Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ишонч телефони – тадбиркорлар ишончи
1252
“Тадбиркорлик фаолияти йўлига тўсиқ қўйиш, унга қарши чиқиш – бу давлат сиёсатига, Президент сиёсатига қарши чиқиш, деб баҳоланиши керак”.
Ишонч телефони – тадбиркорлар ишончи

Давлатимиз раҳбарининг бу сўзлари мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, бу йўлдаги сунъий тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг кафолатига айланди.

Бу масалага божхона органлари фаолиятида ҳам устувор вазифа сифатида қаралмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқи бузилган ҳолатларни тезда аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида божхона органларида ҳам ишонч телефонлари фаолияти тизимли ва узлуксиз равишда йўлга қўйилган.

Давлат божхона қўмитасида (0-371) 120-76-33 телефон рақами ишонч телефони сифатида фаолият юритаётган бўлса, ҳудудларда ҳар бир божхона бошқармасининг ҳам алоҳида ишонч телефонлари фаолияти йўлга қўйилган.

Аҳолининг мазкур ишонч телефонларидан хабардорлигини ошириш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг расмий сайтида, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ ва ахборот каналлари орқали ишонч телефонлари доимий равишда эълон қилиб борилмоқда. Шунингдек, бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам эълонлар бериб борилмоқда.

Ишонч телефонлари орқали тадбиркорлик субъектларидан тушаётган ҳар бир мурожаат Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ кўриб чиқилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ўтган фурсат давомида ишонч телефонлари тадбиркорларимизнинг ишончли ҳимоячисига айланиб бормоқда. Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида божхона органларининг ишонч телефонлари орқали 1124 та мурожаатлар келиб тушган. Шуларнинг 428 таси яъни 38 фоизи бевосита Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати ишонч телефони орқали келиб тушган.

Мурожаатларнинг асосий қисми ахборот тусига эга бўлиб, бунда ишонч телефони орқали фуқароларга божхона қонунчилигига доир сўралган маълумотлар, тавсия ва маслаҳатлар берилган. Хусусан, божхона соҳасида тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар, божхона ходимларининг хизмат фаолиятидаги хатти-ҳаракатлари, чегара-божхона постларида фуқароларни божхона назоратидан ўтказиш жараёнида юзага келаётган муаммолар, импорт қилинган товарларни божхона постларида расмийлаштиришга доир масалалар мурожаатларнинг асосий мазмунини ташкил қилади.

Бу эса очиғини айтганда, чегара-божхона ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида божхона органлари фаолиятига доир ҳуқуқий тарғиботнинг тўлақонли йўлга қўйилмаганлигидан далолат беради.

Шу мақсадда, айни вақтда Давлат божхона қўмитасининг Телеграм ижтимоий тармоғидаги тадбиркорлар учун махсус гуруҳи ташкил қилинди-ки, ҳозирга келиб гуруҳда 1800 га яқин аъзолар божхона соҳаси бўйича ўзаро ахборот алмашмоқдалар.

Мурожаатлар сонини ҳудудлар кесимида таҳлил қилсак, Самарқанд (258 та), Андижон (75 та) божхона бошқармалари ва “Тошкент-Аэро” ИБК (58 та) га ишонч телефонлари орқали мурожаатлар нисбатан кўпроқ келиб тушган.

Мурожаатлар таркибида божхона ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан йўлланган шикоятлар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг 4 таси ўз тасдиғини топди. Натижада, мазкур ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг мансабдор шахслари огоҳлантирилди ва айримлари интизомий жазога ҳам тортилди.

Кўриниб турганидек, тадбиркорларнинг мурожаатлари асосида уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кўлами тобора ортиб бормоқда. Бунда божхона органларининг ишонч телефонлари роли ортиб, давлат божхона хизмати органлари фаолият очиқлиги таъминланмоқда.

Яна бир жиҳат - ишонч телефонлари божхона қоидабузарликлари содир этилишининг олдини олишда ҳам беминнат дастёрга айланиб бормоқда.

Масалан, Хоразм вилояти божхона бошқармасида ишонч телефони орқали олинган тезкор хабар ўз тасдиғини топиб, Урганч шаҳрида 150 кг.дан ортиқ рангли металл парчаларининг ноқонуний айланмаси олди олинган.

Хулоса қилиб айтганда, божхона органлари томонидан мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш, соҳадаги айрим сунъий тўсиқларни бартараф этиш ва мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шундай экан, унутманг, Сизнинг Давлат божхона қўмитаси ва ҳудудий божхона бошқармаларининг ишонч телефонлари орқали қилган мурожаатингиз асло эътиборсиз қолдирилмайди, шахсий маълумотлар сир сақланиши кафолатланади.

 

Г. Махмудхонова

17.05.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг