Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Навоийда тадбиркорлар билан учрашув ташкил этилди
812
Ҳар бир мамлакат тараққиёти ташқи иқтисодий алоқаларга бевосита боғлиқ ҳисобланади. Дунёдаги энг ривожланган давлатлар ҳам ташқи иқтисодий алоқаларсиз барқарор иқтисодиётга эриша олмайди.
Навоийда тадбиркорлар билан учрашув ташкил этилди

Албатта, бунда мамлакатда юритилаётган божхона сиёсати ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боисдан халқаро майдонда давлатимизнинг иқтисодий манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш, экспорт-импорт операциялари учун талаб этиладиган ҳужжатлар, сарфланадиган вақт ва харажатларни қисқартириш мақсадида божхона қонунчилигида ҳам бир қатор ислоҳотлар тизимли равишда амалга оширилиб келинмоқда.

Мазкур ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда уларнинг фаолиятида вужудга келаётган муаммоли вазиятларни ўрганиш мақсадида божхона бошқармасининг ташаббуси билан тадбиркорлик субъектлари иштирокида йиғилиш ташкил этилди.

Йиғилишда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Б.А.Қутлимуратов сўзга чиқиб, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида тадбиркорлик субъектларига бевосита божхона соҳасида яратилаётган қулайликлар ва берилаётган имтиёзлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3978-сон Қарори билан юридик шахсларга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқи берилганлиги шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида божхона кўригини амалга ошириш тартиби ҳам бекор қилинганлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5564-сонли Фармони билан жисмоний шахсларга умумий қиймати 5 минг АҚШ долларидан ошмайдиган товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга рухсат этилганлиги айтиб ўтилди.

Шундан сўнг, товарлар импортида божхона тўловларидан бериладиган имтиёз турлари, имтиёзни қўллаш тартиби, ҳамда мазкур имтиёзлардан Навоий вилоятида миқёсида самарали фойдаланиш мумкин бўлган жиҳатларига тўхталиб ўтилди. Хусусан, мамлакатимизда балиқчиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирш учун иссиқхоналар қуриш, чорвачилик, паррандачилик, тўқимачилик саноати ривожини қўллаб-қувватлаш шунингдек дон ва дон маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини ривожлантириш мақсадида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар орқали жорий этилган божхона имтиёзлари мазмун-моҳияти йиғилиш иштирокчиларига етказилди.

Йиғлиш савол-жавоб тарзида давом эттирилиб, тадбиркорларни қизиқтирган саволларга тегишли таркибий тузилма ходимлари томонидан жавоб берилди.

Навоий вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

16.11.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг