Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жиззахда яна бир замонавий агросаноат кластери қурилишига старт берилди
899
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 2018 йил 15-17 май кунлари ушбу мамлакатга расмий ташрифни амалга оширган эди. Таъкидлаш жоизки, мазкур расмий ташриф Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида қарор топган ўзаро ишонч ҳамда манфаатдорликка асосланган икки томонлама муносабатларнинг юксак босқичини – янги стратегик шериклик даврини бошлаб берди.
Жиззахда яна бир замонавий агросаноат кластери қурилишига  старт берилди

Икки томонлама савдо алоқаларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларида ҳамкорлик ва шу каби кўплаб муҳим келишувлар бугун ўзининг самарасини бермоқда.

Жумладан, Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 9 ноябрь куни имзоланган “Жиззах вилоятида замонавий агрокластер яратиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4009-сонли Қарор фикримизнинг амалий ифодасидир.

Куни кеча вилоятнинг Пахтакор туманида қад ростлаши режалаштирилган “Silverleafe BMB Agro Trade Group” МЧЖ номи остида фаолият кўрсатувчи замонавий агросаноат кластери қурилишига старт берилди.

Тадбирда Давлат маслаҳатчиси ўринбосари Н.Рустамбеков, Бош вазир ўринбосари Н.Отажонов, Жиззах вилояти ҳокими Э.Салиев ҳамда бир қатор мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари М.Салиев, Тўловлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ф.Файзуллаев, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Д.Юсупов ва бошқа тегишли ташкилот вакиллари иштирок этиб, мазкур агро кластер фаолиятини сифатли ташкил этиш бўйича юқоридаги қарорда белгилаб берилган вазифа ва топшириқлар билан бирма-бир танишиб чиқишди.

Ҳозирги кунда “Silverleafe BMB Agro Trade Group” МЧЖ га божхона тизимида кенг имтиёзлар яратиб берилмоқда. Жумладан, жамият номига олиб келинган вазни 212,12 тонна, қиймати 2718,66 минг АҚШ долларига тенг бўлган 10 та партиядаги қишлоқ хўжалиги техникалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари жорий йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида “божхона омбори” божхона режимига расмийлаштирилиб, импортёр томонидан ижарага олинган ўз омборига туширишга рухсат берилган.

Юқоридаги қарор доирасида санаб ўтилган қишлоқ хўжалиги техникалари ва уларнинг эҳтиёт қисмларига божхона тўловларидан имтиёзларни қўллаш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти вакиллари вилоятда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларининг фаолияти билан ҳам танишиб чиқишди. Улар “Jizzax textile” МЧЖ ва “Jizzax sanoat teks” МЧЖ да бўлишиб, ишлаб чиқарилаётган экспортбоп маҳсулот ва хомашёлар, у ердаги шарт-шароитларни кўздан кечириб, божхона тизимида яратиб берилаётган имкониятлар юзасидан тадбиркорларнинг таклиф ва фикр-мулоҳазаларини тингладилар.

Айтиш керакки, тизимда олиб борилаётган бу каби ҳамкорликдаги амалий ишлар, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш, пахта етиштиришнинг самарали усулларини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бошқа турларини ишлаб чиқариш, уларни қайта ишлашни ташкил этиш, шунингдек, ҳосилдорликни ошириш юзасидан амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар яқин келажакда ўзининг самарасини бериши ва юртимиз иқтисодиёти ривожига ижобий таъсирини кўрсатиши шубҳасиз.

 

13.11.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг