Олиб ўтилиши чекланган товарлар

Товарларни олиб ўтишда мавжуд чеклов ва таъқиқлар 

Давлат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини, инсон ҳаёти
ва соғлиғини сақлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, миллий ва маънавий қадриятларни сақлаб қолиш, Ўзбекистон Республикаси ва бошқа мамлакатлар халқларининг маданий бойликларини, мулк ҳуқуқини, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқни, олиб кирилаётган товарлар истеъмолчиларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ айрим товарларни
ва (ёки) транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳамда ушбу ҳудуддан олиб чиқиш тақиқланиши мумкин.

Олиб кириш тақиқланган товарлар:

Давлат ва жамият тузумини қўпоришга, ҳудудий яхлитлик, сиёсий мустақиллик ва давлат суверенитетини бузишга йўналтирилган, уруш, терроризм, зўравонлик, миллий устунлик ва диний нафратни, ирқчилик ва унинг турлари (антисемитизм, фашизм)ни тарғиб қилувчи босма асарлар, қўлёзмалар, клишелар, расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино-, видео- ва аудиомаҳсулотлар, грамзапислар, овозли материаллар, шунингдек, порнография мазмунидаги материаллар.

Асос: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 декабрдаги ПФ-5286-сонли Фармони

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари асосида экспорт қилинадиган буюмлар
ва маҳсулотлар:

  1. Чорва моллари, парранда;
  2. Гўшт ва қўшимча озуқабоп гўштли маҳсулотлар;
  3. Дон: буғдой, жавдари буғдой, арпа, сули, маккажўхори, гуруч, гречиха;
  4. Ун, ёрма;
  5. Полиэтилентерефталат (ПЭТ) чиқиндилари, парчалари ва қириндилари;
  6. Чарм хом ашёси (ностандартлари ҳам), момиқ мўйна хом ашёси, шу жумладан қоракўл (ностандартлари ҳам);
  7. Титишга яроқли ипак қурт пилласи, ипак хом ашёси (ўралмаган);
  8. Рангли металл парчалари ва чиқиндилари;
  9. Катта қимматга эга бўлган бадиий, тарихий, илмий ёки бошқа маданий (Маданият вазирлигининг хулосасига кўра) қадимий буюмлар (расмлар,ҳайкалтарошлик асарлари ва бошқалар).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида бериладиган лицензиялар бўйича экспорт-импорт қилинадиган махсус товарлар:

  1. Қурол-яроғ ва ҳарбий техника, уларни ишлаб чиқариш учун махсус бутловчи буюмлар;
  2. Уран ва бошқа радиоактив моддалар, улардан тайёрланган буюмлар радиоактив моддаларининг чиқиндилари;
  3. Радиоактив моддалардан фойдаланилган приборлар ва асбоб-ускуналар;
  4. Қимматбаҳо металлар ва улардан тайёрланган бошқа буюмлар.

Асос: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги ПФ-5215-сон Фармони.

Транзит олиб ўтишдаги чекловлар:

Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 21 февралдаги 62-сон қарорига мувофиқ ҳарбий ва хавфли юкларни транзит олиб ўтиш учун Транспорт вазирлиги ва Мудофаа вазирлигининг рухсатномалари талаб этилиши белгиланган.

Шунингдек, қуйидаги ҳужжатлар билан товарларни олиб кириш бўйича тақиқлар ўрнатилган:

  • Вазирлар Маҳкамасининг 15.05.1998 йилдаги 213-сон қарори билан Этил спиртини транспортнинг ҳар қандай турида олиб кириш тақиқланган;
  • Вазирлар Маҳкамасининг 20.02.2013 йилдаги 50-сон қарори билан Лазерли қурилмаларни олиб кириш тақиқланган;
  • Вазирлар Маҳкамасининг 16.08.2007 йилдаги 176-сон қарори билан Пул ютуғига эга бўлган ўйин автоматларини олиб кириш тақиқланган;

Бундан ташқари, қуйидаги ҳужжатларда рухсатнома ва сертификатлар талаб этиладиган товарлар рўйхатлари мавжуд:

  • Вазирлар Маҳкамасининг 11.04.2023 йилдаги 148-сон қарорида ветеринария назорати остидаги товарлар рўйхати тасдиқланган;
  • Вазирлар Маҳкамасининг 12.11.2015 йилдаги 330-сон қарори билан Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, олиб чиқиш ва муомаласи чекланган гиёҳвандлик воситалари ва прекурсорлар рўйхати тасдиқланган;
  • Вазирлар Маҳкамасининг 06.05.2004 йилдаги 213-сон қарори портловчи материалларни олиб кириш тегишли рухсатномалар асосида амалга оширилиши белгиланган;
  • Вазирлар Маҳкамасининг 23.09.2023 йилдаги 491-сон қарорида ўсимликлар каратантини ва ҳимояси агентлигининг назоратидаги товарлар рўйхати тасдиқланган;
  • Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 январдаги 43-сон қарори билан Мажбурий экологик сертификатланиши лозим бўлган маҳсулотлар ва чиқиндилар рўйхати, Санитария-эпидемиологик хулосага мос келадиган маҳсулотлар рўйхати ва Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулотлар рўйхати тасдиқланган.