Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорлик ривожи – мамлакатимиз ва иқтисодиётимиз тараққиёти гарови
469
Тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш иқтисодий ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан бири саналади. Зеро, тадбиркорлик ривожи – мамлакатимиз ва иқтисодиётимиз тараққиёти гаровидир.
Тадбиркорлик ривожи – мамлакатимиз ва иқтисодиётимиз тараққиёти гарови

Шу боис ҳам юртимизда иқтисодий-ижтимоий ва ҳуқуқий соҳаларни ислоҳ этиш, эркин тадбиркорлик фаолиятини қарор топтириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, сўнгги йилларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент Фармонлари ҳамда Ҳукумат қарорлари натижасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида имтиёзлар, қулайликлар юзага келиб, тизимда ижобий ўзгаришлар сезила бошлади.

Бироқ шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва инвестициялар, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш учун максимал даражада қулай шарт-шароитлар яратиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларда қатор тизимли муаммо ва баъзи бир камчиликларга дуч келинмоқда.

         Шу боис мазкур муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 11 сентябрь куни муҳтарам Президентимизнинг “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3939-сонли Қарори қабул қилинди.

Унга мувофиқ ҳудудларда Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш комиссияси ҳамда ҳудудий гуруҳлар ташкил этилди. Қарор ижроси юзасидан Жиззах вилоятида тузилган ишчи гуруҳ ўзининг дастлабки фаолиятини тадбиркорлар билан учрашиш орқали улар фаолиятида учраётган мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганиш билан бошлади.

Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими, ишчи гуруҳ раҳбари Ф.Набиев, Жиззах вилояти ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари масалалари бўйича ўринбосари У.Эгамов, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Д.Юсупов ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Унда сўз олганлар тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятига нисбатан ҳар қандай тўсиқ ва ғовларни бартараф этишда қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилиш лозимлигини, қолаверса, комиссия ва ҳудудий гуруҳларнинг сўров ҳамда кўрсатмалари барча давлат органлари, ташкилотлари раҳбарлари, мансабдор шахслари томонидан сўзсиз ижро этилиши мажбурий эканлигини алоҳида таъкидлашди. Бу борада эса ҳар бир ишчи гуруҳ аъзоларига муҳим топшириқлар берилди.

Шундан сўнг, ишчи гуруҳ томонидан тадбиркорлар билан бирма-бир суҳбат ўтказилиб, фаолиятда мавжуд муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганиб чиқилиб, айрим муаммоли вазиятлар жойида ҳал этилди.

Шу ўринда айтиш керакки, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, турли бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилаётган бу каби кенг кўламли ишлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун тобора қулай муҳит яратилиб бораётганлигидан далолатдир. Қолаверса, ҳудудларда ташкил этилган мазкур ишчи гуруҳлар фаолияти яқин келажакда ўзининг ижобий самарасини бериши шубҳасиз.

                                Жиззах вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати

15.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг