Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тошкентда темир йўл ташувлари ва олдиндан ахборот алмашинувига бағишланган минтақавий тренинг бошланди
227
2018 йил 17 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан БМТнинг Гиёҳванд моддалари ноқонуний айланмаси ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси билан ҳамкорликда Жаҳон божхона ташкилотининг Контейнер ташувлари устидан назорат бўйича глобал дастури доирасида минтақавий тренинг ўз ишини бошлади.
Тошкентда темир йўл ташувлари ва олдиндан ахборот алмашинувига бағишланган минтақавий тренинг бошланди

Унда АҚШ, Япония, Польша, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан ташриф буюрган экспертлар иштирок этишди.,

Тренингни ўтказишдан асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси ўртасида темир йўл транспортида ташилаётган юклар тўғрисида олдиндан ахборот алмашинуви тажрибасини Марказий Осиё давлатлари божхона хизматларига кўрсатишдир.

“Темир йўл ташувлари ва олдиндан ахборот алмашинуви” мавзусидаги 2 кунлик тренингда Давлат божхона қўмитасининг “Олот”, “Чуқурсой техник идора” ва “Яллама” чегара божхона постида хизмат қилаётган бир гуруҳ божхона ходимлари иштирок қилмоқда.

Тренингнинг очилишда Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари А.Асамов сўзга чиқди.

Таъкидлаш жоизки, Контейнер ташувлари устидан назорат бўйича глобал дастур денгиз ва қуруқликдаги портлар орқали контейнерлардан гиёҳванд моддаларни ташиш, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва бошқа шакллардаги ноқонуний фаолиятда фойдаланиш хавфини камайтириш борасида ҳукуматларга барқарор ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаларини ташкил қилишда ёрдам бериш учун ишлаб чиқилган.

Ушбу ёндашув давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралари (божхона, ички ишлар ва бошқалар) ходимларини қамраб оладиган назорат ишчи гуруҳларини ташкил этишни назарда тутади.

Ҳозирги кунда дастур 56 мамлакатни, жумладан Марказий Осиё давлатларини қамраб олган. Шунингдек, яна 6 та мамлакат мазкур дастурда иштирок этишга қизиқиш билдирган.

Ўзбекистонда мазкур лойиҳа “Марказий Осиё+Озарбайжон” йўналишида 2014 йилдан ўз ишини бошлаган бўлиб, бу борадаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази томонидан мувофиқлаштириб келинмоқда.

Дастур доирасида Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Чуқурсой техник идора” ва Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Ангрен” ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида назорат ишчи гуруҳлари ташкил этилган ва дастурни амалга ошириш учун масъул ходимлар белгиланган. Ишчи гуруҳлар ўз фаолиятларини тўлақонли амалга оширишлари учун тегишли бино ва хоналар, компьютер, мебель ва алоқа воситалари билан таъминланган.

Айни пайтда Дастур ташкилотчилари томонидан Ўзбекистондаги бу каби ишчи гуруҳларни яна 2 тага кўпайтириш, хусусан “Олот” ва “Яллама” чегара-божхона постларида ҳам ташкил қилиш ташаббуси илгари сурилмоқда.

Дастур техник кўмак кўрсатишни ҳам назарда тутган бўлиб, айни пайтда қиймати 96 минг АҚШ долларини ташкил қилувчи «HazMatID» русумли кимёвий моддалар бўйича портатив детектор жамланмаси Тошкент вилояти божхона бошқармасига тақдим қилинган.

Миллий ва минтақавий даражаларда мунтазам равишда ўтказилаётган ўқув курслари Дастурнинг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Ўқув курсларида иштирокчилар Жаҳон божхона ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган ContainerComm ахборот тизими билан ишлаш кўникмаларига эга бўлиб келишмоқда. Шунингдек, контейнерларни кўрикдан ўтказиш йўналишда хорижий ҳамкасблари билан малака алмашиш имкони ҳам туғилмоқда.

Ҳозирга қадар дастур доирасида 39 маротаба турли учрашув, тренинг, хизмат сафарлари ташкил қилинган бўлиб, уларнинг 13 тасида Давлат божхона қўмитаси ва унинг "Чукурсой Техник идора", "Ангрен логистика", "Олот" ва "Яллама" божхона постлари ходимлари иштирок этишган.

Табиийки, мазкур тадбирларда иштирок этиш ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Биргина "Чукурсой Техник идора" божхона пости ходимлари томонидан 2016-2017 йиллар давомида 13 та ҳолатда темир йўл орқали 3,4 млрд. сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Темир йўл ташувларини ва дастлабки маълумотларни алмашишни назорат қилиш бўйича ўтказилаётган мазкур минтақавий семинар дастлабки ахборот беришни ўз ичига олган, божхона назоратининг замонавий усулларидан фойдаланган ҳолда юқори хавфга эга товарларни аниқлаш доирасида божхона хизмати ва темир йўл ташувчилари ўртасида амалий ҳаракатларни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Муҳим жиҳатлардан бири шундаки, мазкур дастурнинг ҳам, ўтказилаётган тренингнинг ҳам мақсад ва вазифалари божхона органларида 2018 йилнинг сентябрь ойидан жорий қилинган Хавфни бошқариш тизимининг мақсад ва вазифалари билан кўп жиҳатдан уйғундир.

Хавфни бошқариш тизимида божхона органларининг асосий эътибори хавф даражаси юқори бўлган товарларга қаратилади ва минимал хавфга эга товарларга нисбатан божхона расмийлаштируви ҳалол ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини рағбатлантирган ҳолда соддалаштирилган ва тезлаштирилган тартибда ўтказилади.

Тренингда темир йўл ташувлари ва олдиндан ахборот алмашинув борасида Ўзбекистон тажрибаси юқори баҳоланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 25 сентябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига келадиган товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштиришда божхона тартиботларини соддалаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” 762-сон қарори ҳақида йиғилганларга батафсил тушунтиришлар берилди.

Ушбу ҳужжат автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти орқали Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига келадиган товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштиришда божхона назоратидан ўтказиш самарадорлигини таъминлаш, уларни расмийлаштиришдаги божхона тартиботлатрини соддалаштиришга қаратилган.

Тренинг мавзусидан келиб чиқсак, мазкур қарор билан темир йўл орқали Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига келадиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида электрон тарзда олдиндан хабардор қилиш тартиботини амалга ошириш схемаси ва бу жараёнда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган маълумотлар рўйхати тасдиқланди.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига келадиган товарлар ва транспорт воситалари, шунингдек, ҳаво ва темир йўл транспортида Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиладиган йўловчилар ва уларнинг багажи тўғрисидаги электрон маълумотларни айирбошлаш тизимини назарда тутадиган дастурий таъминотни устида ишлар олиб борилмоқда.

Тренинг ўз ишини эртага ҳам давом эттиради.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

17.10.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг