Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Аждодларимиз жасорати – фидойилик тимсоли
250
Божхона институтида “Мен Жалолиддин Мангуберди ва Амир Темур каби буюк саркардалар авлодиман” мавзусида илмий-маърифий давра суҳбати бўлиб ўтди.
Аждодларимиз жасорати – фидойилик тимсоли

Давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган ватанпарварлик ойлиги доирасида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Қуролли Кучлар, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги академияси, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти, Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари ва ходимлари шунингдек, Божхона институти шахсий таркиби иштирок этди.

Илм-фан, таълим ва маданият соҳасида кўп йиллар хизмат қилиб келаётган олимлар, профессор-ўқитувчилар, шоир ва ёзувчилар ўз чиқишларида улуғ аждодларимиз – Соҳибқирон Амир Темур ва чексиз матонат тимсоли Жалолиддин Мангубердининг бетакрор шахсияти, ибратли ҳаёт йўли ва фаолияти ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда нечоғли муҳимлигини таъкидлашди.

Буюк боболаримиз Амир Темур ва Жалолиддин Мангубердининг тарихий сиймоси, Ватан каби муқаддас қўрғонни кўз қорачиғидек ҳимоя қилиш йўлидаги ўчмас жасорати ва бой мероси халқимиз, айниқса замонамиз ёшларига юксак намуна бўлиб хизмат қилади. Узоқ вақт мобайнида қадр-қиммати топталган, тарихий аҳамияти қадрсизланган саркардаларимизнинг улуғ номини тиклаш, хотирасини абадийлаштириш, шунингдек, аждодлар мардлиги тимсолида миллий ғурурни юксалтириш имконияти айнан мустақиллик шарофати билан юзага чиққани бежиз эмас.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргашев аждодларимиз қаҳрамонлиги салоҳиятли ёшларни касбий, бадиий, ижодий фаолиятга илҳомлантириши, уларни доимо огоҳликка чақириб, миллий мафкурамизга ёт ғояларнинг зарарли таъсирига тушиб қолмаслиги, ҳар қандай салбий ҳолатларга муносиб равишда қарши тура олишига хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

“Амир Темур” жамоат фонди раиси ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Ҳайит буюк тарихимизда жасорати ва ватанпарварлиги билан халқ меҳрини қозонган, миллатимизни бутун дунёга танитган буюк саркарда Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти турли тарихий ва бадиий адабиётларда ёритилгани, мазкур манбаларга қизиқиш уйғотиш орқали ёшларни мутолаага кенгроқ жалб этиш, халқимиз орасида китобхонлик маданиятини ошириш лозимлигини эътироф этди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти доценти Худойберди Хақназаров таъкидлаганидек, Хоразмшоҳлар сулоласининг забардаст вакили бўлган Жалолиддин Мангуберди мўғул босқинчиларига қарши курашда мислсиз қаҳрамонликлар кўрсатганида атиги 33 ёш бўлган. Демак унинг ёрқин хотираси бугунги ёшларимизда Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини англатади, уларни жонажон Ватанимиз мустақиллиги ва равнақи йўлида фидокорона хизмат қилишга чорлайди.

Институт курсантлари ва ёш ўқитувчилари иштирокида ўтказилган бундай тадбирлар, ёшлар онгида, қалбида улуғ аждодларимиз билан фахрланиш, уларнинг муносиб, ватанпарвар авлод бўлиб етишишга интилишини кучайтиришга замин яратади.

 

13.01.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг