Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
ДБҚ делегацияси МДҲ божхона хизмати раҳбарлари кенгашида иштирок этди
346
Давлат божхона қўмитаси делегацияси жорий йилнинг 3-4 октябрь кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган 68-сонли мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари божхона хизмати раҳбарлари кенгашида (БХРК) иштирок этди.

Учрашув давомида божхона сохасидаги ҳамкорликнинг турли йўналишларини, жумладан, божхона назоратини ташкил қилиш, халқаро божхона ташкилотлари доирасидаги божхона хизматларининг ҳамкорлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари йўналишидаги ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш ва бошқа турдаги йўналишларни қамраб олувчи 11 та масала бўйича тегишли қарорлар имзоланди.   

Шулардан 2 та масала Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган, темир йўл транспорти орқали олиб ўтиладиган юкларни божхона назорати ва божхона операциялари вақтидаги божхона органлари ва МДҲ давлатларининг темир йўл юк ташувчилари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳаракатларининг Намунавий технологияси лойиҳаси маъқулланиб МДҲ темир йўл транспорти кенгаши Дирекциясига келишиш учун юбориш тўғрисида Қарор имзоланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган, МДҲ давлатлари божхона хизматларининг ахборот тизимлари ва ресурсларининг ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг намунавий талаблари бир овоздан маъқулланиб, имзоланди. 

Таъкидлаш жоизки, кенгаш мажлислари доирасида божхона соҳасидаги ҳамкорликнинг икки томонлама халқаро шартномаларини имзолаш учун қулай имконият яратмоқда.

Ўзбекистон делегацияси томонидан мазкур ўтказилган Кенгаш йиғилиши давомида МДҲга аъзо давлатлар билан бир қатор икки томонлама ҳужжатлар ҳам имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Қозоғистон Республикасининг Молия Вазирлиги ўртасида товарларнинг муайян турларига нисбатан божхона назорати натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги (соддалаштирилган божхона йўлаги) Битим шулар жумласидандир.

Мазкур битимнинг имзоланиши, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш юзасидан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили”даги Давлат Дастурида белгиланган вазифалардан бири бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини рағбатлантириш учун хорижий мамлакатлар божхонасида қулай шароитларни яратишни тақазо этади.

Келишув натижасида божхона назоратининг замонавий метод ва шаклларини ривожлантиришдаги икки тарафлама ҳамкорлик кучайтирилади, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун божхона операцияларини тезлаштириш йўли орқали савдога кўмаклашиш чора тадбирлари ва қулай шарт-шароитлар яратилади.

Бундан ташқари, давлатлараро ҳаракатланаётган товар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона назоратини самарадорлигини ошириш мақсадида электрон ахборот алмашинуви янада юқори даражада амалга оширилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати қошидаги Божхона хизмати ўртасидаги имзоланган “Соддалаштирилган божхона йўлаги” тўғрисидаги Битим ижросини таъминлашга қаратилган ўзаро маълумот алмашинувининг Техник Шартлари ҳам имзоланди.

Ушбу муҳим ҳужжатнинг имзоланиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 9-10 март кунлари Тожикистон Республикасига бўлган Давлат ташрифи чоғида имзоланган ҳужжатларнинг амалий ифодасидир.

Мазкур техник шартларнинг асосий мақсади икки давлат ўртасида товар ва транспорт воситаларини олиб ўтилиши жараёнидаги божхона операцияларини амалга оширишни соддалаштирилган тартибини ташкил этилиши юзасидан Келишувни амалга ошириш, ҳамда  “Соддалаштирилган божхона йўлаги”дан фойдаланувчи ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ҳақидаги маълумотларни  олдиндан алмашиш йўли орқали божхона жараёнларини тезлаштиришдан иборатдир.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Соддалаштирилган божхона йўлаги доирасида экспорт қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимиз манзилга етиб борганда хориждаги божжхона хизмати томонидан ортиқча расмиятчиликсиз, соддалаштирилган тартибда, бошқа товарларга ва ТИФ қатнашчилари юкларига нисбатан биринчи навбатда расмийлаштируви амалга оширилади.  Бу эса мазкур маҳсулотларни экспортини рағбатлантиришга, уларни хорижий бозорларда рақобатбардошлигини оширишга қўшимча имкониятлар яратади.  

 

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

 

6.10.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг