7-моддасида божхона органлари банклардан, молия органларидан ҳамда бошқа ташкилотлардан, шунингдек жисмоний ва юридик шахслардан экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни сўраш ва олиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Банк сири тўғрисида”ги Қонуни 9-моддаси талабларига мувофиқ банк сирини ташкил этувчи маълумотлар прокуратура, тергов ва суриштирув органларига мазкур банк мижозига (вакилига) нисбатан қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда, етказилган зарар ундириб олинишини ёки унинг мол-мулки хатланишини таъминлаш мақсадида терговчи ёхуд суриштирувчининг асослантирилган қарорига биноан прокурор санкцияси билан тақдим этилиши кўрсатиб ўтилган.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ давлат божхона хизмати органлари  терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган ҳисобланади.

Шу билан бирга, божхона органларига товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейин божхона назоратининг шакли сифатида божхона аудитини амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Хорижий давлатларда, хусусан Буюк Британия, Испания, Голландия, Жанубий Корея ва Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ - Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия) божхона аудитини ўтказиш амалиёти банклардан, кредит-молиявий ва банк операцияларини амалга оширувчи бошқа ташкилотлардан маълумотларни олиш ҳуқуқи мавжудлигини кўрсатади.

Жумладан, ЕОИИ Божхона кодексининг 335-моддасида божхона органлари мансабдор шахслари божхона текширувини амалга ошириш учун банклардан, кредит-молия ташкилотларидан банк сирини сақлаган ҳолда маълумотларни олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Шунингдек, Жаҳон банки экспертлари томонидан товарлар чиқариб юборилгандан кейинги божхона назоратини (божхона аудити) амалга оширилишини таъминлашда сайёр текширувлар сонини минималлаштириш мақсадида банклардан банк мижози бўлган ТИФ иштирокчилари ҳақида ўзаро маълумот алмашинувини йўлга қўйиш ва уларни таҳлил қилиш юзасидан тавсиялар берилган.

“Банк сири тўғрисида”ги Қонунига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишнинг асосий мақсади божхона органларида мавжуд маълумотлар асосида ТИФ иштирокчиларининг молиявий барқарорлиги, ҳалоллиги ва қонунга итоаткорлик даражасини баҳолаш тизимини такомиллаштириш орқали уларга нисбатан соддалаштирилган божхона назорати шакллларини кенг қўллаш, шунингдек, яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.

 

23.10.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг