Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупция – ҳалокатга йўл!
410
Коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.
 Коррупция – ҳалокатга йўл!

Бу иллатнинг кенг қулоч ёйиши ўта салбий оқибатларга олиб келади. Хусусан, демократик жараёнларнинг амалга ошишига тўсқинлик қилади, иқтисодий ривожланишнинг секинлашиши, кадрлар сифатининг пасайиши ва оқибатда барча соҳаларнинг оқсашига, уюшган жиноятчиликнинг илдиз отишига, ҳукуматга бўлган ишонч йўқолиши ва ижтимоий-сиёсий беқарорликка сабаб бўлади.

Бугунги кунда юртимизда янада жадаллашган кенг кўламдаги ислоҳотлар доирасида давлат ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигида очиқликни, шаффофликни мустаҳкамлаш, коррупцияни таг-томири билан йўқотиш, фуқароларда қонунга итоаткорлик ва ҳурмат ҳиссини юксалтириш, ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш шароитида коррупция каби салбий ижтимоий воқеликнинг олдини олиш ва унга қарши кураш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда  2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун билан миллий қонун ҳужжатларимизга халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари сингдирилди.

Мазкур қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришни, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини ўз ичига қамраб олган.

Ушбу қонунга кўра, Давлат божхона хизмати органлари ўз ваколатлари доирасида:

коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

коррупция билан боғлиқ жиноятлар бўйича тезкор-қидирув фаолиятини, суриштирувни амалга оширади;

коррупциянинг ҳолати ва коррупцияга қарши курашиш натижалари тўғрисидаги ахборотни йиғади ҳамда таҳлил қилади, тегишли давлат органларига зарур ахборотни тақдим этади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция фактларига доир мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўради;

аҳоли ўртасида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий тарғиботга доир фаолиятда иштирок этади;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олди олинишини, аниқланишини ва уларга чек қўйилишини таъминлашга, уларнинг оқибатларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир тадбирларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Мазкур қонун фуқаролар, тадбиркорлар, қолаверса, чет эл инвесторларининг юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга нисбатан ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давлат божхона қўмитаси тизимида коррупция, порахўрлик ва бошқа салбий иллатларга қарши курашиш ҳамда уни олдини олиш мақсадида ўз хавфсизлиги бошқармаси ва унинг жойлардаги тузилмалари ташкил этилган.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Ўз хавфсизлик гуруҳи томонидан 2018 йилнинг 9 ойи давомида
51 маротаба умумий тартибда (йиғилиш, семинар ва ўқув машғулотлари), 57 маротаба якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказилган. Бунга божхона ходимларининг ота-оналари ва оила аъзоларини ҳам жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари, декларантлар билан ҳам мунтазам равишда очиқ мулоқотлар ва учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Давлат божхона қўмитасининг узлуксиз фаолият юритувчи “Ишонч телефони” 11-08 рақами жорий қилинган бўлиб, у орқали фуқаролар божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан хабар беришлари мумкин.

Ушбу “Ишонч телефони” божхона тўғрисидаги қонун хужжатларининг бузилишини зудлик билан олдини олиш, мансабдор шахслар ва божхона ходимлари томонидан коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этилишининг олдини олиш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг қонуний ҳуқуқ ва манфатларини ҳимоя қилиш мақсадида йўлга қўйилган.

И.Ғуломов,

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси

Ўз хавфсизлик гуруҳи бошлиғи

8.10.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг