Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона органларида хавфни бошқариш тизимини жорий қилиниши тадбиркорлар учун қулайлик яратади
425
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида божхона органларида 2018 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари учун божхона кўригида хавф-хатардан огоҳ этиш тизими, яъни тадбиркорларнинг қанчалик ҳалол эканига қараб, уларни “яшил” ва “қизил” йўлаклар орқали ўтказишни жорий этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5414-сонли Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармон билан 2018 йил 1 сентябрдан божхона назоратини танлов асосида амалга оширилишини назарда тутадиган “Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими амалиётга киритилди.

Бу тизимдан самарали фойдаланиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси ходимлари томонидан Жаҳон божхона ташкилотининг халқаро стандартларига ва хавфларни бошқариш тамойиллари ҳамда хавфларни бошқариш тизимидаги асосий ҳужжатлар, Европа ва Осиё мамлакатлари (Буюк Британия, Финляндия, Япония, Малайзия, Россия, Қозоғистон ва бошқалар) амалиётлари ўрганиб чиқилди. Хусусан,  божхона жараёнларини соддалаштириш ва мувофиқлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Киото конвенцияси) умумий илова, Жаҳон божхона ташкилотининг халқаро савдо ва хавфсизликни таъминлашнинг асосий меъёрлари, Жаҳон божхона ташкилотининг савдони қулайлаштириш тўғрисидаги битими шулар жумласидандир.

Шунингдек, ХБТни жорий қилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан жалб қилинган “Реформатикc” консалтинг компаниясининг тезкор иқтисодий ўсиш ва инновацион ёндашувлар стратегиясини ишлаб чиқишда хизмат кўрсатувчи мутахассислар билан яқин алоқалар ўрнатилди. Улар томонидан ХБТни амалиётга киритиш юзасидан тайёрланган тавсиялар ва таклифлар эътиборга олинмоқда.

Ушбу тизимни тўлақонли амалга киритиш орқали “Ялпи” божхона назоратини ўтказишдан воз кечган ҳолда шакллантирилган хавф профиллари ёки тасодифий танлов асосида товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати қуйидаги йўлаклардан бирига йўналтирилган ҳолда амалга оширилади:

“Яшил йўлак” – хавф даражаси паст бўлган товар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона назоратининг муайян шаклларини қўлламасликни назарда тутувчи соддалаштирилган тартиб;

“Сариқ йўлак” – хавф даражаси ўрта бўлган ёки тасодифий танлов натижаси бўйича ушбу йўлакка ўтказилган товар ва транспорт воситаларига тегишли бўлган БЮД, ҳужжатлар ва маълумотларни текширишни назарда тутувчи тартиб;

“Қизил йўлак” - хавф  даражаси юқори бўлган ёки тасодифий танлов натижаси бўйича ушбу йўлакка ўтказилган товар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона назоратининг муайян шаклларини қўллашни назарда тутувчи тартиб;

“Кўк йўлак” – эркин муомалага чиқарилган товарлар устидан тасодифий танлов натижаси бўйича божхона назоратини қўллашни назарда тутувчи тартиб.

Бундан ташқари, ХБТни амалиётга татбиқ этиш орқали ТИФ иштирокчиларига қуйидаги қулайликлар яратилади:

  • ташқи савдо айланмасининг ошишига ва халқаро савдони ривожланишига эришилади;
  • ҳалол ТИФ иштирокчиларини рағбатлантиришга ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлиги ошади;
  • божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақтнинг қисқаради;
  • ҳар бир ТИФ қатнашчисига индивидуал баҳо бериш, ТИФ қатнашчиларини уларнинг ҳалоллигига қараб бир-биридан ажратиш, уларнинг вақтини ва харажатларини тежаш (қисқартириш) имконини беради;
  • ТИФ қатнашчиларига божхона кўригидан енгиллик яратилади;
  • ТИФ қатнашчиларининг товарлари айланмаси даврини қисқартиради.

Таъкидлаш лозимки, божхона органларига берилган барча маълумотларни текшириш ва ишончлилигини таъминлашнинг имконияти йўқ. Шу боис, божхона органларининг чекланган ресурсларидан энг катта самарадорлик билан фойдаланиш лозим ва эътиборни юқори ставкали, доимий характердаги божхона қонунчилигининг бузилиши ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларига путур етказадиган ёхуд давлатнинг бошқа манфаатларига таҳдид соладиган, ҳимоя қилиш божхона органлари зиммасига юкланган энг хавфли ҳолатларга ва етказиб бериш жараёнларига қаратишга катта эътибор берилади.

Аксинча, хавф-хатарлар бўлмаса ёки унинг эҳтимолий қонунбузилишларининг оқибатлари минимал даражада бўлса, божхона расмийлаштирувининг энг содда технологияларини қўлланилади ва транспорт воситаларининг кутиб қолиши, юкларни ташиш, уларни божхона терминалларида сақлаш билан боғлиқ асоссиз харажатларга йўл қўйилмайди.

22.11.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг