Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар қарийб 3,5 миллиард сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини фош этишди
1488
Қонунбузарлардан бири қўлга олиниш жараёнида қочишга уринган
Божхоначилар қарийб 3,5 миллиард сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини фош этишди

Божхона ходимлари сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тиббиёт анжомларини ноқонуний айланмасига қарши кескин кураш олиб боришмоқда.

Жорий йилнинг 20-21 апрель кунлари Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ана шу каби йирик қонунбузарлик ҳолатлари фош этилди. Самарқанд вилояти Булунғур туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро З.Х. бошқарувида бўлган  “Нексия” русумли автоулов кўздан кечирилганда, муқаддам қўшни давлатдан айланма йўллар орқали Навоий вилоятига олиб келинган 10,6 минг донадан ортиқ дори воситалари ва 64 дона электр ҳисоблагичлар борлиги аниқланди.

Мазкур автоулов билан биргаликда Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётган, фуқаро М.Қ. бошқарувидаги яна бир “Нексия” русумли автоулов ҳам тезкор кузатувга олинди. Автомашинадаги юклар Зангиота туманидаги хонадонлардан бирига туширилаётган вақтда, давлат божхона хизмати органлари ходимларини кўриб қолган шахс дарров рулга ўтириб, қочишга уринди.

Унинг қочишга уриниши бекорга эмас экан. Ушбу юклар туширилаётган хонадон кўздан кечирилганда эса бу ерда ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 1081 дона дори воситалари, 330 кг. мис, 49 дона электр ҳисоблагичлар  борлиги аниқланди.

“Бузоқнинг югургани сомонхонагача” деганларидек, халқимиз саломатлигидан кўра ўзининг жиғилдонини кўпроқ ўйлаган ушбу шахс тезкор тадбир давомида Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида ашёвий далиллар билан божхоначилар томонидан  қўлга олинди.

Унинг бошқарувидаги автомашина кўздан кечирилганида, автомашинада ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 14 685 дона тиббиёт буюмлари ва дори воситалари, алкоголли ичимликлар учун мўлжалланган 400 минг дона қалбаки  акциз маркалари, 830 дона болалар сўрғичи ва 36 дона электр ҳисоблагичлар борлиги аниқланди.

Юқоридаги тезкор тадбир натижасида умумий қиймати тахминан 1,9 млрд. сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган товар-моддий бойликларнинг ички ҳудудда ноқонуний айланиши олди олинди.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳам шу каби қонунбузарлик ҳолатини фош этишди. “Наманган-Тошкент” йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган фуқаро Х.Ғ. бошқарувидаги юк автоулови Тошкент вилояти Оҳангарон туманида тўхтатилиб кўздан кечирилди.

Натижада, ушбу юк автомашинасида фуқаро М.Ю. томонидан олиб кетилаётган, муқаддам қўшни давлатдан айланма йўллар орқали олиб кирилган қиймати тахминан 1,5 млрд. сўмлик 11,7 минг донадан ортиқ “Herbalife” брендига тегишли косметика воситалари, биологик фаол қўшимчалар ва бошқа хўжалик моллари борлиги аниқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан фош этилган божхона қонунбузилиши ҳолатида эса “Саратов-Тошкент” халқаро йўналишидаги поезд йўловчиси, фуқаро Х.О.нинг қинғир қилмишлари фош этилди. Ушбу шахс  хорижда ишлаб чиқарилган, қиймати 75 млн.  сўмлик 3000 дона “Кетгут” номли жарроҳликда фойдаланиладиган тиббиёт ипларини перронда ноқонуний тушириб қолдираётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Рақамларга мурожаат қилсак, 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида давлат божхона хизмати органлари томонидан 210 та ҳуқуқбузарлик ҳолатида 9,5 млрд. сўмлик сифати кафолатланмаган тиббиёт буюмлари ва дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

22.04.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг