Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорлик лойиҳалари ва муаммолар Ишчи гуруҳ диққат марказида
675
Тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, бу йўналишда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаган ҳолда амалда тўлиқ ва бир хилда ижросини ташкил этиш – бугун барча давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг устувор вазифаси этиб белгилаб қўйилган.
Тадбиркорлик лойиҳалари ва муаммолар Ишчи гуруҳ диққат марказида

Бироқ кузатувлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, соҳада қўлга киритилаётган ютуқлар билан бир қаторда ечимини кутаётган камчиликлар ҳам ҳали талайгина. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 сентябрдаги “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ юртимизда тадбиркорлар билан ишлаш учун Республика комиссияси ташкил этилди.

Жиззах вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизматининг ўтган галги мақоласида мазкур комиссиянинг дастлабки фаолияти ҳамда Жиззах шаҳар ҳудудидаги тадбиркорлар билан учрашуви маълум қилинган эди. Бу гал эса ишчи гуруҳ томонидан ташкил этилган очиқ мулоқот вилоят миқёсида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими, ишчи гуруҳ раҳбари Ф.Набиев, Жиззах вилояти ва туман ҳокимлари ўринбосарлари, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи, вилоят прокуратураси вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотларининг масъул ҳодимлари  билан бир қаторда вилоят ҳудудида фаолият юритаётган табдиркорлик субъектлари иштирок этишди.

Тадбирда дастлаб, ҳудудларда ташкил этилган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш комиссиясининг асосий мақсад ва вазифалари йиғилиш қатнашчиларига яна бир бор тушунтириб ўтилди. Шундан сўнг вилоятда фаолият олиб бораётган тадбиркорларнинг фаолияти, тизимдаги мавжуд муаммолар иштирокчилар муҳокама марказида бўлди.

Мулоқот давомида шу нарса маълум бўлдики, тадбиркорларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларнинг аксарияти қуйидаги соҳаларда вужудга келмоқда: хусусан, бўш турган бино-иншоотларни “ноль” қийматда олиш, аукцион савдоларида иштирок этиш, ер ажратилиши, бундан ташқари, банк-молия, кредит, гаров таъминоти ҳамда коммуникация тизимига уланиш, архитектура ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш каби муаммолар шулар жумласидандир. Кўтарилган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш юзасидан зарур чоралар кўриш бўйича тегишли ташкилот раҳбарлари ва масъул ходимларга  аниқ топшириқ ва вазифалар берилди.

Шунингдек, тадбир давомида божхона соҳасига оид масала юзасидан “Шохрух фарм” МЧЖ директори А.Қодирқуловнинг ҳам мурожаати тингланди. Мурожаатда хориждан тиббиёт ускуналарини ишлаб чиқариш ускуналари билан бирга олиб келинган “панели чистых помещений” товарига божхона тўловларидан имтиёз қўллаш масаласи баён этилди.

Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Д.Юсупов ушбу товарлар бўйича амалдаги қонунчиликда имтиёзлар назарда тутилмаганлиги, мазкур масала муқаддам бир неча бор қайта-қайта кўтарилганлигини таъкидлаб,  “Шохрух фарм” МЧЖни яна бир бор қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу масалани Республика комиссияси томонидан кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ бўлишини таклиф сифатида билдирди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасида шаклланган тизим, шунингдек, бу соҳа ривожи учун янада кенг йўл очиб беришни назарда тутувчи мазкур тадбирларнинг амалга оширилиши – тадбиркорлик субъектлари фаолияти ва мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожига  ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиши муқаррар. Зеро, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – нафақат жамиятимизнинг балки юртимиз тараққиёти ва  фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиши шарт.

Жиззах вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

18.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг