Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Муаммолар юзма-юз учрашувларда ечим топади
761
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Сергели” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган сўнгги норматив ҳужжатлари, бу борада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектларига яқиндан етказиш, уларнинг таклифларини ўрганиш, фаолиятлари давомида дуч келаётган муаммоли масалаларни жойида ҳал қилиш мақсадида навбатдаги сайёр учрашув ўтказилди.
Муаммолар юзма-юз учрашувларда ечим топади

Тадбирни кириш сўзи билан очар экан, бошқарма бошлиғининг ўринбосари З.Сангинов ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ошириш, ортиқча рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш, уларга янада кенг шарт-шароитлар яратиш, талаб юқори бўлган озиқ-овқат товарларини импорт қилишда тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, ташқи иқтисодий фаолият субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилганлигини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПҚ-3818-сонли қарори асосида ўтган давр мобайнида мамлакатда халқаро иқтисодий ҳамжамиятга интеграциялашиш ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича изчил ишлар олиб борилаётганлигини айтиб ўтди.

Шу билан бирга, божхона-тариф жиҳатдан тартибга солишнинг амалдаги тизими рақобатнинг бозор принциплари ривожланишини рағбатлантирмаяпти. Хусусан, олиб кирилаётган товарларга нисбатан божхона тўловларини тўлаш бўйича ҳаддан ташқари кенг имтиёзлар берилиши тариф жиҳатдан самарали тартибга солиш имконини бермаяпти, ваҳоланки, индивидуал преференциялар тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун тенг бўлмаган рақобат шароитларини яратмоқда.

Ушбу қарорга мувофиқ янги импорт божхона божлари ставкалари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган, акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари 2019 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.

Мулоқот давомида иштирокчиларга ҳозирги кунда божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорлик йўналиши бўйича янги қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар бўйича қисқача маълумотлар бериб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 16 январдаги ПФ-5303-сонли Фармони асосида:

2019 йилнинг 1 январига қадар тирик йирик қорамол, тирик қўй ва эчкилар, йирик қорамол гўшти, қўй ёки эчки гўшти, картошка, соя ловияси, кунгабоқар уруғи, кунжут уруғи, шакарқамиш ёки лавлаги шакари ва кимёвий тоза сахароза озиқ-овқат маҳсулотлари ва хом ашёлари Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда божхона тўловларини тўлашдан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 17 январдаги ПҚ-3479-сонли Қарори асосида:

2019 йилнинг 1 январига қадар цемент, асбест, қурилиш ойнаси, ёғоч-тахта ва ёғоч-тахта материаллари, кўмир маҳсулот, хом ашё ва материаллари Ўзбекистон Республикасига импорт қилиниб,  биржа савдолари орқали реализация қилинганида божхона тўловларини тўлашдан озод этилади.

Бундан ташқари, 2018 йилнинг 1 сентябрдан:

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларнинг аккредитациядан ўтган органлари томонидан мувофиқлик сертификатлари берилган, Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган товарларга нисбатан мажбурий мувофиқлик сертификатлаштиришни амалга ошириш талаб этилмайди;

товарларнинг «эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимига божхона расмийлаштируви учун товарларни давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмайди;

«божхона омбори» режимида олти ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштирувида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан божхона тўловлари юзасидан тақдим этилган имтиёзлар қўлланилмаслиги таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда  божхона соҳасида қабул қилинаётган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига қўйиб келинаётганлиги таъкидланиб мазкур муҳокамаларда ТИФ қатнашчиларининг хам фаол қатнашишлари лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Йиғилишда кўйилган масалалар ва божхона пости хизмат фаолиятида дуч келаётган бошқа муаммоли масалалар бўйича йиғилиш қатнашчилари ўртасида муҳокамалар бўлиб ўтди. Йиғилиш иштирокчилари ўзларини қизиқтирадиган саволлар билан Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғининг ўринбосарига ва пост бошлиғига мурожаат қилди.

Жумладан, Тошкент шаҳри Сергели туманида жойлашган “PRESYSTEM UNIVERSAL” МЧЖнинг вакили ортиқча ундирилган божхона тўловлари ташкилотнинг депозит ҳисоб рақамига қайтмаганлигини маълум қилди. Тошент вилояти Зангиота туманида жойлашган “DONYA PARRANDA” фермер хўжалиги вакили мазкур ташкилот номига хориждан олиб келинадиган парранда озуқасига қўшиладиган органик қўшимчаларни Давлат ветеринария бошқармаси томонидан бериладиган “Рўйхатга олиш гувоҳномаси”ни олишда ушбу бошқарма ходимлари томонидан сансалорликка йўл қўйилаётганлиги оқибатида парранда озуқасини ўз вақтида тайёрлашда қийинчиликларга учраётганлигини, божхона органларидан ўз ваколати доирасида ушбу муаммоларни бартараф қилишда амалий ёрдам кўрсатишларини сўраб мурожаат қилди.

Мазкур мурожаатларни бартараф этиш мақсадида бошқарма бошлиғи ўринбосари мутасадди бўлим раҳбарларига юқоридаги холатларга аниклик киритиб, ТИФ қатнашчиларига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқлар берди.

Шунингдек, бошқа йўналишларда берилган саволларга белгиланган тартибдаги жавоб ҳамда маслаҳатлар олдилар ва божхона назорати ҳамда расмийлаштируви жараёнини янада тартибга солиш мақсадида пост шахсий таркибига тадбиркорлар билан хушмуомалада бўлиш, уларнинг қонуний манфаатларини бузилишига йўл қўйилмаслик, хизматни ўташ давомида тамагирлик, порахўрлик иллатларига йўл қўймасликлари, божхона расмийлаштирувини амалга оширишда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда амалга оширишлари ҳақида топшириқлар берилди.

Тошкент шаҳар

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

25.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг