Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияни олдини олишда унга қарши курашиш маданиятини шакллантириш зарур
421
Ҳозирги глобаллашув жараёнида, минтақалар ва давлатлараро интеграция жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция барча мамлакатларда ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқариб, жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини солмоқда.
Коррупцияни олдини олишда унга қарши курашиш маданиятини шакллантириш зарур

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунида коррупцияга шундай таъриф берилган: «Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш». Соддароқ айтганда, коррупция давлат идораларида ишловчи шахсларнинг ўз амалидан фойдаланиб, шахсий манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйишлари, ноқонуний моддий ёки номоддий бойлик орттиришларидир.

Бугунги кунда бошқа вазифалар қатори коррупция иллатига барҳам бериш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки бирон бир давлатга сармоя киритиш истагида бўлган инвестор, энг аввало, ўша давлатдаги инвестицион иқлимнинг барқарорлигига, яратиб берилган шарт-шароитлар, имкониятлар ва албатта ҳуқуқий кафолатларга қизиқади. Ўша давлатда тамагирлик, коррупция ҳолатларига йўл қўйилмасагина инвестиция киритишга бел боғлайди.

Дарҳақиқат, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бугунги кунда ниҳоятда долзарб масала бўлиб, бу борада нафақат масъул идоралар, балки кенг жамоатчилик ҳам ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлмоғи мақсадга мувофиқдир. Шундан келиб чиқиб, қаердадир коррупция, тамагирлик, ҳолатларига дуч келсак, ҳар биримиз бу нохуш ҳодисага нисбатан бефарқ бўлмаслигимиз ва бу иллатга қарши курашиш барчамизнинг бурч ва масъулиятимизга айланмоғи даркор. Бошқача ифодалаганда, адолатсизликка нисбатан муросасиз бўлишни ўзимиздан бошлашимиз зарур.

 Зеро, бу борада ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи қонуний асосда қатъий кафолатланган. Яъни, "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахслар ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган.

 

8.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг