Божхона органларининг очиқлик соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш ёки кўламини кенгайтириш таклифлар

Очиқлик ва шаффофлик – коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга хизмат қилувчи энг самарали воситалардан биридир. Шу боисдан мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, очиқлик тамойилларининг таъсирчан шаклларини жорий этиш, давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича бошлаган ишлар тобора қатъий ва изчил тус олмоқда.

Шаффофлик замирида иқтисодий хавфсизлик шиори остида фаолият олиб бораётган давлат божхона хизмати органларида ҳам фаолиятнинг очиқлигини таъминлаш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июндаги «Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-154-сон Фармонидан келиб чиқиб, божхона органларининг Очиқлиги концепцияси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.

Муҳтарам Президентимиз 2023 йил 29 август куни Божхона қўмитасига амалга оширган ташрифи давомида, қўмитада ташкил этилган “Call маркази” маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишган эди. Дарҳақиқат, очиқлиқни таъминлашнинг энг муҳим йўналиши мурожаатлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришда намоён бўлади.

Божхона қўмитасининг расмий-веб сайтида мурожаатни янада осон ва қулай тарзда юбориш имконияти – “Мурожаат йўллаш” электрон хизмати жорий қилинган.

Пировардида буларнинг барчаси Очиқлик индексида Давлат божхона қўмитасининг ўрнини яхшилаш билан бир қаторда коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш ҳамда коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштиришга хизмат қилади.

Божхона қўмитаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими таклифига асосан, ходимларнинг иш фаолияти самарадорлигини баҳолашга қаратилган “Самарадорлик” ахборот тизимида айнан очиқликни таъминлашга масъул қилиб бириктирилган 22 нафар ходимларнинг фаолият мезонларига “Очиқ ва ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни эълон қилишмезон кўрстакичини киритиш таклиф қилинди ва мазкур таклиф амалиётга жорий қилинди.

Шунингдек, бўлим томонидан илгари сурилган таклифга асосан, 9 декабрь - Халқаро коррупцияга қарши кураш куни" муносабати билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ноанъанавий ва креатив очиқ мулоқотга ташкил қилди. "Аксилкоррупция ҳафталиги" доирасида Божхона институтида бўлиб ўтган тадбирда нафақат таниқли экспертлар ва санъаткорлар иштирок этди, балки курсантлар ижросидаги саҳна кўринишлари намойиши, коррупция мавзусидаги тасвирий санъат ишлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Шунингдек, 2024 йилда Божхона қўмитасида очиқликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида жамоатчиликни кенг хабардор қилиб бориш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ахборот хизмати раҳбари Ҳ.Тангриев иштирокида “2024 йилда Божхона органлари фаолиятини рақамлаштириш йўналишида олиб борилаётган чора-тадбирлар” мавзусида брифинг ташкил қилинди. 

Мазкур йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан Божхона қўмитасининг очиқлик таъминлашга қаратилган тадбирларни мониторинг қилиш ҳамда доимий равишда комплекс баҳолаш бўйича ишчи гуруҳ томонидан турли таклифлар ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ қилинмоқда.

2025 йил 25 февраль куни ташкилотларда рақамли трансформация ҳолатини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, 91 та ташкилот иштирокида ўтказилган рейтингда Божхона қўмитаси 98,9 фоиз натижани қайд этиб, 1-ўринни қўлга киритди. 

Божхона органларида коррупцияга қарши курашиш йўналишида очиқликни таъминлашда таъсирчан ва креатив усуллардан фойдаланишгга алоҳида эътибор қаратилиб, қўшиқ тайёрланиб, унга мусиқий видеоклип ҳам тасвирга олинди.

Шунингдек, бугунги кунда қўмита ходимлари очиқлик индекси юзасидан эълон қилинаётган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар билан яқинроқ таништириш ҳамда уларда очиқ маълумотларга оид тушунчани янада бойитиш мақсадида Божхона қўмитасида ҳар сешанба кунлари ташкил қилинадиган  хизмат тайёргарлиги машғулотларида "Очиқ маълумотлар билан ишлаш" мавзусида махсус ўқув дарси ташкил қилиш таклифи илгари сурилмоқда.