Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ҳудудларда тадбиркорлик лойиҳалари ва муаммолар ўрганилмоқда
563
Наманган вилоятида тадбиркор ва ишбилармонларни ўйлантираётган муаммоларини ҳал қилиш ҳамда янги истиқболли ғоя ва таклифларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудларда учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, Давлат божхона қўмитаси Раис ўринбосари бошчилигида Президентимизнинг “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПҚ-3939 сонли Қарорига мувофиқ ташкил этилган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш комиссияси ҳамда ҳудудий гуруҳларининг иш фаолияти ўрганилди.

Вилоятнинг Поп, Мингбулоқ, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида ташкил этилган навбатдаги учрашувларда тадбиркорлик субъектлари вакилларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш ва қадоқлаш, етиштирилаётган узум мевасини экспортга тайёрлаш каби ташаббуслари ва лойиҳалари билан яқиндан танишилиб, уларнинг истиқболлари ва муаммолари ўрганилди.

Жумладан, вилоятда фаолият юритаётган “Тиллахон” фермер хўжалигининг 2 минг тонна сиғимга эга замонавий музлаткичида узум махсулоти экспорт қилиш учун сақланаётгани, “Янги фортуна логистика” МЧЖ томонидан етиштирилган олхўрини қайта ишлаб қуритиб қадоқлаш жараёнлари ҳамда “Эко Флор” МЧЖнинг ун ишлаб чиқариш жараёнлари ўрганилиб, уларга экспортни амалга ошириш бўйича таклифлар берилди.

Тадбиркорлар билан бўлган учрашувларда уларни қийнаётган муаммолари ўрганилиб ҳудудларнинг ўзида тегишли мутасадди ташкилотлар вакилларига тадбиркорларга амалий ёрдам беришлари учун кўрсатмалар берилди. Қолаверса, тадбиркорликни янада ривожлантиришда божхона органлари билан боғлиқ яна бирор бир тушунмовчилик ёки муаммолар юзага келганда Давлат божхона қўмитасининг 11-08 “Ишонч телефон” рақамига мурожаат қилишлари лозимлиги ҳам айтиб ўтилди.

 

Наманган вилоят

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

 

29.09.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг