Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони учун янги талаблар тасдиқланди
651
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 18 декабрь куни “Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 1028-сон қарори қабул қилинди.

Қарор билан божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш бўйича Низомлар тасдиқланди.

Таъкидлаш жоизки, божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони ташқи иқтисодий фаолият ва товарлар етказиш жараёнидаги муҳим воситалардан бири ҳисобланади.

Мазкур воситаларнинг янада такомиллаштирилиши товарларнинг божхона расмийлаштируви билан боғлиқ божхона жараёнларининг тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Айни пайтда республикамизда 330 дан ортиқ божхона омборлари ва эркин омборлар бор. Аксарияти, замонавий, тегишли ускуналар билан жиҳозланган, катта ҳажмли ҳисобланса, қолганлари орасида унчалик катта бўлмаган, боз устига товарларни тўғри сақланишини таъминлай олмаётганлари ҳам бор. Бундан ташқари Ўзбекистонда 6 та бож олинмайдиган савдо дўконлари фаолият юритмоқда.

Эндиликда божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолияти учун лицензияларни расмийлаштириш электрон шаклда “Лицензия” ахборот тизимлари комплекси орқали амалга оширилади. Шунингдек, лицензиялар чекланмаган муддатга берилади.

Лицензия олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар сони ҳам сезиларли равишда қисқартирилди. Масалан, давлат ёнғин хавфсизлиги ва санитария назорати идоралар хулосаси, божхона омборларида сақланиши лозим бўлган товарлар рўйхати, божхона омборининг тури (очиқ ёки ёпиқ) ҳақидаги маълумот ва бошқалар эндиликда талаб қилинмайди.

Аслида божхона омборлари фаолиятининг такомиллашувида уларнинг  логистика марказлари ва транспорт магистралларига яқин ҳудудда жойлашуви муҳим роль ўйнайди. Аммо, қонунчилигимизда божхона омборларининг жойлашувига доир аниқ талаблар мавжуд бўлмагани сабабли,  ҳозирда уларнинг бир қисми нисбатан зич бўлган аҳоли пунктларига яқин жойлашган.

Қарор билан эндиликда божхона омборларининг транспорт магистраллари ва логистика марказларигача бўлган максимал масофаси 3 км қилиб белгиланди.

 Омборларни замонавий технология ва жиҳозлар билан жиҳозлаш масаласи ҳам долзарб ҳисобланади. Ваҳоланки, ҳозирда омборлардаги мавжуд жиҳозлар асосан фақатгина ўлчаш ва ёнғинга қарши воситалардан иборат бўлиб қолган, холос.

Омборлар фаолиятига автоматлаштирилган ахборот тизимларининг жорий этилиши,  омборларнинг божхона идоралари билан ахборот алмашиниш учун видеокузатув тизими ҳамда оптик толали алоқа тармоғи билан таъминланиши технологик жараёнларни масофадан туриб самарали назорат қилиш имконини беради.

Божхона омборларида энди ҳудуди 40 м2 дан кам бўлмаган камида 1 та ёпиқ кўрик майдончаси ҳам бўлиши талаб этилади.  Божхона омборида товарларни ортилиши, туширилиши ва қайта юкланиши фақатгина кўрик майдончасида амалга оширилади.

Шунингдек, божхона омборлари иншоотларининг божхона режимларидан келиб чиқиб зоналарга ажратилиши, иншоотларнинг иккита қулф билан қулфланиши, каби талаблар ҳам бекор қилинди. Божхона омборлари камида 2 метр баландликда тўсиқ билан ўралиши лозим.

Бож олинмайдиган савдо дўкони эса Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасини кесиб ўтадиган жисмоний шахслар учун халқаро алоқа учун очилган аэропортларда, портларда ва жисмоний шахслар томонидан чегарани кесиб ўтишга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси орқали бошқа ўтказиш пунктларида очилиши ва фаолият кўрсатиши мумкин.

Эндиликда божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўконларирда видеокузатув тизими орқали ёзиб олинган тасвирларни 3 ойгача сақланиши талаб этилади.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

 

18.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг