Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда
635
Иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири бу - кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш эканлиги бугун ҳеч кимга сир эмас.
Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда

Мамлакат иқтисодиётининг тараққий этишига  муносиб ҳисса қўшадиган ишбилармон тадбиркорга  ҳар қанча  имтиёзлар яратиш бу мақсадга мувофиқдир. Шу боис, юртимизда мазкур соҳани жадал ривожлантириш, тизимда қулай шароитлар, имтиёз ва преференциялар яратиш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳим устувор вазифа этиб белгилаб қўйилган. Унга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаат ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада қатор қонун ва қонун ости меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.  

Президентимизнинг жорий йил 11 сентябрда “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПҚ-3939 сонли Қарорининг қабул қилиниши ҳудудларда тадбиркорлик ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур Қарорга мувофиқ  тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш комиссияси ҳамда ҳудудий гуруҳлар ҳам ташкил этилган.

Давлат божхона қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бошқармаларида ҳам ушбу Қарор ижроси доирасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 17-18 сентябрь кунлари Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари М.Салиев Наманган вилоятининг Мингбулоқ, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларида бўлиб, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳамда юзага келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказди.

Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ташкил этилган учрашувда тадбиркорларнинг аксарият муаммолари маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллари ва мутасадди идоралар масъул ходимлари иштирокида ўрганиб чиқилиб, жойида ижобий ҳал этилди. Баъзи бир ўрганиб чиқилиши лозим бўлган муаммолар эса вилоят ишчи гуруҳининг соҳавий масъул вакилларига тақдим этилди.

Шунингдек, учрашув давомида тадбиркорларнинг божхона соҳасига тегишли муаммолари ҳам кўриб чиқилди.  Жумладан, Наманган вилоятининг Чортоқ туманида фаолият юритувчи “Чортоқ фидани” фермер хўжалиги раҳбари Ф.Мусабаев Ўзбекистон Республикасига хориждан чорва молларини олиб киришда чегара божхона постларида расмийлаштириш жараёнларини имкон қадар тезлаштириш лозимлигини сўраб мурожаат қилди. Фермернинг ушбу мурожаати жойида ўз ечимини топди.  

Бундан ташқари “Султонбек-Сабрина боғлари” фермер хўжалиги раҳбари Б.Рахимовнинг Россия Федерациясидан наслли қора молларни олиб келишда божхона тўловларидан имтиёзлар олиш бўйича мурожаати ҳам тингланди. Шундан сўнг, билдирилган барча мурожаат ва мавжуд муаммоларнинг ижобий ечими бўйича соҳа ходимлари томонидан иштирокчиларга керакли тушунча ва тавсиялар берилди. Қолаверса, тадбиркорликни янада ривожлантиришда божхона органлари билан боғлиқ яна бирор бир тушунмовчилик ёки муаммолар юзага келганда Давлат божхона қўмитасининг “Ишонч телефон” рақамларига мурожаат қилишлари лозимлиги ҳам айтиб ўтилди.

Айтиш керак, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, турли бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилаётган бу каби кенг кўламли ишлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун тобора қулай муҳит яратилиб бераётганлигидан далолатдир. Қолаверса, ҳудудларда ташкил этилган мазкур ишчи гуруҳлар фаолияти яқин келажакда ўзининг ижобий самарасини бериши турган гап.

Наманган вилоят

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

20.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг