Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“ФАОЛ ТАДБИРКОРЛИК, ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАР ВА ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЙИЛИ”
852
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4848-сон Фармони асосида ташкил этилган Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Жамоатчилик маслаҳат кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
“ФАОЛ ТАДБИРКОРЛИК, ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАР ВА ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЙИЛИ”

Йиғилишда таклиф этилган Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлари, божхона органлари билан ҳамкорликда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида фаолият кўрсатиб келаётган вилоятнинг тегишли идора, ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек тадбиркорлик субъектлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни Жамоатчилик маслаҳат кенгаши раиси Э.Салихов олиб бориб, тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шароитлар яратиш ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш борасида вилоят божхона бошқармаси томонидан 2018 йилнинг иккинчи ярмида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот бериб ўтди.

Шунингдек, йиғилишда кун тартибидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги ПФ-5414-сон Фармонига мувофиқ божхона органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чоралар ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, имтиёз ва преференцияларни қўллаш тартибини такомиллаштириш ҳамда товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишни тартибга солиш бўйича янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

IMG_6332.JPG

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони асосида ташқи иқтисодий фаолият соҳасида давлат хизматларининг шаффофлигини ва улардан эркин фойдаланиш имкониятини, мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, экспорт-импорт операцияларининг мутаносиблигини таъминлаш тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш, аҳолининг турмуш шароити ва сифатини яхшилашнинг энг муҳим шартлари ҳисобланиши айтилиб, мазкур қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган талабларни давлат органлари ходимлари ва экспортёр корхоналар вакиллари ўртасида бир хил талқин этилишини таъминлаш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилиш давомида, бошқарма бошлиғи ўринбосари Ж.Кодиров сўзга чиқиб, бизнесни юритишдаги ортиқча бюрократик жараёнларни тубдан қисқартириш, хусусий мулкнинг дахлсизлигини ҳимоя қилиш ва кафолатлашнинг бозор ҳамда ҳуқуқий механизмларини мунтазам равишда изчил мустаҳкамлаб бориш, республикада инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган кучларни жамлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга янада кенг шарт-шароитлар яратиш мақсадида, Республика Ҳукумати томонидан маҳсулотларни экспорт қилиш тартибига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги қайд этиб ўтди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 463-сон Қарорига кўра жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари тасдиқланганлиги ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мазкур Қарор рўйхатида асосан 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис техникалари жой олган бўлиб, эндиликда уларни 1 календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтилиши мумкин.

Шунингдек, рўйхатда бошқа турдаги товарлар учун ҳам нормалар белгиланди. Яъни, эндиликда ҳар куни олиб ўтилаётган ҳар бир номдаги товардан 2 кг.гача рухсат этилади. Аммо, мазкур товарларнинг умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмаслиги кераклиги айтиб ўтилди.

Кун тартибидаги маърузалардан сўнг, учрашув очиқ мулоқот тарзида, яъни савол-жавоб шаклида ўтказилиб, тадбиркорлик фаолиятида учраётган муаммоли масалалар ўрганиб чиқилди.

Жумладан, “Самарқанд Пойафзал Класс” қўшма корхонасида тижорат ишлар бўйича директор ўринбосари Дилором Бабаева – хом-ашё товарларининг божхона қийматини пасайтириш бўйича ДБҚга таклиф бериш, “Ургут” эркин иқтисодий зона дирекцияси Давлат унитар корхонаси директори Ж.Хайдаров эса навбатдаги сайёр учрашувларни тадбиркорлар ҳузурида ўтказиш юзасидан таклиф беришди.

Йиғилиш муҳокамасида Халк депутатлари вилоят Кенгаши депутати, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталарининг бош муҳаррири Ф.Тошев, “Ургут” эркин иқтисодий зона дирекцияси Давлат унитар корхонаси директори Ж.Хайдаров, Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари З.Кабилов ва “Самарқанд Пойафзал Класс” қўшма корхонасида тижорат ишлар бўйича директор ўринбосари Д.Бабаевалар сўзга чиқди.

Йиғилиш муҳокамасига киритилган таклифлар ва қайд қилинган фикрлар асосида келгусида ҳам тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шароитлар яратиш ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш борасида ишлар самарадорлигини ошириш, профилактика ишларини давом эттириш, жисмоний ва юридик шахслар вакиллари томонидан тушган мурожаатларни, “Ишонч телефони”нинг узлуксиз ва самарали фаолиятини ташкил этиш, аҳоли ўртасида божхона органларининг фаолияти ва уни тартибга солувчи норматив-ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини етказган ҳолда ҳуқуқий саводхонлигини ошириш юзасидан тегишли чоралар белгилаб олинди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

30.06.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг