Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Хорижий юк ташувчиларнинг республикамиз ҳудуди бўйлаб транзит ҳаракатланиши учун мўлжалланган йўналишлар сони қарийб икки баробарга кўпайди
471
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб транзит ҳаракат қилиши учун мўлжалланган йўналишлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” 2011 йил 9 декабрдаги 323-сонли қарорига мувофиқ, хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб транзит ҳаракат қилиши учун мўлжалланган йўналишлар рўйхати белгиланган.

Мазкур қарор билан дастлаб, хорижий юк ташувчиларнинг республикамиз ҳудуди бўйлаб транзит ҳаракатланиши учун мўлжалланган йўналишлар сони 44 та этиб белгиланган бўлса, кейинчалик Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги 492-сонли қарори билан янги йўналишлар қўшилиб, хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб транзит ҳаракат қилиши учун мўлжалланган йўналишлар сони 52 та этиб белгиланди.

Республикамизда сўнгги йилларда олиб борилаётган аҳил қўшничилик ва халқаро алоқаларни ривожлантиришга асосланган очиқ ва оқилона сиёсат натижасида, нафақат қўшни давлатлар, балки МДҲ давлатлари ва бошқа хорижий давлатлар билан барча соҳаларда алоқалар янада мустаҳкамланиб, республикамизга ташриф буюрувчи сайёҳлар, ишбилармон доиралар сони кундан-кунга ортиб бормоқда.

Масалан ўтган 2017 йилнинг 11 ойи давомида мамлакатимиз чегаралари орқали жами 236 558 та автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 536 195 тани ташкил этди. Шунингдек, 2017 йилнинг мос даврида жами 19 568 321 нафар фуқаролар сарҳадларимиз орқали ҳаракатланган бўлса, жорий йилнинг 11 ойи давомида 37 301 268 нафар фуқаролар ҳаракатланишган.

Йўловчи ва транспорт воситалари сонининг йилдан-йилга ошиб бориши эса республикамизга ташриф буюрувчи фуқаролар ва хорижий ташувчилар учун қўшимча қулайлик ва шароитлар яратишни тақозо этади.

Республикамизнинг транзит салоҳиятини янада ошириш, бу борадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида, Давлат божхона қўмитаси томонидан билдирилган таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 9 декабрдаги 323-сон қарори билан тасдиқланган “Хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб транзит ҳаракат қилиши учун мўлжалланган йўналишлар рўйхати”га Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 декабрдаги 1022-сон қарори билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

“Мазкур қарор талабларига мувофиқ, хорижий автоташувчилар транзит тарзда ҳаракатланиши мумкин бўлган йўналишларнинг сони 47 тага кўпайтирилиб, жами 99 тани ташкил этди, шу билан бирга ҳаракат йўналишлар сони ортиши билан ўз навбатида хорижий автоташувчилар транзит тарзда ҳаракатланиши мумкин бўлган чегара божхона постлари сони ҳам ортди” – дейди ДБҚ Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси ўринбосари А. Мухаммадиев.

Юқоридагилар билан бирга, қарор билан эндиликда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб транзит ҳаракатланаётган хорижий автотранспорт воситаларидан товарларни миллий ташувчиларнинг автотранспорт воситаларига мазкур қарорда белгиланган йўналишларга кирмайдиган жойларда жойлашган (транспорт ҳужжатларида кўрсатилган) божхона омборхоналарида божхона назорати остида қайта юклаш операцияларини амалга ошириш рухсат этилди.

Илгари, реcпубликамиз ҳудуди орқали танзит ҳаракатланиш учун қатъий белгиланган йўналишларнинг камлиги сабабли, хорижий ташувчиларга ноқулайликлар туғдираётганлиги, шунингдек, республикамизнинг транзит салоҳиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатаётган эди.

Бугунги кунда, божхона постларининг янгидан ташкил этилиши, шунингдек, илгари фаолияти тугатилган постларнинг  қайта ташкил этилаётганлиги ва уларга халқаро мақомнинг берилиши хорижий автоташувчиларнинг мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиши учун шарт-шароитлар яратилаётганлиги, республикамизнинг транзит салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

 Давлат божхона қўмитаси

Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси

 

21.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг