Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Самарқандда мева-сабзавотлар экспорти - эътибор марказида
647
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 17 октябрда “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3978-сон Қарорни имзолади.
Самарқандда мева-сабзавотлар экспорти - эътибор марказида

Самарқанд вилоят прокуратурасида вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда тадбиркорлар иштирокида ўтказилган тадбир айнан мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятига бағишланди.

Унда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов ҳамда бошқарманинг тегишли бўлимлари иштирок этиб, йиғилганларга қарорда божхона расмийлаштируви бўйича тадбиркорларга берилган имтиёзлар тўғрисида арофлича маълумот бериб ўтишди.

Жумладан, тадбирда маърузага чиққан вилоят божхона бошқармасининг Ташқи савдо операцияларини мониторинги ва божхона статистикаси бўлими бош инспектори Ш.Рахматов ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан маҳсулотларни экспорт божхона режимига расмийлаштиришда божхона органлари томонидан яратилаётган қулайликлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Эндиликда қарорга кўра, юридик шахслар экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотларини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз экспорт қилишлари мумкин.

Агарда, экспортдан тушумларни ўз вақтида таъминламаган ташкилотлар ноҳалол мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилар реестрига киритиладилар. Кейинчалик уларга нисбатан экспорт қилишда 100 фоизлик олдиндан тўлов олиш талаблари қўлланилади.

Тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Бунда якка тартибдаги тадбиркорлар мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган тушумдан ягона солиқ тўлови тўлашлари керак бўлади.

Экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, шунингдек товарларни божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш учун экспорт қилувчи жавобгар бўлади.

Шунингдек, божхоначилар тадбир қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Россия Федерациясининг Федерал божхона хизмати ўртасида “Товар ва транспорт воситаларини олиб ўтишда божхона операцияларининг соддалаштирилган тартибини ташкил этиш” тўғрисида имзоланган Битимга кўра яна бир қатор имтиёзлар берилаётганлиги тўғрисида ҳам тушунчалар бериб ўтишди.

Унда Битим объекти ҳисобланган қишлоқ хўжалиги махсулотлари экспорт қилинганида, қабул қилувчи мамлакатда товарлар божхона кўригидан озод қилиниши белгиланган.

Битимнинг 4-моддасига биноан “Соддалаштирилган божхона йўлаги” тартиби унда иштирок этишга хоҳиш билдирган ва томонлар давлатларининг қонунчилигига мувофиқ фаолияти божхона қонунчилигини бузиш хавфи паст бўлган тоифага кирадиган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Россия Федерацияси Федерал Божхона хизматининг 2018 йил 17 январдаги хатига асосан “Соддалаштирилган божхона йўлаги” доирасида Ўзбекистон Республикасидан Россия Федерациясига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришда ташкилотлар рўйхати келтириб ўтилган.

  Рўйхатга Самарқанд вилоятидан “Marokand Meva Sabzavot”, “Samarkand Parranda”, “Jomboy Intensiv Boglari” ва “Kattaqurgon Parranda” МЧЖ ташкилотлари киритилган.

Шунингдек тадбирда вилоят солиқ бошқармаси, банк ходимлари ва тегишли корхона ҳамда ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этишди.

Тадбирда тадбиркорлар божхона соҳасига оид саволлари билан мурожаат этишди. Барча саволларга божхоначилар аниқ ва тушунарли тарзда жавоблар беришди.

Самарқанд вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

14.11.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг