Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхонага ишга киритишни ваъда қилган фирибгарнинг бошқа қилмишлари ҳам фош бўлди
601
Божхона органлари тизимида коррупция кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш, халқнинг ишончини мустаҳкамлаш ва давлат божхона хизмати обрўсини ошириш мақсадида мунтазам равишда чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Божхонага ишга киритишни ваъда қилган фирибгарнинг бошқа қилмишлари ҳам фош бўлди

Хусусан, божхона органлари сафини кадрлар билан жамлаш ишларини адолатли ташкил этиш, бу жараёнда шаффофликни таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситаларига эълон бериш, ўқув муассасаларида учрашувлар ўтказиш орқали божхона органларига ишга кириш истагини билдирган ҳар бир фуқарога танловдан ўтиш имконияти яратиб берилди.

Ишга кириш истагини билдирган ҳар бир номзод божхона органларининг тегишли хизматлар масъул ходимлари билан коллегиал тарзда комиссия суҳбатидан ўтказилмоқда.

Аммо божхона органларига алоқаси бўлмаган фирибгарлар мўмай даромад орттириш мақсадида божхона органларига ишга олиб кираман деган ваъдалар билан баъзи ишонувчан юртдошларимизни чув туширишга ҳаракат қилмоқдалар. 

Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошкармаси Ўз хавфсизлик гуруҳи ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ана шундай фирибгар кимсаларнинг қинғир қилмишларига чек қўйилди.

Улар пойтахт ҳудудида божхона органларига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, фуқаролардан алдов йўли билан пул маблағларини ўзлаштиришга уринишгани маълум бўлди.

Аниқланишича, фуқаролар Г.И. ва Д.С. ўзаро тил бириктирган ҳолда фуқаро С.Н.га ўзларини божхона идораларининг масъул ходимлари деб таништиришган ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармасига ҳайдовчи лавозимига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 500 АҚШ доллари сўрашади.

Тезкор тадбир давомида фуқаро Д.С. сўралган пулнинг 300 АҚШ долларини фуқаро С.Н.дан пора тариқасида олаётган вақтида қўлга олинди.

Тезкор-суриштирув тадбирлари давомида фуқаро Г.И ўзини гўёки ҳуқуқни муҳофа қилувчи идораларнинг масъул ходими сифатида таништириб, бошқа фуқароларни ҳам алдаб, турли ваъдалар эвазига уларнинг пул маблағларини ўзлаштириб келганлиги маълум бўлди.

Жумладан, уй олиб бериш учун фуқаро Н.Х.дан 120 млн. сўм, автомашина олиб бериш учун фуқаро С.А.дан 3100 АҚШ доллари, фуқаро С.Н.дан 2800 АҚШ доллари, фуқаро Д.А.дан салкам 7 млн. сўм, ижарага автомашина олиб бериш учун фуқаро У.А.дан 100 АҚШ доллари олганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан  Ўзбекистон Республикаси  Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Агар Сиз давлат божхона хизмати органларига ишга кириш ва ҳужжатлар топшириш жараёнида божхона ходимларининг ёки бошқа шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига дуч келсангиз, Давлат божхона қўмитасига 11-08 қисқа рақамли ишонч телефони орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

19.10.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг