Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Боғот узумлари жаҳон бозорида
267
Боғот узумлари жаҳон бозорида
Хоразм вилояти боғбонлари томонидан етиштирилган сарҳил мевалар, хусусан, узум жойлардаги совутгичларга жамланиши билан бир қаторда чет элга ҳам экспорт қилинмоқда.
Боғот узумлари жаҳон бозорида

Мамлакатимиздаги тадбиркор ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда кенг имконият ва қулайликлар яратилмоқда. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларига хориж давлатларида талаб юқори.

Вилоятда етиштирилиб, экспортга йўналтирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг қарийб 99 фоизи Россия ва МДҲ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 4 миллион 500 минг АҚШ долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хорижга экспорт қилинган бўлса, умумий экспорт ҳажмининг тўртдан бир қисмини узум маҳсулоти ташкил этади.

Боғот туманида мавсум бошидан буён биргина узумнинг ўзидан 1 миллион АҚШ долларга яқин маҳсулот экспорт қилинди. Токзорларда ҳосилни йиғиб олиш ишлари ҳали давом этмоқда. Бу йил туманнинг Деҳқонбозор қишлоғидаги “Жаннат боғи” фермер хўжалигининг токзорларида ҳам узум ҳосили мўл бўлди. Етиштирилган узумнинг деярли ҳаммаси олдинги йиллардаги каби хорижга экспорт қилинади.

– Қишлоғимизда аксарият аҳоли узум етиштириш билан шуғулланади, – дейди "Жаннат боғи" фермер хўжалиги раҳбари Гулчеҳра Давлатова. – Аҳолининг асосий даромади ҳам узумчиликдан. Бизнинг токзорларимизда ҳам узумнинг “Тойфи”, “Келин бармоқ”, “Кетмон софи”, “Қора ниқобли”, “Ҳусайни” ва “Ризамат ота” каби турлари экилган. Мевага кирган токларимиз ёшига қараб, 10 килограмдан 25 килограмгача ҳосил беради. Хўжалигимизда 11,5 гектар майдонда экспорт учун энг қулай узум нави бўлган “Тойфи” узуми экилган. Маҳалладошларимизнинг 25 нафарини мавсумий ишга жалб қилганмиз. Келгуси йилда 10 гектар интенсив узумзордаги ҳосилни ҳам экспорт қилишни бошлаймиз.

Мавсум қисқа, ҳосил эса кўп. Хориждан талаб ҳам кун сайин ортмоқда. Ташқи бозордан харидор топиш ва маҳсулотни тезроқ экспорт қилишда эса фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари божхона тартиботлари, мавжуд янгиликлар ва қулайликлар билан яқиндан танишиб боришлари лозим. Шу нуқтаи назардан вилоят божхоначилари ҳам тадбиркорлар ва фермерларга амалий ёрдам кўрсатмоқда. Боғотда етиштирилаётган узум маҳсулотларини экспортга расмийлаштириш жараёнлари асосан Хоразм вилояти божхона бошқармаси “Урганч” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида амалга оширилиб, тадбиркорларга ҳуқуқий кўмак ва амалий ёрдам ҳам кўрсатилмоқда.

– Узум маҳсулотини махсус автотранспорт восиларига ортиш асосан салқин ҳавода, кечқурун амалга оширилишини инобатга олиб, расмийлаштирув жараёнларини қисқа муддатда амалга ошириш бўйича божхона постида туну-кун навбатчилик ташкил қилинган, – деди Хоразм вилояти божхона бошқармаси “Урганч” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости катта инспектори Ғайрат Замонов, – Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари енгиллаштирилган божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда. Яъни, жорий қилинган Хавфни бошқариш автоматлаштирилган ахборот тизими орқали сариқ ва яшил йўлакларда амалга оширилмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорти учун кетган вақт ўртача 35-40 дақиқани ташкил этмоқда. Бу эса ўз навбатида тадбиркорларимизни вақти ва маблағини тежайди.

Боғларда етиштирилган меваларни истеъмолчиларга сифати бузилмасдан етказиб бериш ҳамда узоқ муддат сақлаш катта аҳамиятга эга. Бунда замонавий совутиш омборлари ҳамда қуритиш технологияларининг ўрни жуда муҳим. Мамлакатимизда Президентимизнинг қарор ва фармонларига асосан шу йўналишда олиб келинаётган замонавий техника ва технологияларга божхона тўловларидан имтиёз берилган.

Тумандаги “PERFECT LOGISTICS” масъулияти чекланган жамияти берилган имтиёзлардан фойдаланиб 1600 тонналик сиғимга эга мева ва сабзавотларни сақлаш ва қуритишга мўлжалланган совуткич омборини ишга туширди. Лойиҳа қиймати 2 миллион 600 минг АҚШ долларини ташкил этган қурилмаларни хориждан олиб келишда божхона органлари томонидан 10 миллиард 332 миллион 32 минг сўм божхона тўловларидан имтиёз берилган.

– Бугунги кунда давлатимиз томонидан тадбиркорларимизга берилаётган кенг имкониятлар ва қўлланилаётган имтиёзлар асосида юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавотларни узоқ муддат сақлаш ва экспорт қилиш мақсадида замонавий музлаткич ҳамда қуритишга мўлжалланган технологияларни корхонамиз омборхоналарига ўрнатдик, – дейди “PERFECT LOGISTICS” МЧЖ иш юритувчиси Отабек Матчонов. – Натижада 50 нафар янги иш ўринлари яратилди. Совутгич омборхонамизда 12 та камера бўлиб, ҳар хил меваларни ўзига яраша махсус шароитда сақлаш имконияти мавжуд. Тумандаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан етиштирилган меваларни қабул қиламиз ва экспорт қилингунга ёки бозорга олиб кетилгунга қадар сақлаймиз. Мева ва сабзавотларни кластер усулида ҳам қабул қиламиз.

Диёримизда етиштирилаётган сархил мевалар хуштаъми ва сифати билан жаҳон бозорларида бренд маҳсулотларга айланган. Шартномалар сони кўпаймоқда. Давлатимиз томонидан қонунга итоаткор ва ҳалол тадбиркорларнинг хорижга экспорт қилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмаётганлиги, чегара божхона постларида юк машиналари навбатсиз ҳаракатланишга рухсат берилаётгани маҳсулотларни хориждаги ҳамкорларга тезроқ етиб боришини таъминлаётир. Бу ўз навбатида мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутган экспорт ҳажмининг ортишига хизмат қилмоқда.

Тадбиркорлар билан учрашувлар якунида, божхона расмийлаштируви бўйича юзага келиши мумкин бўлган муаммоли масалаларни ўз вақтида ўрганиш ҳамда бартараф этиш, шунингдек божхона соҳасига доир масалалар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг туну-кун фаолият кўрсатувчи 11-08 “Ишонч телефони”га ва Хоразм вилояти божхона бошқармасининг 62 227-70-11 рақамига мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

29.09.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг