Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона қоидаларига риоя қилиш мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилади
317
Амалдаги тартибларга кўра, жисмоний шахслар баъзи турдаги товарларни истисно қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда 300 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни юртимизга бож тўловларини тўламасдан олиб киришлари мумкинлиги белгиланган.

Шунингдек, 2018 йил 1 июлдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормалари тасдиқланган.

Унга кўра, совутгич, музлатгич, кондиционер каби 20 турдаги маиший техника буюмларини бир ойда бир маротаба, бошқа товарлар эса ҳар бир номдаги товардан 2 кг.дан, аммо умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмаган миқдорда бир кунда бир маротаба ўз шахсий эҳтиёжлари учун божхона тўловларисиз олиб кирилиши мумкин.

Агарда ушбу товарлар тижорат мақсадларида олиб кириладиган бўлса, божхона расмийлаштирувининг умумий тартиби қўлланилиши қатъий белгиланган.

Афсуски, жисмоний шахслар учун яратилаётган бундай имконият айрим “сохта тадбиркор”лар томонидан суиистеъмол қилинмоқда. Яъни, ушбу фуқаролар хорижий давлатлардан товарларни республикамизга қонун доирасида импорт қилмасдан, давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган божхона тўловларини тўламаслик мақсадида қўшни давлатнинг республикамиз билан чегара ҳудудида товарларни йиғиб, “ташмачи” фуқароларни маълум бир ҳақ эвазига ёллаган ҳолда товарларни республикамизга олиб ўтишга уринишмоқда.

Таҳлил натижаларига қараганда, “сохта тадбиркорлар”га тегишли товарларни ўтказиш билан шуғулланаётган “ташмачи” фуқаролар 2018 йил январь-сентябрь ойларида чегара божхона постлари орқали 300 дан 400 мартагача ўтган ҳамда фуқаролик паспортларини 1 йилда 4-5 мартагача алмаштирган.

Жисмоний шахслар томонидан тижорат мақсадида товарларни чет элдан божхона постлари орқали олиб киришда айрим ҳолатларда салбий оқибатлар келиб чиқиши мумкинлиги фуқаролар эътиборидан четда қолмоқда.

Жумладан, республикамизга олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари мисолида олсак, бу маҳсулотларнинг асосий кўрсаткичларидан бири маҳсулотнинг хавфсизлиги ва безарарлиги ҳисобланади.

Фуқаролар томонидан тез бузиладиган ва совутгичларда сақлашга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари, яъни гўшт ва гўшт маҳсулотлари (колбаса, консерва), сут ва сут маҳсулотлари (йогурт, пишлоқ, сариёғ), балиқ, тухум, қандолат ва ҳоказо маҳсулотлар божхона постлари орқали олиб кирилмоқда.

Ушбу маҳсулотларни ташишда санитария ва гигиена қоидаларига риоя этиш жуда муҳимдир. Чунки мазкур озиқ-овқат маҳсулотлари юқори ҳароратда сақланганда ёки ташилганда уларнинг таркибида микроорганизмларнинг ривожланиши кўпаяди ва инсон саломатлигига хавфлилик даражаси ортади.

Масалан, жисмоний шахс болалар бўтқаси, яъни каша озиқ-овқат маҳсулотини ўз эҳтиёжи учун, фарзандига олиб кираётган бўлса, унинг бузилишидан эҳтиёт бўлади, агар тижорат мақсадида олиб кирмоқчи бўлса-чи?

Биринчидан, ушбу озиқ-овқат маҳсулотларини ҳар хил “ташмачи” фуқаролар томонидан тижорат мақсадида олиб киришда санитария ва гигиена қоидаларига риоя этилмайди.

Иккинчидан, ушбу болалар бўтқасининг қутисида товарнинг сақлаш ва ташиш шароити 5-20о градус эканлиги кўрсатилган бўлиб, ҳозирги 25-30о градус шароитда, сумкаларда олиб кирилиб, “сохта тадбиркор” томонидан кўчада сақлаб турилиб, кейинчалик дўқонларга олиб борилганда товарларнинг бузилмаслигига ва уни истеъмол қилган фарзандларимиз жажжи чақалоқлар заҳарланиб, салбий оқибат келиб чиқмаслигига кафолат бериб бўлмайди.

Шу сабабли божхона хизмати органлари ходимлари томонидан фуқароларнинг истеъмол товарларини олиб киришда божхона қоидаларига риоя қилишларини таъминлаш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.

Шунга қарамай, айрим фуқаролар мазкур тартибларни бузишга ҳаракат килиб, товар-моддий бойликларни ноқонуний равишда олиб киришга уринишмоқда.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, жорий йилнинг ўтган даврида божхона чегарасида ўтказилган текширув тадбирлари натижасида жами 1 911 та ҳолатда божхона қонунчилигини бузишга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган ва 22,3 млрд. сўмлик товарлар ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган бўлиб, тегишли тартибда кўриб чиқилган.

Чунончи, яқинда Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган қонунбузарлик ҳолатига кўра, У.М. исмли фуқаро “Ғишткўприк” божхона пости орқали “ташмачилар” ёрдамидан фойдаланган ҳолда умумий қиймати 21 миллион сўмдан ортиқ бўлган шоколад, конфет, печенье, қуруқ сут, болалар бўтқаси каби озиқ-овқат маҳсулотларини ҳамда чангютгич, болалар велосипеди, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларни тижорат мақсадида божхона тўловларини тўламасдан олиб ўтганлиги аниқланган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, божхона қоидаларига риоя қилиш сифати кафолатланмаган маҳсулотларнинг юртимизга кириб келиши ва фуқаролар соғлигига зарар етиши каби салбий оқибатларнинг олдини олади. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизнинг тараққиётига  хизмат қилади.

Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати

28.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг