Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурининг Сирдарё вилоятида ижро этилиши ўрганилди
258
2020 йил 4 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурининг  Сирдарё вилоятида ижро этилиши ўрганилди

Унда Сирдарё вилоятида Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари мансабдор шахсларининг жойларда коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммолар ва коррупциянинг ҳолати тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров, вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев, сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакили, ҳудудий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупцияга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ва ушбу соҳа бўйича давлат дастурлари шулар жумласидандир.

Мазкур Қонун ва давлат дастурларида белгиланган вазифаларни бажаришда Сирдарё вилояти ҳудудий идоралари томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Жумладан, 2019 йил ва жорий йилнинг 9 ойида ҳудуддаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан коррупцияга оид жиноятларни содир этган мансабдор шахсларга нисбатан жами 82 та жиноят иши қўзғатилган, шундан 80 нафар шахсга нисбатан 71 та жиноят иши судларга юборилган.

Ҳудудий давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари, жумладан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг ҳудудий бўлинмаси, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш марказининг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш борасида ўзаро ҳамкорликни лозим даражада ўрнатиш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда ижтимоий шериклик механизмларидан кенг фойдаланилмаган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини бевосита ижрочилар томонидан кенг жамоатчиликка етказишда вакиллик органлари билан тўлиқ ҳамкорлик ўрнатилмаганлиги мажлис иштирокчилари томонидан қайд этилди.

Шунингдек, мажлисда ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, истиқболдаги вазифаларга урғу берилди.

Хусусан, порахўрлик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш каби ҳолатлар, коррупциянинг барча кўринишларига барҳам беришда турли идоралар ва аҳоли орасида тарғибот ишларининг самардорлигини ошириш лозимлиги таъкидланди.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссиялари жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишлар ҳолатини назорат қилиш билан бирга, ҳудудлар кесимида комплекс тарзда ўрганиб бориш ва аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича чора тадбирлар белгилаш ва таклифлар тайёрлаши  кўрсатилди.

Мажлисда идоралар фаолиятининг молиявий натижаларини очиб берадиган, коррупцияга қарши чораларни ошкор этишни таъминлайдиган механизмларни жорий этиш бўйичаички назорат ва ички аудитни йўлга қўйишни таъминлаш, давлат органлари ходимлари ўртасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида “комплаенс назорат” тизимини жорий этиш каби таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди.

Қўшма мажлисда муҳокама қилинган масала бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

 

 

6.11.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг