Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитасида кенгайтирилган хизмат йиғилиши бўлиб ўтди
420
Давлат божхона қўмитасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида давлат божхона хизмати органлари томонидан амалга оширилган ишларнинг таҳлили ва сарҳисобига қаратилган навбатдаги кенгайтирилган хизмат йиғилиши бўлиб ўтди.
Давлат божхона қўмитасида кенгайтирилган хизмат йиғилиши бўлиб ўтди

Йиғилишни Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Азимов олиб борди ва сўзга чиқди.

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати шахсий таркиби, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, “Тошкент-АЭРО” ИБК, Божхона институти ва Миллий кинология маркази раҳбарлари бевосита, ҳудудий божхона бошқармалари шахсий таркиби эса видеоконференция орқали билвосита иштирок этишди.

Муҳатарам Президентимиз таъкидлаганларидек, “Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт”. Бугун айни шу тамойил ўз хизмат вазифасини бажаришга киришаётган ҳар бир божхоначининг шиори ва дастурига айланмоғи лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сонли Фармони соҳанинг келгусидаги ривожида тарихий аҳамият касб этади.

Божхона тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни мувафаққиятли амалга оширилишини таъминлаш ва божхона органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига бир қанча қулайликлар яратиш мақсадида қабул қилинган ушбу Фармон билан  божхона органлари зиммасига қатор муҳим ва долзарб вазифалар белгиланган бўлиб, йиғилишда ушбу вазифаларни белгиланган муддатлардан кечиктирмай, сўзсиз ва сифатли бажариш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди.

Жумладан, бугундан – 2019 йил 1 декабрдан эътиборан тўлиқ ишга туширилган Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими кўмагида ҳалол ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантириш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақтнинг қисқартиришга эришишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд қилинди.

Таъкидлаш жоизки, эндиликда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси томонидан товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақти божхона постлари ходимлари фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичи  қилиб ҳисобланади.

Шу муносабат билан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси томонидан товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви учун сарфлайдиган вақти мониторинг қилиниб, натижалари бўйича божхона расмийлаштируви вақти тўғрисидаги статистик ахборот ҳар ойда Давлат божхона қўмитаси расмий веб-сайтига жойлаштириб борилади.

Хизмат йиғилишида эришилган натижалар билан бир қаторда йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам атрофлича танқидий таҳлил қилинди.

Жумладан, соҳада коррупция билан боғлиқ хунук ҳолатларнинг ҳамон кўзга ташланаётганлиги ва унинг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш зарурлиги қайд қилинди.

Давлат божхона хизмати органлари ходимларида энг аввало Ватанга мухаббат, миллий ғурур, қасамёдга садоқат каби олийжаноб туйғуларни шакллантирмай туриб, кўзланган марраларга эришиб бўлмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабли, Муҳтарам Президентимиз томонидан қайта ташкил қилинган Божхона институтида кадрлар тайёрлаш тизимини бутунлай ислоҳ қилиш, энг аввало бу даргоҳда ижобий муҳитни шакллантиришга эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.

Бундан ташқари аксарият камчиликларга божхона постларида кунлик амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш, камчиликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ва келгусидаги вазифаларни белгилаш талаб даражасида ташкил этилмаганлиги сабабли йўл қўйилаётганлиги қаттиқ танқид қилинди. Бунга йўл қўйган марказий аппарат ва ҳудудий божхона бошқармалари бошлиқларининг ахборотлари эшитилди.

Йиғилиш якунида божхона органларининг асосий вазифаларидан ҳисобланмиш - божхона тўловларини тўлиқ ундириш, давлат бюджетига ўтказиш ва белгиланган истиқбол режаларни  ижросини таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

1.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг