Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Ургут” эркин иқтисодий зонасида яна бир корхона ишга туширилди
166
“Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Kamalak tekstil” қўшма корхонасида гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш бошланди.
“Ургут” эркин иқтисодий зонасида яна бир корхона ишга туширилди

Туркиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда Ургут туманининг Мерганча массивида ташкил этилган корхонанинг умумий лойиҳа қиймати 32,7 миллион АҚШ доллари бўлиб, бу ерда йилига 6 минг тонна синтетик ип, 1 миллион 800 минг квадрат метр гилам, 2 миллион 400 минг  квадрат метр тафтинг ва сунъий чим ишлаб чиқарилади.

Дастлабки босқичда 26,2 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилиб, гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва 150 та янги иш ўрни яратилди. Корхона тўла қувват билан иш бошлагач, яна 80 киши доимий иш билан таъминланади.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Ургут туманида Туркия фирма ва компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган ўнлаб корхона фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, “Urgaz Carpet” корхонасида “URGAZ” бренди билан чиқарилаётган гилам ва гилам маҳсулотлари нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам ўз харидорларига эга.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги ПФ-4931-сон Фармони билан “Ургут” эркин иқтисодий зона (ЭИЗ) ташкил этилган.

Ҳозирда мазкур эркин иқтисодий зона ички бозорларимиздан тортиб, ташқи бозорларгача ўзи ишлаб чиқараётган турли хил маҳсулотларни етказиб бермоқда.

Бугунги кунда Самарқанд вилоят божхона бошқармаси томонидан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси иштирокчиларига қулайлик яратиш мақсадида “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг “Ургут” божхона пункти фаолияти ташкил этилган. Мақсад битта, у ҳам бўлса тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш.

Ҳозирда “Ургут” ЭИЗда фаолият кўрсатувчи 67 та корхоналарнинг ишлаб чиқариш лойиҳалари эркин иқтисодий зоналар маъмурий кенгаши томонидан тасдиқланган.

17.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг