Божхона қўмитасида Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси билан учрашув бўлиб ўтди.

Улашинг

16-04-2024

Божхона қўмитасида Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Мухаммадали Искандарий билан учрашув бўлиб ўтди.

Божхона қўмитаси Раиси А.Мавлонов делегация аъзоларини ташриф билан қутлар экан, сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон-Эрон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга ва янги поғонага кўтаришга қаратилган фаол ташқи сиёсат юритилаётганлигини алоҳида қайд этди.

Хусусан, 2023 йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити тадбирлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Президенти Иброҳим Раисий  ўртасида ўтказилган икки томонлама учрашув Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо, инвестиция, инновация ва транспорт соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
 
Иккала мамлакат ўртасида  амалга оширилаётган очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон-Эрон ўртасида ташқи савдо айланмаси сўнгги бир йилда сезиларли даражада, яъни 24 фоизга ошди. 

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги божхона ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар.

Ташриф сўнгида Эрон элчиси М.Искандарий Ўзбекистон божхона хизматини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, айниқса, соҳани рақамлаштириш борасида эришилган ютуқларни алоҳида эътироф этди.