Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Она тилимизни мусаффолигини, тароватини сақлаб қолиш барчамизнинг элу юрт олдидаги муқаддас бурчимиздир
256
Она тилимизни мусаффолигини, тароватини сақлаб қолиш барчамизнинг элу юрт олдидаги муқаддас  бурчимиздир
Жаҳонда ўз она тилини улуғламаган, унинг шаъни, обрўси учун курашмаган халқни топиш мушкул. Тилда ҳар бир халқнинг асрлар давомида босиб ўтган йўли, тарихи, миллий қадриятлари, урф-одатлари, маданияти ва санъати, маънавияти ўзининг яққол ифодасини топган бўлади. Шу боис уни кўнгил мулкининг бебаҳо гавҳари, дури каби сақлайдилар, ўрни келганда кўкрагини қалқон қилиб ҳимоялайдилар ҳам.
Она тилимизни мусаффолигини, тароватини сақлаб қолиш барчамизнинг элу юрт олдидаги муқаддас  бурчимиздир

Бунга мисол, собиқ тузум ҳукмрон бўлиб турган 1989 йилда Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши истиқлолга эришиш йўлидаги энг муҳим қадам бўлганди. Ватанимиз мустақилликка эришгач она тилимиз ўзининг ҳақиқий ўрни ва мавқеига эга бўлди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили тўғрисида"ги қонунининг қабул қилиниши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос ва бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди. Истиқлол шарофати билан тилимизга, унинг сайқал топишига эътибор янада ортди. Тил - инсон қиёфаси ва ички гўзаллигини намоён этадиган энг гўзал туйғудир. Ўз тилига меҳр-муҳаббатли инсон халқини, Ватанини, миллий қадриятларини, маданий меросини ҳам эъзозлайди. Бежизга бундан беш аср илгари Алишер Навоий бобомиз "Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз" дея ёзмаган эди.

Тилнинг вазифалари адоқсиз ва у ўз зиммасига юклатилган барча вазифаларини бекаму кўст адо этишга қодир. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгандан кейинги 31 йиллик тарихимизни кўздан кечирадиган бўлсак, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз.

XXI аср ўз кўлами ва шитоби билан инсоният тарихида ўзига хос чуқур из қолдирмоқда. “Глобаллашув асри”, “Юксак технологиялар замони”, “Техникавий инқилоблар даври” деб аталаётган дунёнинг бугунги манзарасида тил ва уни ўрганишга муносабат масаласи ҳамон ўта муҳим аҳамият касб этмоқда. Негаки, дунёнинг нариги чеккасидан бу чеккасига узатилаётган ошкора ва пинҳона, расмий ва норасмий маълумотларнинг барчаси муайян тил ёки махсус кодлар орқали амалга оширилмоқда. Шунинг учун жаҳон халқларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий ва маърифий ҳаётида улар томонидан қўлланилаётган миллий тилларга жуда катта эҳтиёж сезилмоқда. Бу эҳтиёж туфайли баъзи бир тилларнинг нуфузи кундан-кунга ошиб бораётган бўлса, баъзи тиллар таназзулга юз тутмоқда.

Биз ўзбек тилининг дунёдаги нуфузини ошириш мақсадида инглиз, рус ҳамда бошқа тилларда ўзбеклар ва ўзбек тили бўйича келтирилган халқаро миқёсдаги маълумотларни илмий асосланган, расмий тан олинган манбалар асосида ўзбек миллатининг дунёдаги ўрнини ва жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини холисона кўрсатиб беришимиз зарур.

Она тилимиз юртимиздаги қадим ва муқаддас, мўъжизавий булоқлардек тоза ва мусаффо, истеъмолга доим яроқли бўлиши шарт. Унинг ички имкониятлари чексиз ва мислсиздир. Ундан ўринли фойдаланиш, тилнинг софлиги, табиийлиги учун курашиш, оғзаки ва ёзма нутқда тил меъёрларига тўлиқ риоя қилиш, она тилининг булоқдек мусаффолигини, тароватини сақлаб қолиш барчамизнинг элу юрт олдидаги шарафли ва айни чоғда муқаддас бурчимиздир.

Хоразм вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

11.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг