Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ислоҳотлар божхона органлари тараққиётига хизмат қилади
683
Бугунги кунда Ўзбекистон божхона тизими мустаҳкам ҳуқуқий негизга, божхона назоратининг замонавий техник воситалари ва технологияларига, билимли ва фидоий кадрларига, ўз ўқув базасига эга бўлди. Божхона органларининг республика давлат назорати ва бошқарувининг мустақил тузилмаси сифатида шаклланиши ва фаолияти сифат жиҳатидан бутунлай янги босқичга кўтарилди.
Ислоҳотлар божхона органлари тараққиётига хизмат қилади

Ҳозирда такомиллашган, жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган инфратузилмага эга бўлган божхона хизмати мамлакатимиз иқтисодий суверенитетини ҳимоя қилишни таъминлайдиган энг муҳим давлат бошқаруви институтларидан бирига айланди. Ташқи савдо айланмасини тартибга солишда иштирок этиш орқали божхона хизмати давлат хазинасини тўлдиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда, республика иқтисодиётининг жаҳон хўжалиги алоқалари тизимига қўшилиши учун қулай шароит яратиб, ўз олдига қўйилган улкан ва масъулиятли вазифаларни муваффаққият билан амалга ошириб келмоқда.

 

Республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, иқтисодиётни модернизация қилиш мақсадида мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947 сонли Фармони эълон қилинди. Ушбу фармон билан белгилаб берилган асосий устивор йўналишлар ва вазифалар асосида божхона органларида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш бешта асосий устивор йўналишларидан бири ҳисобланади.

 

Мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш билан узвий боғлиқ жараёндир. Ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш деганда, энг аввало, экспорт-импортни расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда хўжалик юритувчи субъектларининг эркинлиги ва иқтисодий мустақиллигини ошириш, ташқи савдони тартибга солишда маъмурий усулларини оптималлаштириш ва соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этилиши тушунилади.

 

Бу борада божхона органларида ҳам қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, божхона фаолияти бўйича ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар такомиллаштириш натижасида ташқи иқтисодий фаолият субъектларига қулайликлар яратилмоқда.Божхона расмийлаштирувидаги тартиб-тамойиллар жаҳон андозаларига яқинлашмоқда.

 

Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида давлат хизматларининг шаффофлигини ва улардан эркин фойдаланиш имкониятини, мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, экспорт-импорт операцияларининг мутаносиблигини таъминлаш мақсадида, 2018 йил 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5414 сон Фармони қабул қилинди.

 

Мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси божхона органларини ислоҳ қилишнинг муҳим 8 йўналишлдаги: божхона органларининг барча даражадаги тузилмалари вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш ҳамда тақсимлаш, божхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, халқнинг ишончини мустаҳкамлаш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, рағбатлантириш механизмини такомиллаштириш, кадрлар сиёсатини юритиш, божхона тўловларининг ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини таъминлаш ҳамда божхона назоратини амалга оширишда техник воситаларнинг татбиқ этилиши ҳисобига Давлат чегара ўтказиш пунктларида божхона тартиб-таомилларини амалга оширишнинг давомийлигини қисқартириш, божхона тизими соҳасида халқаро илғор тажрибаларни ўрганиш ва уларни божхона амалиётига жорий этиш каби вазифалар белгилаб берилди.

 

Юқоридаги тадбирлар бевосита тадбиркорларга қулайлик яратиб, уларнинг экспорт-импорт юкларини расмийлаштиришга кетадиган вақтини ва маблағини тежашга олиб келади ҳамда ушбу товарларнинг таннархи пасаяди, натижада давлатнинг ташқи савдо айланмасини тез суръатлар билан ошишига, миллий божхона тизимидаги тартиб-тамойилларни ривожланган давлатлар божхона соҳасидаги илғор тажрибаларга яқинлаштиришга замин яратади.

 

Шунингдек, ҳужжатда 2018 йил 1 июлдан бошлаб, товарларни божхона режимларига жойлаштирилишида, шунингдек хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартирилишида божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинди, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлдилар.Божхона омборларида уч йилдан ортиқ сақланиб келинаётган мол-мулклар эса божхона органлари томонидан ушлаб қолиниши ва улар уч ой давомида талаб қилиб олинмаган ҳолларда суд қарори асосида давлат фойдасига ундирилиши белгилаб қўйилди.

 

Мазкур фармонда божхона органларига, тадбиркорлик субъектлари томонидан божхонага тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги ва уларнинг ташқи савдо фаолияти қонунийлигини текшириш мақсадида товарлар ва транспорт воситалари эркин муомалага чиқарилгандан сўнг ҳам уларнинг божхона назоратини амалга оширишдек фаолиятни белгилаб берди. Бу эса ташқи иқтисодий фаолият субъектлари маъсулиятини янада ошишига олиб келади.

 

Ушбу ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тузилмасида яна 3 та янги бошқармалар - божхона маъмуриятчилигининг илғор ва инновацион усулларини жорий этиш, хавфларни мониторинг қилиш ва баҳолаш, ташқи савдо операциялари ва божхона статистикаси мониторинги бошқармалари ташкил этилди. Уларнинг асосий вазифалари қаторида Бутунжаҳон савдо ташкилоти, Бутунжаҳон божхона ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларнинг стандартлари ҳамда тавсияларини таҳлил қилган ҳолда божхона ишини ривожлантириш, соҳавий қонун ҳужжатлар бузилиши хавфи юқори бўлган товар ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини назорат қилиш ҳамда ташқи савдо операцияларининг мониторингини ташкил этиш киритилди.Юқоридаги бошқармаларни ташкил этилиши тизимда инновацион технологиялар ва ривожланган давлатларнинг божхона тизимидаги илғор тажрибаларни қўллашни янада тезлаштиради.

 

Фармонда замонавий логистик марказларни ташкил этиш, жорий йилнинг 1 ноябригача Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексини янги таҳрирда ишлаб чиқиш вазифаси берилди.

Шунингдек, Фармонда белгиланган топшириқларнинг тўлақонли ижросини таъминлаш мақсадида Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 12 апрелида “Ўзбекистон Республикаси божхона хизмати органлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарор ҳам имзоланди.

 

Унда, божхона органларида таркибий-ташкилий ўзгаришлар назарда тутилган.Жумладан, Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати, ҳудудий божхона бошқармалари, ихтисослашган божхона комплекслари ва божхона постларининг наъмунавий тузилмалари, «Ўзбекистон Республикаси божхона органларида хизматни ўташ тўғрисида»ги Низом, «Ўзбекистон Республикаси божхона органларининг Интизомий устави» тасдиқланди.Улар билан божхона ходимларининг аниқ хизмат вазифалари, маъсулият ва бурчлари белгиланиб қўйилди. Шу билан бирга, божхона органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди. Унга асосан, хорижий давлатлар билан савдо-сотиқ операциялари соддалаштирилган божхона йўлаги тизими орқали амалга оширилади, яъни экспорт-импорт қилинаётган юклар бўйича хорижий давлатлар билан юк жўнатиш ва келишидан аввал ахборот алмашинуви йўлга қўйилади.Бу эса божхона кўригида хавф-хатардан огоҳ этиш тизимини қўллаш учун замин яратади. Ташқи иқтисодий фаолият субъектлари қанчалик ҳалол эканига қараб, уларни “яшил” ва “қизил” йўлаклар орқали ўтказиш жорий этилади. Барча ривожланган давлатларда божхона кўриги хавф-хатардан огоҳ этиш тизими орқали амалга оширилади.Бу ҳам давлат ресурсларини, ҳам тадбиркорларнинг вақтини тежайди.

 

Юқоридаги ҳужжатларда божхона соҳасида кадрлар тайёрлаш йўналишига ҳам катта эътибор қаратилди, жумладан божхона органларига божхона иши соҳасида илғор тажрибаларни, халқаро норма ва стандартларни тизимли ўрганиш, божхона органлари ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида ривожланган давлатларининг амалий тажрибаларни ўрганиш ва жорий қилиш, юқори профессионал кўникмага, маънавий-ахлоқий сифатларга ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусига эга бўлган кадрларни тайёрлаш, танлаш ҳамда жой-жойига қўйиш тизимини тубдан такомиллаштириш каби вазифалар белгилаб берилди.Ҳозирги кунда ушбу вазифалар Олий ҳарбий божхона институтида божхоначи кадрларни тайёрлашдаги фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш заруратини келтириб чиқаради.Яъни биринчи навбатда маънавий-маърифий, ўқув-тарбиявий ва илмий-тадқиқот ишларини янада такомиллаштириш, божхона органлари ходимларини тайёрлашдаги хорижий тажрибалар асосида ўқув режалари ва дастурлари ҳамда маъруза матнларини қайта кўриб чиқиш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш маъсулиятини юклайди.

 

Божхона қонунчилигидаги ушбу ўзгаришларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида божхона назорати ва расмийлаштирувининг мураккаб тартиб-таомиллари ҳамда уларнинг узоқ муддатларини қисқартириб, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширилишида турли бюрократик ғовларнинг бартараф этилиши ҳамда божхона тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминланишига катта ҳисса қўшади. 

 

Пардаев Тўлқин Насирович 

и.ф.н. доцент, 

Олий ҳарбий божхона институти

кафедра бошлиғи

 

20.05.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг