Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
26 январь - Давлат божхона хизмати органлари ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди
540
Шу кунларда халқимиз Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси шукуҳи билан яшамоқда. Мурожаатнома юртдошларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини яна бир карра мустаҳкамлади.
26 январь - Давлат божхона хизмати органлари ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди

Бугун эса яна бир муҳим сана: 26 январь – давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни.

Касб байрами божхоначиларнинг Президентимиз Мурожаатномаси таассуротларига ҳамоҳанг кечаётгани билан ҳам ёдда қоларли.

Зеро, Муҳтарам Юртбошимиз Мурожаатномада давлат божхона хизмати органлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни ҳам белгиладилар.

Божхоначилар куни муносабати билан 2020 йил 25 январь куни ташкил этилган тантанали тадбирда ҳам Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти йиғилганларни табриклар экан, асосий эътиборни айни шу жиҳатларга қаратишди.

Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг тобора дунёга юз очаётгани, халқаро алоқалар, хусусан ташқи савдонинг янада кенгаяётганлиги божхонадаги рақамларда ҳам намоён бўлади.

2019 йилда республикада ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланганлар 8.3 минггга ортиб, 28 минг 306 нафарни ташкил қилди. Республикамиздан дунёнинг 90 дан ортиқ давлатларига 9.2 млрд. АҚШ доллари қийматидаги товарлар экспорт қилинди.

2019 йилда давлат бюджетига божхона тўловларидан 17.1 трлн. сўм ундирилган. Тадбиркорларга эса божхона тўловларидан 59.6 трлн. сўмлик имтиёзлар қўлланилди.

Яна бир жиҳат: 2016 йилда республикамиз чегара-божхона постлари орқали 15,3 млн. нафар жисмоний шахслар ҳамда 760 мингта авто ва темир йўл транспорти воситалари ҳаракатланган бўлса, 2019 йилга келиб  ҳаракатланган жисмоний шахслар 42.6 млн. нафарга, авто ва темир йўл транспорти воситалари 2 млн. 560 мингтага етди.

Божхона соҳасида 2019 йилнинг энг мухим воқелиги – бу Хавфни бошқариш тизимининг ишга туширилганлиги бўлди. 

Тизим ишга тушгач, ялпи божхона кўригидан ўтказиш амалиётидан бутунлай воз кечилди. Товар ва трансопрт воситаларини божхона назорати ва расмийлаштирувида “яшил”, “сариқ”, “қизил” ва “кўк” йўлакларнинг ишга туширилиши натижасида экспорт операцияларини амалга ошириш бўйича сарфланган ўртача вақт 4.5 мартага, импортда эса 2 мартага қисқарди.

2020 йил - Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида ҳам давлат божхона хизмати органлари фаолиятида маъсулиятли ва вазифаларга бой йил бўлади.

Божхоначилар 2020 йилни ҳам илғор инновацион янгилик билан қарши олишди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси ва қарори асосида «Ягона дарча» божхона ахборот тизими жорий қилинди.

Давлатимиз томонидан барча соҳаларда бўлгани каби божхона соҳасида ҳам ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, хусусан, соҳа инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш, ходимлар учун меҳнат ва яшаш шарт-шароитларини янада яхшилаш борасида доимий равишда улкан ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.

Касб байрамини Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара-божхона пости ходимлари ҳам янги хонадонларда қарши олишмоқда.

2019 йилда Нукус шаҳридан 450 км масофада, Қўнғирот туманининг мамлакатимизнинг шимолий дарвозасида жойлашган “Қорақалпоғистон” посёлкасида, 6000 м2 майдонда 2 та икки қаватли 32 хонадондан иборат хизмат уйлари қад ростлади.

Яна бир янгилик – яқинда божхона органлари автопарки республикамизда ишлаб чиқарилган сўнгги русумдаги замонавий автотранспорт воситалари билан тўлдирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги божхона бошқармалари учун жами 52 та автотранспорт воситалари хизматда фойдаланиш учун топширилди.

Албатта йил давомида амалга оширилган ишлар ўзининг муносиб эътирофини топиши аниқ. Тантанали тадбирда тизимда ўрнак кўрсатиб келаётган бир гуруҳ ходимлар тақдирланишди.

Шунингдек, байрам муносабати билан божхона ходимлари ўртасида ташкил этилган спорт мусобақаларнинг ғолибларига ҳам диплом ва эсдалик совғалар тантанали равишда топширилди.  

Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати

26.01.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг